Линклар

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 23 март куни ўтказилган йиғинида “Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги парламент ва президентлик сайловлари тўғрисида”ги янги қонуни тасдиқланди.

Янги қонунга кўра¸ Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловлар 2014 йил декабрида¸ Сенатга сайловлар эса¸ 2015 йилнинг январида ўтказилади.

Мамлакат президентлигига сайловлар эса¸ парламент сайловлари натижаси расман эълон қилинганидан 90 кун ўтиб ўтказилади.

Сенат Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова томонидан таклиф этилган мазкур қонун Ўзбекистон президентлиги сайловларини одатда ўтказиб келинган муддатидан кечиктиришга қаратилган.

Президент сайловларининг 2015 йил апрелга кўчирилиши Ислом Каримовнинг конституцияда белгиланган 7 йилдан кўра кўпроқ ҳокимиятда қолишига йўл очади.

Сенат йиғилишида иштирок қилган журналистлардан бирининг Озодликка билдиришича¸ бу қонун кун тартибида муҳокама қилинган биринчи масала бўлгани ва сенатор Ортиқова ўз чиқишида бу таклифига изоҳ бериб ўтган:

- Светлана Ортиқова ўша қонунни тақдим қилди. Яна уч киши чиқиб “Мана шуни маъқуллаймиз” деди.

Сабабини энди 2014 йил декабрда бирданига учта сайлов – маҳаллий кенгашларга, парламентга, президент сайловлари ҳаммаси битта пайтга тўғри келиб қолаяпти. Қайсидир қонунга кўра президентлик сайлови билан мана шунақа сайловлар тўғри келган пайтда маҳаллий сайлов органларининг ваколати автоматический бир йилга узайтирилади. Президент билан парламент сайлови қолади. Президентлик сайловини парламент сайловидан кейин ўтказган маъқулроқ, сабаби сиëсий партиялар номзод кўрсатади. Президентликка номзод сиëсий партиялар томонидан сурилади. Шунга имконият яратиш учун парламент сайлови натижалари Марказий сайлов комиссияси томонидан ълон қилинганидан кейин 90 кун кейин ўтказилади¸ деб тушунтирди қонуннинг бу моддасини¸ дейди 23 март кунги Сенат йиғинини кузатган маҳаллий мухбирлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда сўнгги парламент сайловлари 150 депутатлик Қонунчилик палатасига 2009 йилнинг декабр ойида¸ 100 ўринлик Сенат сайловлари эса¸ 2010 йил январида ўтказилган эди. Ўзбекистон парламенти 5 йилга сайланади.

Мамлакат президентлигига сайловлар эса¸ 2007 йил декабрида ўтказилган ва унда Ислом Каримов умум сайловчиларнинг 88 фоиз овози билан 7 йиллик янги муддатга сайланган эди.

2002 йил декабрида ўтказилган умумхалқ референдумида Ўзбекистон парламентини икки палаталик парламентга айлантириш¸ президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш таклифи қабул қилинган ва конституцияга тегишли ўзгартишлар киритилган эди.

2011 йилнинг декабр ойида эса Ўзбекистон парламенти президентлик муддатини 7 йилдан яна қайта 5 йилга тушириш ҳақида конституцияга ўзгартиш киритди.
Ўзбекистонлик мустақил сиëсатшунос Камолиддин Раббимов мамлакат сиëсий тарихида парламент ва президент сайловлари муддатини уч йил олдиндан белгилаш ҳодисаси мутлақ янгилик эканини таъкидлайди.

- Ўзбекистонда сайловлар қачон бўлиши Ўзбекистон қонунчилигида аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Яъни Олий Мажлисга сайловлар тўғрисида ва президентлик сайловлари тўғрисида қонунлар бор. Ўша қонунларда айтилишича, сайланадиган органларнинг яъни парламент бўлсин, президент бўлсин, ваколати тугашига олти ой қолаëтганда сайлов кампанияси эълон қилинади.

Сайлов кампанияси эълон қилинишидан уч ой олдин бу жараëнлар Марказий сайлов комиссиясининг йиғилишлари билан бошланади. Умуман олганда тахминан 9 ой олдин сайлов жараëнлари бошланади. Ўзбекистонда ҳар сафар сайловлар мана шундей бўлган. Лекин баъзан бу ҳолат кечиккан ҳолати кузатилган, яъни бир мартагина. Лекин уч йил олдин бу жараëнларга аниқлик киритиши, қачон бўлиши, қандай ҳолатларда бўлишлигини Ўзбекистон тархиий тажрибасида мутлақ янги ҳолат. Бундай ҳолат кузатилмаган¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Аксар ўзбекистонлик кузатувчилар¸ Ўзбекистон парламенти ва президентлик сайловлари муддатини уч йил олдиндан белгилашни тақозо қилган асосий омил¸ сенатор Светлана Ортиқова келтирган расмий изоҳдан фарқланишини тахмин қилмоқдалар.

Озодлик боғланган аксар таҳлилчилар¸ жумладан Камолиддин Раббимов ҳам¸ бу ҳаракат Ўзбекистонда ҳокимият алмашинувига замин ҳозирлаш мақсадида амалга оширилганини фараз қилади.

- Кейинги сайловларда Каримов иштирок этмайди, иштирок эта олмайди. Унинг бир қанча объектив сабаблари бор (Каримов 77 ëшда бўлади). Шу сабабдан сайлов жараëнларига олдиндан аниқлик киритилиши ва унга номзодлар бўлсин, сиëсий жараëнни олдиндан лойиҳалаштириш бугунги кунда эълон қилинаяпти. Бу ҳокимиятнинг алмашинувига тайëргарлик деб аниқ изоҳлаш мумкин.

Ллекин шундай бўлса-да нима учун уч йил олдин эълон қилинаяпти? Зотан сайловлар муддатидан олдинги сайловлар деб эълон қилинмади. 2012 ëки 2013 йилда сайловлар бўлади демаяпти. Лекин шундай бўлса нима учун уч йил олдин бу ҳолатларга аниқлик киритилаяпти? Буни ҳали биз кузатиб бориб балки бу саволга кейинроқ жавоб берармиз¸ дейди Камолиддин Раббимов.

23 март куни Сенат қабул қилган қонун президент Ислом Каримов томонидан имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG