Линклар

logo-print

Ўзбекистонда Chevrolet Malibu йиғилмоқда

  • Барно Анвар

GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарила бошлаган Chevrolet Malibu автомобили, маълумотларга кўра, июн ойидан сотувга чиқади.

GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарила бошлаган Chevrolet Malibu автомобили, маълумотларга кўра, июн ойидан сотувга чиқади.

GMнинг энг олиймақом автомобилларидан бири бўлган Chevrolet Malibu автомобилининг Ўзбекистондаги нархи 53 минг АҚШ доллари атрофида бўлади.


Chevrolet Malibu - фақат ўзбекистонликлар учун!


Тошкентда GM Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарила бошлаган Chevrolet Malibu автомобили 20 март куни жамоатчиликка тақдим этилди.

Бизнес-класс автомобиллари тоифасига кирувчи Chevrolet Malibu, айрим маълумотларга кўра, GM Uzbekistan қўшма корхонасининг Тошкент авиазаводи базасида ташкил этилган заводида йиғилмоқда.

169 ва 263 от кучи қувватига эга бўлган мотори тўрт цилиндрли, 2,4 литр ҳажмли Chevrolet Malibu автомобили GM Uzbekistan қўшма корхонасининг Ўзбекистонда аввал йиғилган автомобилларидан замонавий хавфсизлик тизими ва чиройли интерьери билан ажралиб туради.

Корхонанинг ўзидан олинган маълумотга кўра, бу русумдаги автомобиллар ҳозирча фақат ички бозор учун чиқарилади.

Ҳали республика автосалонларида пайдо бўлмаган, аммо харидорлар томонидан аллақачон турнақатор навбат йиғиб улгурган автомобилнинг нархи 92 миллион сўмдан 99 миллион сўмгача, яъни 53 минг АҚШ долларидан 56 минг АҚШ долларигача бўлмоқда.


Бугун олишингиз мумкин, аммо минишингизга бир йил бор!

Тошкентдаги автосалонлардан бирининг сотувчисига кўра, тез орада сотувга чиқиши кутилаётган автомобилнинг сони жуда-жуда чекланган ва ҳозирданоқ сотиб бўлинган.

- Бизнинг салон кичкина. Бизга тўртта берилди. Лекин ҳаммасига шартнома тузиб бўлинган, яъни сотиб бўлинган. 99 миллион сўмдан. Агар сиз олмоқчи бўлсангиз, шартнома тузиб қўйишимиз мумкин, лекин машинанинг ўзини кейинги йил оласиз, - деди Тошкент шаҳридаги автосалон сотувчиларидан бири.

Унга кўра, 99 миллион сўмлик нарх Chevrolet Malibuнинг энг қиммат русумига белгиланган нарх. Ҳали бу автомобилнинг арзон русумдаги моделлари учун шартнома тузиш ҳам бошлангани йўқ.

Автосалон ходими ёзларга бориб, Chevrolet Malibuнинг арзонроқ русумлари бўйича ҳам нархлар келиши ва шунингдек, бу автомобилни АҚШ долларида сотиб олиш имкони ҳам пайдо бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Автомобилнинг тақдимот маросимида айтилишича, 2012 йил охиригача 5 минг дона Chevrolet Malibu чиқариш режалаштирилган. Сотувга эса шу йилнинг июн ойида чиқиши расман эълон қилинди.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси Ўзбекистонда 2008 йилда ташкил қилинган.

Ҳозирги кунда GM Uzbekistan қўшма корхонаси Lacetti, Nexia, Matiz, Spark, Damas, Captiva ва Epica автомашиналарини ишлаб чиқармоқда.

Корхона ходимлари бу автомобилларнинг аксарияти ички бозор учун чиқарилаётганини айтмоқда ва автосалонлардан олинган маълумотларга кўра, автомобилларнинг савдоси жуда чаққон.

Жумладан, GM Uzbekistan қўшма корхонасида чиқарилган энг сўнгги русумдаги - Captiva ва Epica автомашиналарини ҳам шу бугун эмин-эркин сотиб олишнинг имкони йўқ.

Автосалонларга бориб, ўзингиз исталган русумдаги автомобил учун шартнома имзолашингиз ва қоғозда сотиб олишингиз мумкин. Аммо, жумладан, Captivaни 3-4 ой, Sparkни эса камида 3 ой кутишингизга тўғри келади.

Маълумки, Ўзбекистонда хориждан келтирилган автомобиллар учун давлат божи 100 фоиздан ортиқроқни ташкил қилади.

Шу боис, мамлакат аҳолиси аввалига 1996 йилда Жанубий Кореянинг Daewoo, кейин эса АҚШнинг General Motors компаниялари билан биргаликда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий автомобилларни сотиб олиш билан чекланиб келмоқда.

Бу ҳол Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг ички бозордаги нархи сунъий равишда ошишига олиб келаётган омиллардан асосийси ҳисобланади.


Ўзбекистонлик харидорга ўзбекча нарх

Chevrolet Malibu русумидаги автомобилнинг General Motorsнинг АҚШдаги заводи томонидан ишлаб чиқарилган моделлари учун энг арзон нарх океан ортида 22 минг 110 АҚШ доллари қилиб белгиланган.

Океан ошиб, Россия бозорига келгунча бу автомобил учун энг арзон нархи 41 минг АҚШ долларидан ошиқроққа тушади.

Ўзбекистоннинг ўзида эса бу автомобилни сотиб олиш учун камида 53 минг АҚШ доллари тўлаш керак.

Ҳозирча GM Uzbekistan қўшма корхонаси Ўзбекистон ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун белгиланаётган нарх ва бу нархнинг мамлакат ички бозори ҳамда ташқи бозордаги тафовутлар ҳақида очиқ-ойдин маълумот бермай келмоқда.

2008 йилнинг мартидан иш бошлаган General Motors билан ҳамкорликдаги GM-Uzbekistan қўшма корхонаси капиталининг 25 фоизи GM, 75 фоизи эса –“Ўзавтосаноат” акциядорлик ширкатига тегишли.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG