Линклар

22 март куни Тошкентнинг Алишер Навоий боғида ўтказилган Наврўз тантаналарининг бош раққоси¸ уни телевизордан томоша қилганлар назарида¸ президент Ислом Каримов бўлди.


Абдували Қутбиддиндан:

Балиқнинг тиши-ла тилимни тилдим,
Юрагим урчуқдай уч айлантирдим.
Кўзимни қийнадим,
Қийноғим қизиқ...
Яйрадим…

(Ўқиганингиз нафис сатрлар Муаллифи ўз шеъри билан ўқийдиганингиз одми сўзлар орасида бирон бир боғлиқлик кўрмаса, У Киши - Шоирдан узр сўраймиз – бугунги кайфиятимиз шу шеърни истади – ўқигимиз келди – ўқидик)

Пайшанбани яхши кўраман

Шунчалик яхши кўраманки, пайшанбани келтирган чоршанбасидан ҳам айланиб қўяман.

Чунки пайшанба куни “Телевизор” қиламан.

Тинглай бошлаганингиз эшиттиришни айтяпман.

ЎзТВни кўраману ёққан-ёқмаганини айтавераман – ўзимга хон, ўзимга бек – “Ҳой!” дегани хўжам йўқ – томошабинман, ҳаққим бор!

Тўғри, ЎзТВда ёққанидан ёқмагани кўп.

Яхшиси ўзига тан, мен ёқмаганидан гапирай, зора танқиднинг олма ғўрасидай аччиқ мевасини еб тишлари бир зум қамашса, дейман.

Ҳозирча ўзтвчиларнинг тишлари қамашганини сезганим йўқ. Темирдан бўлса керак тишлари.

Лекин мен ноумид бўлмайман. Ноумид кимлигини биласиз.

Қоловурса бугун маза қилдирди ЎзТВ. Рост айтяпман.

Омалекин дам овордим!

Бунақа дам омаганман!

Дилнинг ғубори кетди, кўнгилнинг чигили ёзилди.

Гўзалликка ташна кўзим оромланди бир фариштани кўриб. Кимлигини сўраманг – дидларимиз мос келмай қолиши мумкин.

Қайси кўрсатувдан мазза қилганимни айтмай росса диққинафас қилдимми?

Узр.

Наврўз байрамини айтяппан.



Сизам маза қилдийзми? Айтманг!

Кўнгил чигилини ёзган қўшиқлар

Чин инсоний ҳисларни қўшиқларда тўкиб солиб кўнгилнинг қадоқларини юмшатдилар

(Оҳ, менинг ишқ хатлари ёзган ёшлигим, қайларда қолдинг?!)

Қорақалпоқ термаларини эшитаркан, Нукусга кетворгим кепкетди.

(Харитада ўнгсиз юрт-ку Қорақалпоқ, қўшиқлари нега бу қадар рангин?)







Нега энди мени онам туғмадийкин Сурхонда?

(Умрида бир марта от миниб ўшанда ҳам ағдарилиб тушган одам нега кўпкарига дилим кетди?)






Дунёда аввал одам пайдо бўлганми ёки лазгими?

(Эсиз, эсиз, курсдошларим орасида хоразмлик қизлар ҳам бор эди-я?!)







Наврўзнинг томошасини кўриб, хушим учиб, турфа ҳисларга кўнглимни бирин-кетин бўшатиб беравердим.

Қўшиқларнинг фонограмма эканлиги билан ҳам ишим бўлмади. Ўзи умуман мен шу битмас можарони тушунмайман: фонограмма қилди нимаю жонли айтди нима?!

Озодбекка навбат

Ҳа, навбат мендай мусиқадан йироқ бир гаранг ҳам тан олган Озодбекка келди.

Билмадим, Озодбек болалигим ёзлари қолган Шаҳрихондан бўлгани, унга ўзимни чала-чулпа ватандош ҳисоблаганим учунми, шу йигитни ғойибона ўзимга дилдош, деб билганман.

Бояроқ байрамнинг хос томошабинини ўзбекнинг полвон оқсоқоли Турсунали полвон тўшида тош думалатиб хайрон қилувди.

Энди, бу йилги Наврўзнинг прима қўшиқчиси Озодбек қўшиғи фонида ўзбекнинг Энг Катта Оқсоқоли даврага тушди. Даврага тушдию томошажойларнинг олд қаторида ўтирганлар билан кўриша кетди.

Томоқни тўсган нарса

Ва бирдан томоғимга муштдай нарса қадалди. Қайдан келди у?

Озодбекми уни келтирган соф тилладай соф ўзбекона оҳанглари билан?!

Озодбекнинг оққушнинг патидай енгил, фариштадай раққосасими келтирган?

Ёки Энг Катта Оқсоқолнинг майли хос бўлсин, майли амалдорлару уларнинг хотинлари, қизлари бўлсин, ҳар ҳолда кўринишларидан оддий фуқаролар бўлганлар билан бир-бир қўл олишганими томоғимга қадалган муштдай нарсани пайдо қилган куч?!

Нима у?

Ўйладим.

Ўйлар, ўйлар, ўйлар...

Озодбекни истасам ҳар куни эшитаман. Мана бугун ҳам битта байрамда битта қўшиқни қаторасига уч марта айтди – Оқсоқол жойига бориб ўтириб олишини кутди. (Яхшиям фонограмма қўйишди, бўлмаса овози етсаям реакцияси оқсаб қолармиди?)

Оққушнинг патидай енгил, фариштадай раққосалар ҳам кўп бу беш кунлик дунёда! (Озодбекнинг қаторасига уч марта қўйилган фонограммасига рақс тушавериб оёқларида дармон қолмади-ёв!)

Энг Катта Оқсоқолнинг фуқаролар билан оддий бир ватандошдай кўришгани экан томоғимга тиқилган муштдай нарсани пайдо қилган куч, ўйлаб қарасам.

Ўша куч ЎзТВ камерасига тушмаётган байрам ортидаги юрт тўғрисида, байрамни уч халқа қилиб қуршаб олган беҳисоб миршаблар тўғрисида ўйлашимга қўймади.

Қанийди!

Энг Катта Оқсоқолнинг Фарғонаю Хоразмда, Қаршию Бухорода, Сирдарёю Навоийда оддий, энг одми ўзбеклар билан шунақа оддий бир ватандошдай кўришишини ўйлаб дилим суст кетди.

Ва бирдан Энг Катта Оқсоқолнинг тансоқчиларинию миршабларни ёмон кўриб кетдим.

Энг Катта Оқсоқолни Халқдан ана ўшалар ажратиб қўйган деган фикрга бордим.

Ҳаққим бордир, ахир онда-сонда жудаям чуқур бўлмаган фикрларни фикрлашга. Ахир ҳар доим доно фикрлар фикрлайман, деб сўз бермаганманку ҳеч кимга?

Агар Энг Катта Оқсоқол билан фуқаро орасида (майли, ўша фуқаро хос бўлсаям) бугунги илиқликни Наврўз пайдо қилган экан, балки Ўзбекистонда ҳар бир кунни Наврўз, деб эълон қилиш керакдир?!

Шу фикрдан келиб чиқиб, айтилавериб сийқаси чиқиб кетган тилакни мен бугун алоҳида маъно бериб айтмоқчиман:

Ҳар бир кунинг Наврўз бўлсин, ўзбеклар!


Байрамда ҳукм сурган илиқликдан миям қайнаб ўзидан ўзи бир таниш иборани излайверди. Охир-оқибат топила қолди ҳам ана ўша ибора: “Инсоний қиёфали социализм”.

Бу ибора илк бор 1968 йили собиқ Чехословакияда янграган эди.

Чехословакия Компартиясининг ўша даврдаги Биринчи котиби, кейинчалик “Прага баҳори”, деб ном олган ислоҳотлар ташаббускори Александр Дубчек 1968 йил 18 июлида ТВ орқали чиқиш қилар экан, давлатнинг тоталитар характерини юмшатиш зарурлигини таъкидлаб, “шундай сиёсат олиб борайликки, социализм ўзининг инсоний қиёфасини йўқотмасин”, деган эди.

Ўзбекистон социализмдан воз кечганига 20 йил бўлди. Ҳозир қанақа изм эканлигини айтиш учун мен мутахассис – сиёсатшунос эмасман. Шунинг учун ишимни осонлаштириб “Инсоний қиёфали ...изм”, деб қўяқолдим.

Қанақа измлигини, Сиз тингловчи, айтарсиз.

Ахир Сиздан кўра Билгичроқ йўқдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG