Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:31

Тошкентда уй бозори тафтиш қилинмоқда


Ўзбекистон Давлат солиқ ва мулк қўмиталари Тошкентда уй бозорини тафтиш қилмоқда. Бундан мақсад ноқонуний риэлторларни аниқлаш экани айтилмоқда.

Бир неча йилдан буён уй бозори даллоли сифатида ишлаб келаётган манбанинг маълум қилишича, февраль ва март ойларида уюштирилган рейдлар давомида кўплаб ҳужжатсиз риэлторлар ушланган.

Бу маълумотни Давлат солиқ қўмитасининг ўзи танитмаган вакили ҳам тасдиқлади.

Солиқ мулозимига кўра, Учтепа туманидаги Ўрикзор ихтисослаштирилган бозорининг Кўкча-Оқтепа шахобчасида, яъни уй бозорида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний риэлторлик билан шуғулланаётган кўплаб фуқаролар аниқланган.

Солиқ идораси вакили ҳужжатсиз риэлторларни аниқлаш бўйича назорат тадбирлари бутун мамлакат бўйлаб давом эттирилишини таъкидлади.

Уй-жой олди-сотдиси ва ижарасида воситачилик қилувчи даллоллар қонун тилида “риэлтор” деб аталади. Аммо оддий халқ орасида “риэлтор” сўзи ҳали урфга кирганича йўқ: одамлар уларни “маклер” дейишга одатланган.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, “Риэлторлик фаолияти юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолиятидир”.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда, хусусан, пойтахт Тошкентда уй-жой баҳосининг сурункали равишда кўтарилиши кузатилди. Бу эса риэлторликни сердаромад соҳалардан бирига айлантирди.

Ўтган йилгача истаган шахс ҳеч қандай ҳужжатсиз риэлторлик қилиши мумкин эди.

2011 йилнинг 23 июнидан Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонуни кучга кирди. Мазкур қонун риэлторлар зиммасига лицензия ва малака сертификати олиш, даромадидан солиқ тўлаш мажбуриятини юклади. Риэлторликка давогарлар малака сертификатига эга бўлиш учун Давлат мулк қўмитаси қошидаги бизнес мактабни тамомлаб, имтиҳон топшириши шарт.

Расмийлар наздида уй-жой воситачилари фаолияти тартибга солиниши билан уй бозорида содир бўлиб турадиган фирибгарлик ва алдовларга ҳам чек қўйилади.

- Алоҳида қонун йўқлиги туфайли риэлторлар орасида фуқароларни алдаб даромад топадиган фирибгарлар кўпайиб кетганди. Масалан, 2007-2009 йилларда Олий хўжалик судида маклерлар истеъмолчилар ҳуқуқини бузгани билан боғлиқ 1500 та иш кўрилган. Янги қонун кучга кириши билан фирибгарларнинг йўли ёпилди, - дейди солиқ идораси вакили.

Риэлторлар эса лицензия ва сертификат талаби жорий этилиши билан уларнинг фаолиятига нисбатан давлат назорати кучайиб кетганидан шикоят қилишмоқда..

Кузатувчиларга кўра, ушбу чора орқали мамлакат ғазнасига солиқ тушумини ошириш ҳам мақсад қилинган.

Айни пайтда Давлат мулк қўмитаси лицензиясига эга 83 та риэлторлик ташкилоти ва малака сертификатига эга 679 та риэлтор фаолият юритмоқда.

Ҳужжатсиз, яъни ноқонуний тарзда риэлторлик фаолияти билан шуғулланаётганлар ҳам ҳам кўп экани айтилади.

Давлат мулк қўмитаси 2012 йил 12 феврал куни ўтказган сўнгги имтиҳонда 61 нафар номзод риэлторлик сертификатига эга бўлган, 91 киши имтихондан ўта олмаган.
XS
SM
MD
LG