Линклар

АҚШ Эронда ахборот блокадасига қарши чоралар дастурини ишлаб чиқди


АҚШ Президенти Барак Обама.

АҚШ Президенти Барак Обама.

АҚШ маъмурияти Эронда “электрон пардани” ёриб ўтиш бўйича янги чоралар кўрилишини эълон қилди.

АҚШ Президенти Барак Обама сешанба куни Наврўз байрами муносабати билан Эрон халқига қилган мурожаатида бу мамлакатга ахборотнинг эркин кириб боришини таъминлашга қаратилган чоралар дастури бошланишини эълон қилди.

- Бугун менинг маъмуриятим америкалик тадбиркорларнинг Эронга компьютер дастурлари ва хизматларни етказишини осонлаштирувчи, пировардида Эрон халқининг Интернетдан фойдаланишини осонлаштирувчи йўриқномани эълон қилмоқда, деди АҚШ президенти.

Обаманинг видео мурожаати форс ва инглиз тилларидаги субтитрлар билан эълон қилинди.

Унда Обама Эрон ҳукуматини ўз фуқароларини “электрон парда” билан ўраб олганликда айблади.

Айни пайтда АҚШ Молия вазирлиги Эронга экспорт қилиниши мумкин бўлган хизматлар ва компьютер дастурлари рўйхатини эълон қилди. Молия вазирлигига кўра, бундан мақсад Эронга нисбатан жорий қилинган санкцияларнинг эронликларга коммуникация воситаларини етказувчи ширкатлар фаолиятига “исталмаган салбий таъсири” олдини олишдан иборатдир.

АҚШ Молия вазирлиги Эронга компьютер дастурлари билан боғлиқ махсулотлар экспортига оид биринчи йўриқномани 2010 йилнинг мартида маъқуллаган. Янги йўриқноманинг эълон қилиниши Эрон режими Интернет устидан назоратни кучайтираётгани, хусусан эронликларнинг жаҳон тармоғига киришини чекловчи миллий интернет тармоғини йўлга солиш режаларини эълон қилган пайтга тўғри келмоқда.
XS
SM
MD
LG