Линклар

logo-print

Ўзбекистон Эркин савдо ҳудудига қўшилмоқчи


Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудудига кириши чегара ва божхона хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришни талаб қилади.

Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудудига кириши чегара ва божхона хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришни талаб қилади.

МДҲ Иқтисодий кенгаши Ўзбекистоннинг ҳамкорлик доирасидаги Эркин савдо ҳудудига қўшилишини маъқуллади.


Яқин келажакда Ўзбекистон МДҲ Иқтисодий кенгаши доирасидаги Эркин савдо ҳудудига қўшилиши мумкин.

МДҲ Иқтисодий кенгаши мажлисида иштирок этган МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот маркази раҳбари Владимир Никаноровнинг Озодликка айтишича¸ Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномага қўшилиш ташаббуси расмий Тошкентнинг ўзидан чиққан.

- Ҳақиқатан, Ўзбекистон Эркин савдо ҳудуди тўғрисида шартномага қўшилишга иштиёқи борлигини намойиш этди. Бу масала Иқтисодий кенгаш йиғилишида кўриб чиқилди¸ ҳамда Ўзбекистон ниятини қўллаб-қувватлаш ва бунинг учун зарурий ҳужжатлар пакетини тайёрлаш гуруҳи тузилиши борасида келишилди, дейди МДҲ Ижроия қўмитаси расмийси Владимир Никаноров .

МДҲ Ижроия қўмитаси расмий сайтида келтирилишича, Эркин савдо ҳудуди – бу ўзаро бож тўловлари, солиқлар ва тушумлар бекор қилинган иштирокчи-мамлакатларнинг халқаро уюшмасидир.

Лойиҳа ташаббусчилари фикрича, эркин савдога қўшилган давлатлар учинчи мамлакатлар билан савдо қоидаларини ўзлари белгилайдилар.

- Ўзбекистоннинг Эркин савдо зонасига қўшилиши¸ биринчи навбатда¸ бозорнинг кенгайишига олиб келади. Лекин бу жуда мураккаб масала эканлигини ҳам айтиб ўтишим керак. Бу зонага кирилар экан¸ бож, чегара билан боғлиқ муаммолар ҳал этилиши лозим. Нима бўлганда ҳам, саккиз мамлакат қаторига тўққизинчисининг қўшилиши бу тузилма истиқболини ижобий баҳолашга асос бўлмоқда, дейди МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот маркази раҳбари Владимир Никаноров.

Эркин савдо ҳудудини тузиш тўғрисидаги келишув Санкт-Петербург шаҳрида 2011 йилнинг 18 октябрида МДҲнинг 8 аъзоси – Арманистон, Беларус, Молдова, Россия, Тожикистон, Украина, Қирғизистон ва Қозоғистон Бош вазирлари томонидан имзоланган.

Ўтказилган йиғинда иштирокчи-мамлакатлар Бош вазирлари ўртасида ўттизга яқин битим имзоланган. Бу ҳужжатлар ичида энг муҳимларидан бири Эркин савдо ҳудуди тўғрисида шартномадир.

МДҲнинг қолган уч аъзоси – Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркманистон ҳукумат раислари масалани яхшироқ ўрганиб чиқиш эҳтиёжи важидан уни имзоламаган эди.

МДҲ ҳудудидаги эркин савдога монеълик қилаётган қатор тўсиқларни олиб ташлаши айтилаётган бу шартноманинг Ҳамдўстликнинг бундан буёнги такомили учун мустаҳкам тамал бўлиши иддао қилинмоқда.

2001 йилнинг октябрдаги МДҲ саммитида бу шартномани имзолаган қатор мамлакатлар парламентлари аллақачон уни ратификация қилди.

Жумладан¸ 20 март куни Россия Давлат Думаси ўтган йилнинг 23 ноябрида парламентга президент Дмитрий Медведев томонидан киритилган Эркин савдо ҳудуди тўғрисида шартномани тасдиқлади.

Бу хусусда Давлат Думасида чиқиш қилган МДҲ масалалари бўйича қўмита раиси Леонид Слуцкий “ МДҲ доирасидаги иқтисодий интеграция учун келгуси йилларда энг муҳим бўлган шартнома” эканлигини таъкидлади.

Кузатувчилар Эркин савдо зонасига аъзо давлатлар ичида ҳам Шарқ ва ҳам Ғарб билан иқтисодий ҳамкорликни тиклашга уринаётган мамлакатлар борлигига эътиборни қаратмоқдалар.

Украина Олий Радаси шу кунларда Европа мамлакатлари билан интеграция масаласини муҳокама этмоқда. Расмий Кишинёв эса 2013 йилнинг сентябригача Молдова ва Европа Иттифоқи ўртасида кенг қамровли эркин савдо ҳудудини тузиш тўғрисида келишув имзолашга тайёргарлик кўраётганини айтмоқда.

Киев ва Кишинёвнинг сиёсий ҳаракатларини диққат билан кузатиб бораётган Россия Бош вазири Владимир Путин Украина Радаси ва Президенти Виктор Януковичга мурожаат қилиб, Эркин савдо ҳудуди шартномасини имзолашга чақирди.

Бунга жавобан Виктор Янукович шартнома яқин кунларда¸ албатта¸ ратификация қилинишига ваъда берди.

Кузатувчилар бу шартноманинг имзоланишини Россия Бош вазири Владимир Путиннинг Евроосиё иттифоқини яратиш йўлидаги навбатдаги қадами ўлароқ баҳоламоқдалар. Путиннинг мазкур лойиҳаси Ғарбда собиқ СССРни бошқача шаклда қайта тиклаш уринишлари сифатида кўрилганди.

Москвадаги Сиёсий ахборот Маркази бош директори Алексей Мухин фикрича, Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги келишув 90-йиллар бошидан буён МДҲ савдо майдонини эгаллаб келаётган коррупциялашган ва криминаллашган тузилмалардан халос қилиши мумкин.

“Россия деярли барча иштирокчиларнинг талабларини қондирувчи ўийн қоидаларини таклиф этмоқда”, деЙди Алексей Мухин.

- Бу шартнома мустақил давлатлар иқтисодиётига таянган нисбатан ҳалол ва пок тизимдир. У 90- йиллардан буён фаол ҳаракат қилиб келаётган “хуфия иқтисодиёт” намояндаларига таянмайди. Шу ўринда, Россиянинг бу ташаббуси ижобий натижа бериши мумкинлигига ишонаман, дейди Сиёсий ахборот маркази раҳбари Алексей Мухин.

Таҳлилчи Алексей Мухин Эркин савдо ҳудудига ўхшаш 1993 йилда ишлаб чиқилган шартнома қатор келишмовчиликлар туфайли имзоланмасдан қолиб кетганини қўшимча қилди.

Эркин савдо ҳудуди тўғрисида шартнома МДҲ доирасида сўнгги ратификация ёрлиғи қабул қилинганидан бошлаб 30 кундан кейин кучга киради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG