Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:35

Ўзбекистонда кўп хотинли расмийлар жазоланди


23 март куни Озодликка маълум бўлишича¸ Сурхондарё вилояти Музрoбод туман Халқ таълими бўлими мудири Ёқуб Нормуродов кўп хотинлиликда айбланиб судга тортилган.


Хотин деб мансабдан ажраганлар

Исми сир қолишини сўраган Сурхондарё вилоят Халқ таълими бошқармаси вакилининг Озодликка билдиришича, Ёқуб Нормуродов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 126-моддаси (кўп хотинли бўлиш) бўйича айбланган.

Шеробод туман суди ҳукми билан Нормуродовга 3 йил ахлоқ тузатиш ва 2 йилга муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Маҳкама ҳукми кучга кириши ортидан Нормуродов Халқ таълими бошқармаси мудирлигидан бўшатилган.

Нормуродов Жиноят кодексининг 126-моддаси бўйича жазога тортилган ягона мансабдор эмас. 2010 йилнинг июлида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Раҳим Худойбердиев мазкур айб билан лавозимидан четлатилган.

Норасмий манбаларнинг билдиришича¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовнинг укаси Жамшид Матлубовнинг Тошкент шаҳар Яккасарой туман Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимидан олинишига ҳам унинг иккинчи хотини билан боғлиқ можаро сабаб бўлган. Таниқли хонанда¸ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилнура Қодиржонованинг ўлимидан сўнг унинг Жамшид Матлубовнинг иккинчи хотини бўлгани факти жамоатчиликка ошкор бўлган ва унинг яқинлари қотилликка Қодиржонованинг шаърий эри бўлган Матлубовнинг алоқадорлиги ҳақида матбуотга баëнот берган эди.

Ўзбекистонда "жиноий никоҳ" оммалашмоқда

Ўзбекистон қонунларида кўпхотинлилик жиноят деб малакаланади. Жиноят кодексида “кўпхотинлилик” тушунчаси “умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш” деб изоҳланади.

Бироқ ўзбек жамияти¸ айниқса¸ унинг ўзига тўқ қатлами орасида кўпхотинлиликнинг секин-секин урф бўлиб бораётгани айтилади.

Кўпхотинлилик Ўзбекистон қонунларига кўра таъқиб қилингани боис, иккинчи хотинга уйланиш жамоатчилик ва яқинларидан яширин тарзда¸ одатда исломий қоидаларга мувофиқ¸ шаръий никоҳ асосида амалга оширилади.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида истиқомат қилувчи, илгари давлат ташкилотларидан бирининг раҳбари бўлган Қаҳрамон аканинг айтишича, улар яшаётган ҳудудда қўшхотинлилик аксарият ҳолатларда эшонлар орасида кузатилади:

- Бизда эшонларда учта - тўрттадан хотин олганлар бор. Сабаби эшонлар қизларини оддий одамларга узатмайди. Эшоннинг қизига эшонлар уйланиши мумкин. Бироқ мансабдор шахслар орасида ҳам иккинчи хотинга уйланганлари бор¸ деб эшитамиз. Энди улар яширинча қилади бу ишни. Чунки биринчидан, хотинидан қўрқади. Иккинчидан, қонундан, дейди Қаҳрамон ака.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшовчи Ўрол аканинг айтишича, кўпгина ўзбек эркаклари пули кўпайиши билан иккинчи хотин олиш тараддудига тушади.

- Бизда бир ташкилотнинг раҳбари яқинда иши судга тушиб, қамалиб ҳам чиқди. Тўртта хотини бор экан. Қамоқдан чиққандан кейин иккита хотинини жавобини берибди. Мансабдорларни қўйиб туринг, Россияда ишлаб келиб пули кўпайганлар ҳам ҳозир очиқчасига иккинчи хотинни оляпти, дейди Ўрол ака.

Жиноий қонунлар мажмуаси бўйича икки ёки ундан ортиқ хотин билан яшаган шахс энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Сабаблар....

Тадқиқотчиларга кўра, эркакларнинг пул топиш илинжида тўп-тўп бўлиб хорижга йўл олаётгани, оммавий ажрашишлар ва бошқа ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар¸ қолаверса¸ бир пайтнинг ўзида тўрттагача хотинга уйланишга изн берадиган исломий ақидаларнинг кенг ëйилиши Ўзбекистон жамиятида кўпхотинлилик жиноятининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:36 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG