Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:14

Ўзбекистон сув танқислиги қаршисида


22 март – Жаҳон сув ресурслари кунида Озодлик мухбири суҳбатлашган мутахассислар Ўзбекистондаги тоза ичимлик суви таъминоти аҳволининг оғирлашиб бораëтганини айтмоқдалар.

ҚОҒОЗДА БОР-У, КРАНДА ЙЎҚ СУВ

Ўзбекистонда ичимлик суви муаммоси қалтислашаётган бир пайтда расмий ташкилотлар ер ости чучук сув заҳираларини муҳофаза қилиш кучайтирилаётгани ҳақида айтмоқда.

Мамлакат бўйича вилоят аҳамиятига эга 9 та ва республика аҳамиятига эга 11 та ер ости чучук сув ҳосил бўладиган ҳудудларга муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси расмийси 22 март – Жаҳон сув ресурслари куни муносабати билан Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

“Ўзбекистоннинг қимматли чучук сув манбалари экологик хавф остида қолмоқда. Назоратга олинган чучук сувли ҳудуднинг умумий майдони 407 356 гектарни ташкил этади. Аслида, бу жойлар илгарироқ давлат муҳофазасига олиниши керак эди”, дейди экология соҳасида изланиш олиб бораётган маҳаллий мутахассис.

“Ёддан кўтарилган” муаммо

“Ўзбекистон ўз сув ресурсларига эга бўлса-да, жиддий сув тақчиллигини бошидан кечираётган мамлакатлар сирасига киради. Бу эса иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасининг юксалишига монелик қилмоқда”. Бу БМТнинг “Сув – Ўзбекистон келажаги учун муҳим ҳаётий ресурс” тадқиқотида қайд этилган хулоса.

Кузатувчилар Ўзбекистонда ичимлик сув муаммоси кундан кун оғирлашиб бораётгани ҳақида гапирадилар.

Мамлакатнинг жанубий ва ғарбий вилоятларида ичимлик сув танқислиги айниқса яқоол сезила бошлаяпти.

Собиқ иттифоқ даврида ўтказилган сув қувурлари чириб,, яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда.

Сурхондарёлик инсон ҳуқуқи фаоли Фахриддин Тиллаевнинг айтишича, одамлар ичимлик сув топишнинг ибтидоий йўлларини қидириб топишга мажбур бўлмоқдалар:

- Масалан Бойсун туманида одамлар фақат қор билан ёмғирнинг сувини ичади. Тарновлардан оққан сувларни одамлар бочкаларга, ҳовузларга запас қилиб қўяди. Бу сувлар истеъмолидан сўнг дизентерия, диктерия деган касалликлар жуда кўп тарқалиб ётибди. Ўтган йил Қумқўрғонда бўлдим, сув умуман йўқ. Одамлар ариқлардан сув ичяпти. Аслида Сурхондарё вилояти бўйича аҳолининг 85 фоизи ичимлик сув билан таъминланган деб расмий маълумот берилган. Бу ҳаммаси ёлғон маълумот. Одамлар бир машина сувни 40-50минг сўмдан сотиб оляпти,- дейди Фахриддин Тиллаев.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида истиқомат қиладиган шифокор Дилмурод аканинг айтишича, собиқ иттифоқ пайтида аҳолининг ичимлик сув таъминоти анча яхши эди:

- СССР пайтида 100-200 метр чуқурликдаги артезиан қудуқлар бор эди. Бу тоза ва ширин сув эди. Ҳозир бу қудуқлар жуда кам қолган. Одамлар ҳозир 15 метр қўлбола қазиб сув чиқаришган. Бироқ бу сувлар аслида ичишга яроқсиз, оғир сув. Сизот сувларида, ифлос сув. Лекин на чора, бошқа илож йўқ,- дейди Дилмурод ака.

Бироқ, техника фанлари номзоди, “Сувчи” масъулияти чекланган жамият директори Тоҳир Мажидовнинг айтишича, ичимлик сув муаммосини ҳал қилиш бу ҳар бир туман ҳокимлигининг бу муаммога қандай даражада ёндошаётганлиги билан боғлиқ:

- Мен яқинда Навоий вилоятининг Хатирчи туманига бориб келдим. Қишлоқларда водпроводларнинг эски қувурлари ўрнига янгилари тортилаётган экан. Маҳаллий ҳокимият ёрдам беряпти, одамлар ҳашар қиляпти, хуллас хурсанд бўлиб қайтиб келдим. Умуман Ўзбекистонда ичимлик сув захиралари етарли, фақат гап ўшандан оқилона фойдаланишда,- дейди Тоҳир Мажидов.

Бироқ Ўзбекистон расмий идоралари ичимлик суви муаммоси кўламини имкон қадар камайтириб кўрсатишга уринади. Ичимлик сув танглигини матбуотда ёритиш бўйича ҳам ёзилмаган тақиқ амал қилади. Давлат назоратидаги ижтимоий-cиёсий газеталар Хитой, Ҳиндистон, қўйингки, Африканинг қашшоқ мамлакатларида ташналикдан одамлар нобуд бўлаётгани ҳақида куйинчаклик билан ёзади.

Мамлакатнинг ўзида минглаб аҳоли тоза ичимлик сувидан бебаҳра эканига эса кўп-да эътибор қаратилмайди.

Расмий маълумотлар бўйича¸ Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти 84 фоиздан ошган. Мустақил кузатувлар ва халқаро ташкилотлар ҳисоботларида эса ичимлик суви таъминоти расман кўрсатилгандан анча кам экани таъкидланади.

БМТнинг сув ресурсларини баҳолаш бўйича бутунжаҳон дастури ҳар уч йилда ҳисобот эълон қилади. 2009 йилги ҳисоботда Ўзбекистон дунёдаги сув тақчиллиги кучли сезилаётган давлатлар тоифасига киритилган.

Дунёда сувга бўлган ўртача эҳтиёждан келиб чиқиб халқаро меъёр белгиланган.

Тошкент Ирригация ва мелиорация институти ўқитувчиси мазкур меъёрни шундай изоҳлайди: “Мамлакатда йил давомида бир киши 1700 кубометрдан кўпроқ сув истеъмол қилгани – нормал ҳолат. Киши бошига тўғри келадиган истеъмол миқдори 1000 кубометрдан ортиқ, аммо 1700 дан кам бўлса, бу ўрта даражадаги сув танқислиги дегани. Бир йил мобайнида жон бошига сарфланаётган сув 1000 кубометрдан оз бўлса, сув танқислиги юқори даражага етган, деб ҳисобланади”.

Сув ресурсларини баҳолаш бўйича ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич атиги 625 кубометрга тўғри келади.

Тирик қолиш учун кураш

Мамлакатда ичимлик суви асосан ер ости манбалар ҳисобидан таъминланади. Ер ости чучук сув ресурслари Фарғона водийси (34,5 %), Тошкент (25,7%), Самарқанд (18%), Сурхондарё (9%) ва Қашқадарё вилоятлари (5,5%)да жамланган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари маҳаллий оби ҳаёт манбаларидан деярли маҳрум.

БМТнинг “Сув – Ўзбекистон келажаги учун муҳим ҳаётий ресурс” тадқиқотига кўра, республика аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисми (6 миллиондан ортиқ киши) ифлосланган сувнинг салбий таъсирини ҳис қилмоқда.

Халқаро ташкилотлар неча йилдирки, Қорақалпоғистон ва Хоразм аҳолиси ичаётган сув амалдаги стандартлардан бир неча тош нарида экани ҳақида бонг уради. Давлат Санитария-эпидемиология идораси ҳам ушбу ҳудуддаги водопровод суви кимёвий таркибига кўра 18,7 дан 75 фоизгача давлат стандарти талабига жавоб бермаслигини тан олган.

Мутахассислар Самарқанд вилоятидаги Зарафшон, Тошкент вилоятидаги Чирчиқ ва Оҳангарон, Фарғона вилоятидаги Сўх сув манбаларининг ҳам таги кўриниб қолаётганига эътибор қаратади.

Исроф ва ифлос қилганга жазо

Мамлакатда сарфланаётган чучук сувнинг 91,3 фоизи ёки 53 миллиард 524 миллион 200 минг кубометри қишлоқ хўжалиги улушига тўғри келади. Аҳоли эҳтиёжи учун эса 2 миллиард 583 миллион 800 минг (4,4% ) чучук сув ишлатилади. Иқтисодий тадқиқотлар маркази суғорма деҳқончилик аҳамияти ошиб бораркан, сув тақчиллиги янада кучайишидан огоҳлантиради.

Расмий идоралар тақчилликнинг асосий омилларидан бири сифатида аҳоли сувни исроф қилаётганини рўкач қилади. “Сувсоз” трестига кўра, Тошкентда бир киши суткасига 330 литргача сув ишлатади. Пойтахт водопровод тизимида кунлик оқаётган 2,5 миллион кубометр ичимлик сувидан 20 фоизининг увол кетиши айтилади.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига кўра, айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳақидаги тартибни тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Сувдан махсус фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсатномани бериш тартиби ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорлари лойиҳалари устида ишламоқда. Мазкур ҳужжатлар орқали сувни ифлос ва исроф қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилаётир.

Айни пайтда ичимлик суви муаммоси бутун дунёда кузатилмоқда. Башоратларга кўра, 2025 йилга келиб сайёрамиз бўйича ҳар 10 кишидан 6 нафари ёки 5,5 миллиард киши тоза ичимлик суви танқислиги билан юзма-юз келади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:47 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG