Линклар

Фарғоналик муҳожирлар маошсиз қолди


29-касалхона ертўласида ишлаëтган фарғоналик муҳожирлар.

29-касалхона ертўласида ишлаëтган фарғоналик муҳожирлар.

Москвадаги 29-шифохонани таъмирлаётган фарғоналик меҳнат муҳожирларига норасмий бригадирлик қилган ўзбекистонлик шахс ишчиларнинг бир неча ойлик маошини олиб қочиб кетган.


Москванинг Бауман номидаги 29-шифохонасида ўтган йилнинг ноябр бошларидан бери ишлаб келаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз юртдошлари томонидан алданди.



Фарғоналик меҳнат муҳожирларидан бири Минавваржон бугун бу ишчилар ўз меҳнат ҳаққини олиш учун кимга ва қаерга мурожаат қилишларини билмай овора эканларини айтади.

- Биз метро Авиамоторний деган жойда 3-4 ойдан бери ишлаймиз. Бир сўм пул бермайди, бизни олиб келган посредник бола қочиб кетган.700 минг пулни берган экан бизга 15-16 мингдан бериб кетворган у бола, йўқ. Мана шу ерда декабрдан бери ишлаяпиз бир сўм пул йўқ, Доғистонлик бир одам шу 29-болнисанинг бир этажини бизга ишга берган. “Объемга бергин”, десак, “Ойлик қилиб бераман”, деб бизни ишга солиб бир-икки ишлари очилиб қолганидан кейин кетворди. Биз бу ерда пулсиз-нетсиз 15-16 та фарғоналик бола ўтирибмиз, дейди уста Минавваржон.

Устанинг сўзларига кўра, фарғоналик ишчилар 12 ноябрда Бауман шифохонасида иш бошлаган ва 12 декабрда биринчи ойликларини олган. Бироқ шу даврдан бошлаб бугунга қадар уларни ишга олиб келган шахс бирор тийин ҳақ тўламаган.

Ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган мардикор йигитлардан бири Озодлик мухбири билан суҳбатда шифохона биносининг зах босган ертўла қисмини таъмирлашга улардан бошқа бригадалар кўнмаганини гапиради.

“Бошида респиратор тақиб ишлашга тўғри келди”, дейди фарғоналик бу йигит.

- Ҳеч ким ишлай олмаган бу ерга тушиб. Договорни қилган – ҳидига чидай олмасдан ҳамма чиқиб кетаверган. Биздан олдин тўртта бригада келган, ишни бошлаган... кетворган. Мана кетганда энди бир сўм пул йўқ. Қилган ишига умуман пул олмасдан кетди йигитлар. Бу ерда ундан-бундан қарз қилиб, самарқандлик шериклардан олиб кетди.

Болница раҳбарияти олдига бизни чиқаришмайди! Катталари келса чиқамиз десак, тўполон қилиб “Мен билан гаплаш! Мен қилиб бераман сенларга”, дейди. Бир маротаба биздан ташқаридагилар пул сўраб чиққанdi, ишдан ҳайдаворди, дейди ўз исмини айтмаган мардикор йигитлардан бири.

Маълум бўлишича, шифохонанинг тўлиқ таъмирланаётган 15-корпусига пудрат асосида бир нечта ширкат ишчи ёллаган. Бригадирларнинг сўзларига кўра, бугунги кунда бинода 70-80 га яқин меҳнат муҳожири ишлаб келмоқда.

“Бригадаларнинг аксари Ўзбекистондан”, дейди уста Минавваржон. Унинг айтишига қараганда, бригада ишчилари ётоқхонаси ертўланинг ўзида, овқатланишга эса улар ошхонага кўтарилади.

“Мардикорларнинг 3-4 ойлигини олиб кетган бола устидан Ўзбекистонда биз прокуратурага ариза ёздик, лекин у Москвада юрибди, у ёққа бормайди”, дейди бундай “қўли эгри” даллоллардан эҳтиёт бўлишга чақирган уста Минавваржон.

- Унинг исми Қодиров Фарҳоджон Олимжонович, 1972 йилда туғилган. Фарғона вилояти Риштон тумани Тўда қишлоғида яшайди. 15 кишиниng 700 минг рубл ҳақини олиб кетворди. Мана шу ерда Москвада юрибди, бизни андижонлик бир болага бериб кетган, у ҳам “чалани қилсанг, тугатсанг ишни пулингни бераман”, деб олиб юрибди. “Бу қилган ишларингга пулларингни бераман, қолганини Фарҳоддан оласизлар”, деб ўйиндан чиқиб олган. Аслида доғистонлик 700 минг пулни Фарҳодга санаб берган экан. У эса 200 мингини тарқатган, қолганига битта иномарка мошина олиб юрди. Охири прораблар ҳайдаворди уни. Бу бола 12-13 йиллардан бери шу ишлар билан шуғулланар экан. 15 бола ишлаяпмиз, қорнимизни тўқлаяпти, лекин уйга 3-4 ойдан бери бир сўм пул жўнатганимиз йўқ, деди уста Минаввар.

Аниқланишича, Фарҳод Қодиров фарғоналик муҳожирларга қалбаки иш рухсатномаси тайёрлаб берган. Шу боис бугунги кунда улар аллақачон ноқонуний меҳнат муҳожирига айланиб бўлган. “ФМС бизни бу ерда ишлаётганимизни билса¸ депорт қилиб юборди”, дея куйинади форғоналик мардикорлардан бири.

Озодлик мухбири мазкур вазият юзасидан 29-сонли шифохона маъмуриятига мурожаат қилди. Иқтисодий масалалар бўйича касалхона бош шифокори муовини Вениамин Романовский микрофонсиз суҳбатда пудратчи ширкатлар билан ҳисоб-китоб ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бўлаётгани, маош бериш-бермаслик масаласи эса ширкат ва бригадалар ўртасидаги “ички масала” эканини маълум қилди.

Озодлик фарғоналик йигитлар билан боғлиқ вазиятни кузатишни давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG