Линклар

Россия Ўзбекистондан қуруқ мева импортини тақиқламоқчи


2009 йил январида Россия президент Дмитрий Медведев Ўзбекистонга келганида мезбон президент Ислом Каримов уни Самарқанд бозорини айлантириб, маҳаллий маҳсулотларни кўрсатганди.

2009 йил январида Россия президент Дмитрий Медведев Ўзбекистонга келганида мезбон президент Ислом Каримов уни Самарқанд бозорини айлантириб, маҳаллий маҳсулотларни кўрсатганди.

Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбайжондан келаётган қуруқ меваларга нисбатан тақиқ жорий этиши мумкин.

"Россельхознадзор" 21 март куни Ўзбекистондан келтирилган ўсимлик маҳсулотлари, қуруқ мевалар ортилган юкларда карантин объектлар, жумладан зарарли ҳашорат ва қўнғизлар аниқланган боис бу маҳсулотлар импортига чеклов жорий этилиши ҳақда огоҳлантирди.

Идора расмийларига кўра, Тожикистондан келаëтган юклар ичида 228 та, Ўзбекистондан 130 та ва Озарбайжондан 9 та шундай ҳолат аниқланган.

"Россельхознадзор" матбуот вакили Алексей Алексеенконинг Озодликка айтишича, ўз ташкилоти ушбу давлатлар карантин назорати хизматларига мурожаат қилиб, қуруқ мевалар ортилган юкларни Россияга жўнатишдан олдин уларни обдон текширишни сўраган.

- Гап шундаки, сўнгги пайтларда бундай юкларда зараркунандалар борлиги аниқланаяпти ва бунақа ҳолатлар кўпаймоқда. Хусусан¸ бу юклар ичида энг хавфли капр қўнғизи ва шунга ўхшаш зараркунундалар борлиги аниқланди. Бу қўнғиз нафақат маҳсулотларни еб битиради, балки инсон организмига тушган тақдирда кучли заҳарланишни келтириб чиқаради , дейди Алексеенко.

Ўзбекистон томони бу хавф бартараф этилгани ва Россияга хавфсиз маҳсулотлар кела бошлагани тўғрисида етарли маълумот тақдим этмаса¸ "Россельхознадзор" келажакда Ўзбекистондан туршак¸ ёнғоқ каби қуруқ мевалар олиб кирилишини чеклаб қўйиши мумкин.

- Агар бу мамлакатлар талабни бажармаса¸ биз қўшимча чораларни кўрамиз. Жумладан¸ чегарада назоратни кучайтирамиз ёки юкларни Россияга олиб ўтилишини вақтинча чеклаймиз, дейди "Россельхознадзор" матбуот вакили Алексей Алексеенко.

2010 йилда Россия полиомелит эпидемияси боис Тожикистондан Россияга туршак ва ёнғоқлар олиб кирилишини вақтинча тақиқлаган эди.

"Бунинг ортида 100 фоиз сиёсат ётибди"

Кузатувчилар Россиянинг ўзбек туршак ва ёнғоқларига чеклов жорий этиш ҳақидаги пўписалари ортида сиёсий сабабларни кўришмоқда.

- Бунинг ортида 100 фоиз сиёсат ётибди. Россиянинг мақсади Ўзбекистон ҳукуматига ҳалиги Гурзияга бўлгани каби босим ўтказиш. Ҳозир Россияда Путин қайта сайлангандан кейин Ўзбекистонни ўзининг йўналишига мослаштиришга ҳаракат қиляпти. Менимча¸ ушбу қарор мана шу сиёсатнинг бошланиши, дейди ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимов.

Бундан аввал Россия ҳукумати сиëсий муносабатлар таранглашган бир кезда¸ Грузия "Боржоми" минерал суви¸ ҳамда Молдова виноси импортини тақиқлаган эди.

Постсовет ҳудудида интеграция жараёнларини тезлаштириш, жумладан Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий ҳамкорлик ҳамжамияти (ЕврАзЕС) га қўшилишини истаётган Россия Ўзбекистонга ҳам сиёсий босим ўтказишга уринаётган бўлиши мумкин.

Лекин, "Россельхознадзор" мутбот вакили Алексей Алексеенко бу иддаони рад қилди.

- Бу ерда ҳали бутунлай чеклов ҳақида гап бораётгани йўқ. Фақат шу карантин объектлар бартараф этилиши, Россияга юборилаётган маҳсулотлар текширилиши талаб этилаяпти, дейди Алексеенко.

Хусусий тадбиркор ва деҳқон зарар кўради

Ўзбекистоннинг Россияга қуруқ мевалар экспорти ҳажми катта эмас. Бу маҳсулотлар Россияга¸ асосан¸ хусусий тадбиркорлар тарафидан олиб келинади.

Шу боис, тақиқ жорий этилишидан Россияга ёнғоқ ва туршак каби маҳсулотларни ўз йўли билан олиб бориб сотаётган ўзбек тадбиркорлари зарар кўриши мумкин.

- Асосан частниклар жўнатади. Поездда ёки алоҳида юк машиналарида Россияга олиб ўтишади. Агар чеклов жорий этиладиган бўлса¸ асосан улар бундан зарар кўради, -ц дейди четга қуруқ мева сотиш билан шуғулланадиган самарқандлик тадбиркор Нажмиддин ака.

Унинг айтишича, қуруқ меваларда карантин объектлар, жумладан зарарли ҳашорат ва қўнғизлар бўлишига айнан шу хусусий тадбиркорлар масъул.

- Частниклар энг арзон, энг пастини жўнатади-да. Булар керакли обработка қилинмайди. Нархи кўтарилиб кетмаслиги учун ишлов бермайди. Россияга олиб бориб сотадиганлар уларни ҳар хил юкларни орасида сақлайди. Бир маҳсулотдан бошқа маҳсулотга ўтиши мумкин бу қуртлар. Ўзи асли бултурги чиққан майиз ёки бошқа тур қуруқ мева бўлса бир йилни ичида қуртламайди, дейди Нажмиддин ака.

Роcсия Ўзбекистондан қуруқ мевалар импортига чеклов жорий этса¸ бундан ўзбекистонлик деҳқонлар ҳам зарар кўриши табиий¸ дейди бу савдогар.

- Агар ҳозирдан ёпса¸ 30-40 фоизи мол-қўйларга кетади. Бу йилдан деҳқонлар кондитерский майизларни экмайдию¸ ички бозорга мўлжалланган дастурхонга олинадиган қора сояги майизларни экса керак, ҳозир уларни даромади четга сотишдан бўляпти-да¸ дейди Россияга қуруқ мева олиб бориш билан шуғулланиб келаëтган самарқандлик Нажмиддин ака.

XS
SM
MD
LG