Линклар

Ўш қирғини ҳақидаги “Ўтмиш ва келажак оралиғида” фильмини Ўзбекистон ҳудудида намойиш қилиш тақиқлаб қўйилди. “Ўзбеккино” миллий агентлиги ўзининг бу ҳақдаги қарорини 16 март кунги хати билан фильм муаллифи кинорежиссёр Абдулазиз Маҳмудовга маълум қилди.


Мактубда айтилишича, мазкур қарор агентлик Экспертлар комиссиясининг 2012 йил, 14 март кунги мажлиси хулосасига биноан қабул қилинган.

Комиссия раиси Саодат Хўжаева воқеани шарҳлашдан бош тортди.

Бироқ Озодлик ихтиёрида Экспертлар комиссиясининг 14 март кунги йиғилиши баённомасидан кўчирма борки, ундан комиссия аъзоларининг бевосита фильмга ҳамда билвосита Ўш воқеаларига муносабатини билиш мумкин.


“Фильм, фильм, фильм”

“Ўзбеккино” миллий агентлиги Экспертлар комиссияси йиғилиши баённомасини ўқир экансиз, совет мультипликатори Федор Хитрукнинг 1968 йилги “Фильм, фильм, фильм” мультфильми бот-бот ёдга тушаверади.

“Фильм, фильм, фильм”да унинг қаҳрамонлари – кино ижодкорларининг ташвишлари, шу жумладан совет цензураси енгил кулги билан кўрсатилган бўлса, “Ўзбеккино” экспертлари билдирган фикрлардан кулги пайдо бўлмайди.

Уларни ўрганар экансиз, Махмудовнинг фильми тўғрисида ҳам, комиссия аъзоларининг ҳаётий позициялари тўғрисида ҳам анчайин тасаввурга эга бўласиз.

Маҳмудовнинг фильми нима ҳақда?

Комиссия аъзоси Б. Суюновга кўра, “Мазкур ҳужжатли фильм Қирғизистон воқеалари, шунингдек собиқ СССРда рўй берган тарихий воқеа-ҳодисаларга бағишланган”.

Комиссия раиси С. Хўжаева фильм мавзуини янада аниқроқ тушунган: (C. Хўжаеванинг баённомада русча берилган фикрини оригиналда келтирамиз) “Документальный фильм Абдулазиза Махмудова посвящен событиям 2010 года, происшедшим в киргизских городах Оше, Жалалабаде и Бозоркургане, которые привели к массовому уничтожению этнических узбеков, проживающих на территории Киргизии”.

Шу мавзуда фильм қилиш керакмиди?

Комиссия раиси С. Хўжаеванинг бу масаладаги позицияси ўз ифодасини баённомада аниқ-тиниқ топган: “Этот исторический факт (события 2010 года) должен был быть освещен кинематографистами, потому как мы не можем быть безразличными к этим трагическим событиям”.

Шуни таъкидлаб қўйишимиз керакки, баённома мазмунига қараганда, комиссия мажлисида фильм ўрганган воқеа - Ўш фожеаси юзасидан аниқ позицияни фақат С. Хўжаева билдирган. Бошқалар тилга ҳам олмаган.

Фильмнинг сифати қандай?

Комиссия аъзоси Х. Тангриевга кўра, “Фильмда операторлик, монтаж, ва мусиқа имкониятларидан аъло (!) даражада фойдаланилган. Шунингдек, тарихий кадрлардан фойдаланиш мазкур фильмнинг энг катта ютуғи, деб ҳисоблаш мумкин”.

Комиссия аъзоси Д. Мардонова эса, “Аммо очиқ айтиш керак, фильм профессионал даражада”, деган.

Комиссия аъзоси Х. Сатторов ҳам Махмудовни мақтаган: “Муаллиф имконияти даражасида материаллардан самарали фойдаланган”.

Комиссия раиси С. Хўжаева фикрича, Абдулазиз Махмудов суратга олган фильм илмий жиҳатдан ҳам пишиқ-пухта ишланган: “Фильм в целом подтверждается историческими фактами и документами”.

Бу баҳоларни ўқиган-эшитган қандай киши хайрон бўлиши, унда нима учун фильмни тақиқлашди, деган саволга жавоб излаб қолиши аниқ.

Жавоблар ҳам баённоманинг ўзида.

“Тегишли идоралар кўригидан ўтиши зарур”

Комиссия аъзоси Қ. Шокировнинг кўнглидан ўтган “Этник масалаларни қўзғашга ўхшаб туюлди”, деган гап комиссиянинг бошқа барча аъзолари кўнглидан ўтгани кўриниб турибди.

Шунинг учун комиссия аъзолари масъулиятни бўйинларидан соқит қилишга уринган.

Комиссия аъзоси Б. Суюнов бундай деган: “сценарийни тегишли давлат органлари (Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги) экспертларидан ўтказиш тавсия қилинади”.

Худди шундай фикрни комиссиянинг яна 4 аъзоси билдирган.

Фақат бир нарса тушунарсиз: миллатлараро можаро ҳақида фильм қилган муаллиф қандай қилиб “этник масалаларни қўзға”маслиги мумкин эди?!

“Ўзбекистонни мардикор боқмаяпти”

Афтидан, Абдулазиз Маҳмудов ўзининг “Ўтмиш ва келажак орлиғида” фильмини суратга олиш олдидан “тегишли идоралар” рухсатини олмагани унинг катта айби ва бу айб унинг фильми тақдирини ҳал қилди.

Йиғилиш давомида билдирилган бошқа танқидий фикрлар ҳал қилувчи хулосага келиш учун хизмат қилиши керак бўлган ёрдамчи фикрлардай туюлади.

Комиссия аъзоларидан бири Ўзбекистон ҳукумати, хусусан президент Каримовнинг Ўш фожеаси кунларидаги хизматлари фильмда тилга олинмаганини кўрсатиб ўтса, бошқаси муаллифнинг талаффузидаги нуқсонларни танқид қилади.

Комиссиянинг бир неча аъзоси эса, “Куч ишлатар тизимлар” деган иборага қарши. “Қуролли Кучлар тизимлари ёки ҳуқуқ-тартибот идорлари деб ўқилиши лозим”, деган аъзо.

Комиссия аъзолари мардикорларнинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни тўғрисидаги муаллиф фикрига ҳам қарши чиққанлар.

Масалан, комиссия аъзоси М. Қўчқоров бундай деган: “Недостоверным является утверждение автора в закадровом тексте о том, что экономика нашей страны строится на средства полученные от гастарбайтеров из Узбекистана, работающих в России”.

Бошсиз таналар ва беадаб қушлар

Абдулазиз Махмудов ўз фильми билан комиссия аъзоларининг эстетик дидларига тажовуз қилгани ҳам баённомада акс этган.

Масалан, комиссия аъзоси М. Қўчқоров “Касаясь художественной стороны материала, отмечу, что излишний натурализм в показе обезображенных трупов на меня повлиял угнетающе”, деб зорланса, комиссия аъзоси Қ. Шокиров фильм муаллифини ҳайкални танимаган қушларни суратга олганликда айблайди: “Хиёбондаги йигит ва қизнинг хафалашиб ўтирганини кўрсатиб, Ўзбекистонда ҳам жанжаллашадиган турадиган оилалар учраб туради дейди. Уларнинг ҳали оила қуришмагани шундоққина кўриниб турибди-ку! Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳайкалига қушлар қўниб турган ҳолатини ҳам атайлаб суратга олишган деб ҳисоблайман”, деган М. Қўчқоров.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги Экспертлар комиссияси аъзоларининг Ўш қирғини ҳақидаги “Ўтмиш ва келажак оралиғида” фильми тўғрисидаги фикрлари билан танишиш жараёнида пайдо бўлган саволларимизни фильм муаллифи, кинорежиссер Абдулазиз Маҳмудовга бердик.

“Ўзбеккино” ўз қарори билан Ўзбекистон ҳукуматининг Ўш фожеасига муносабатини очиқлади”



“Ўзбеккино” жавоб бермади

Биз, табиийки, “Ўзбеккино” миллий агентлигига ҳам, агентлик Экспертлар комиссиясига ҳам воқеани шарҳлаб беришини сўраб мурожаат қилдик.

Бироқ агентлик раҳбари ўринбосари, комиссия аъзоси Манноп Қўчқоров ҳам, Комиссия раиси Саодат Хўжаева ҳам саволларимизга жавоб беришни истамади.

Мақолани Федор Хитрукнинг 1968 йилги “Фильм, фильм, фильм” мультфильмини эслашдан бошлаган эдик.

Хотима ўрнида режиссëр Темурмалик Юнусовнинг 90-йилда суратга олинган “Тангалик болалар” фильмидан (сценарий муаллифи Рихсивой Муҳаммаджонов) бир парча томоша қилинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG