Линклар

logo-print

Автоҳалокатда андижонлик йигитлар ўлди


Автобусга урилган андижонликлар ўтирган Нексиядан қолгани шу бўлди.

Автобусга урилган андижонликлар ўтирган Нексиядан қолгани шу бўлди.

Пятигорск шаҳрига ишлаш учун кетаëтган андижонлик тўрт йигит ўтирган Нексия машинасининг ҳайдовчи ухлаб қолгани боис автобус тагига кириб кетгани тахмин қилинмоқда.

Йигирма биринчи март куни соат кечки 01:10 дақиқаларда Ставропольедаги Будённовск-Арзгир автотрассасининг 55-километрида Махачқалъа-Ростов маршрути бўйича кетаётган СЕТРАS215 рейс автобуси билан ДЭУ НЕКСИЯ автомобили юзма-юз тўқнашди, дейди ҳодиса тафсилотларини Озодликка гапириб берган Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ставрополье ўлкаси бўйича Бош бошқарма расмийси Олег Дегтярёв.

- Автоҳалокат содир бўлди: ДЭУ НЕКСИЯ автомобили СЕТРА автобуси билан тўқнашди. Ҳалокат оқибатида автомобилда кетаётган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Дастлабки тахминларга кўра, енгил автомобил ҳайдовчиси рулда ухлаб қолган ва қарама-қарши йўлакка чиқиб кетган, дейди ўлка ФВВ матбуот котиби Олег Дегтярев.

Вазирлик ходими автоҳалокат натижасида СЕТРА автобусида Ростовга кетаётган 36 нафар йўловчи, жумладан 4 та болага зарар етмагани, йўловчилар махсус транспорт билан Ростов-Донга юборилганини қўшимча қилди.

Айни пайтда Озодлик мухбири Арзгир тумани Петропавловское қишлоғи ёнида нобуд бўлган ўзбекистонликлар шахсини аниқлаш мақсадида Ставрополье ўлкаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси (ГИБДД) Бош бошқармасига мурожаат қилди.

ГИБДД Бошқармасининг мазкур ҳодиса юзасидан тафтиш олиб бораётган ходими Алексей Валешинга кўра¸ ўзбекистонлик йигитлар Астрахан божхона хизмати пунктидан ўтиб¸ Пятигорск шаҳрига кетаëтган бўлган.

- ДЭУ НЕКСИЯ автомобилини 1991 йил 26 апрелда туғилган¸ Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Марҳамат тумани Қорақўрғон қишлоғининг Юламатов кўчасида истиқомат қилган Умаров Ҳайдаржон Қобилович бошқарган. Қолган марҳумлар ҳам худди шу қишлоқдан, бир кўчадан экан. Иккинчиси - 1991 йилда туғилган Эргамов Аброр Анварович, учинчиси - 1991 йилда туғилган Алиев Даврбек Давронбек ўғли, ва охиргиси - 1984 йилда туғилган Холиқов Зокирбек Баҳромович, дейди Ставропол Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси ходими Алексей Валешин.

Алексей Валешин тилга олган шахслар ва кўча номларидаги айрим ғализликлар полиция ходимлари ўзбекча ëзувларни ўқишда ноаниқликларга йўл қўйган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишга асос беради.

Валешинга кўра, ўзбекистонлик муҳожирлар жасади ҳозирда маҳаллий ўликхонада сақланмоқда.

- Ҳалокатда нобуд бўлганлар ҳозирда Буддёновск шаҳар ўликхонасига юборилган, деди Ставрополье ўлкаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси ходими Алексей Валешин.

Полиция ҳодиса тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG