Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:01

Туркманбошининг собиқ вориси озод қилинди


Парламент раиси Атаев Соғлиқни сақлаш вазири Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан президент Ниëзов ҳузурида мажлисда. 2006 йил.
Парламент раиси Атаев Соғлиқни сақлаш вазири Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан президент Ниëзов ҳузурида мажлисда. 2006 йил.

Туркманистон расмийсининг халқаро эшитувларда 2006 йилда ҳибсга олинган туркман парламентининг собиқ раиси Авазгелди Атаев ва унинг рафиқаси қамоқдан озод этилгани ҳақида қилган баëноти ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмади.

Эр-хотин Атаевларнинг озодликка чиқарилгани ҳақида Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Ҳажиев БМТ қошидаги инсон ҳуқуқлари қўмитаси олдида 16 март куни қилган чиқишида маълум қилди¸ дейди Инсон ҳақлари бўйича Туркман ташаббус гуруҳи раҳбари Фарид Тухфатуллин.

- Ҳажиев ушбу йиғинда кейинги икки йил давомида халқаро ташкилотлар рўйхатида тилга олинган бир неча шахснинг озод этилганини билдирди. Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари хавотир билдириб келаëтган бундай маҳбуслардан айримлари озод қилинганини айта туриб Ҳажиев Туркманистон парламентининг собиқ спикери Авазгелди Атаев ва унинг рафиқаси номини тилга олди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Тухфатуллин.

Туркманистон конституциясига мувофиқ¸ президент ўлиб қолса¸ ëки ўз хизмат ваколатларини бажара олмай қолган тақдирда давлатни вақтинча бошқариш парламент спикерига ўтиши лозим.

Мустақил Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурод Ниëзов 2006 йилнинг 21 декабр куни вафот этди ва конституцияга кўра¸ ўша пайтда парламент раиси бўлган Авазгелди Атаев давлатнинг биринчи шахсига айланиши лозим эди.

Аммо Туркманистон парламентининг Ниëзов ўлган куннинг эртасига - 22 декабр куни ўтказилган фавқулодда йиғинида Атаев хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш ва уруғ-қабилачилик можароларига йўл берганликда айбланиб вазифасидан озод этилди ва дарҳол ҳибсга олинди.

2007 йил феврал ойида бўлиб ўтган маҳкама жараëнида Атаев ва унинг ўз келинини жонига қасд қилишгача олиб борганликда айбланган хотини Гўзал Атаева 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Сапармурод туркманбоши вориси Атаевнинг у ўлиши билан жиноятчига чиқарилиши Туркманистоннинг бугунги президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг ҳеч бир тўсиқсиз ворисга айланишига йўл очди.

Инсон ҳақлари ҳимоячиларига кўра¸ туркманбошининг ворис бўла олмаган ворисининг қачон озодликка чиқарилгани БМТ йиғинида аниқ айтилмаган. Ҳозирча Атаевларни озодликда кўрган мустақил манбалар бўлмагани боис¸ халқаро ташкилотлар Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари баëнотига шубҳа билан қарамоқдалар.

Маркази Лондонда жойлашган Amnesty International ташкилоти вакили Зулфия Абдуллаева эндиликда Туркманистон ҳукуматидан бу баëнот тасдиғи кутилаëтганини айтади.

- Биз ҳам Атаевларнинг озод этилгани хабарини эшитдик¸ аммо ҳозирча буни тасдиқлашнинг имкони бўлмаяпти. Агар бу хабар тасдиқланса¸ биз Атаевларнинг озод этилишини олқишлаймиз ва Туркманистон ҳукуматидан қолган сиëсий маҳбусларнинг ҳам озодликка чиқарилишини сўраймиз. Зотан туркман қамоқхоналарида Сапармурод Ниëзов ¸ қолаверса Бердимуҳаммедов даврида қамалган жуда кўп сиëсий маҳбус бор¸ дейди Amnesty International ходимаси Зулфия Абдуллаева.

Инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар Туркманистон ҳукуматининг бир қатор юқори даражали расмийлари¸ хусусан собиқ Ташқи ишлар вазири Борис Шихмурадовни сиëсий маҳбуслар рўйхатига қўшиб келади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG