Линклар

Араб лигаси саммити олдидан Ироқда зўравонликлар авж олди


Ироқда Араб Давлатлари лигаси саммитига тайёргарлик кетаётган бир пайтда, сешанба куни мамлакат бўйлаб рўй берган портлашлар оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам жароҳатланди.

Мамлакат жанубидаги Карбало шаҳрида 13 киши ҳалок бўлди. Уларнинг кўпчилиги шиалар учун муқаддас саналадиган зиёратгоҳга кетаётганладир.

Киркук шаҳрида рўй берган портлашларда ҳам 13 киши, аксари полициячилар ҳалок бўлиб, 60 га яқин одам жароҳатлангани айтилмоқда.

Шунингдек, Бағдод, Самарра, Ҳилла, Байжий, Дақуқ, Дулуйа ва бошқа шаҳарлардаги портлашларда ҳам талафотлар бўлди. Ҳужумлар учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олганича йўқ.

Сешанба кунги зўравонликлар Ироқ ҳукумати келаси ҳафта Бағдодда Араб Давлатлари лигаси саммитига мезбонлик қилишга тайёргарлик кўраётган пайтга тўғри келди. Бу саммит Ироқда кейинги 20 йил ичида биринчи марта ўтказилмоқда.
XS
SM
MD
LG