Линклар

logo-print

Украиналик шифокорлар озодликдан маҳрум қилинган собиқ Бош вазир Юлия Тимошенко қамоқхонада эмас, касалхонада даволаниши кераклигини тан олди.

Хизмат салоҳиятларини суиистеъмол қилганликда айбланиб етти йилга озодликдан маҳрум қилинган Тимошенко жазо муддатини Киевдан 500 километр нарида жойлашган Харков шаҳридаги қамоқда ўтамоқда.

Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко маҳаллий шифокорларни зарурий тиббий ёрдам кўрсатмаётганликда айблаб, ўзини хорижий шифокорлар даволашини талаб қилган.

Украина расмийлари Юлия Тимошенконинг тиббий ёрдамга мухтож бўлган хаста эканлигини шу пайтгача инкор қилиб келаётган эди. Бироқ ҳукумат томонидан тайинланган шифокорлар буни рад қилмоқда.

- Ҳозир биз оғриқ синдроми сурункали бўлиб бораётгани ҳақида гапиришимиз мумкин. Шунинг учун биз блокада килишни таклиф қиляпмиз. Биз бу муолажани бажаришдан бош тортмаймиз.

Биз бунга тайёрмиз. Яна бир марта қайтараман, махсус шифохонада, қамоқхона колониясида эмас, махсус шифохонада спирал компютер томографияси назоратида буни амалга ошириш мумкин, - деди Харков давлат соғлиқни сақлаш бўлими бош нейрохирурги Юрий Котляревский.

Айни пайтда, Украинанинг Умуртқа паталогияси институти директори Никола Корж Юлия Тимошенконинг хасталиги тўғрисида буларни айтди.

- Ҳа, (германиялик шифокорлар айтганидек,) жараён бошланишида операция масаласини кўриш мумкин эди. Ҳозирда вазият бошқача. Улар ўзлари бугунги кунда гап бораётган даволаш курсини таклиф қилишди.

Бу жарроҳлик операциясини назарда тутмайди ва биз бунга қўшилдик, - деди Украинанинг Умуртқа паталогияси институти директори.

Украина собиқ Бош вазирининг яқинлари ва тарафдорлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Украина ҳукуматини Тимошенконинг соғлигига эътибор қаратишга чақирган.

Улар Юлия Тимошенконинг иши сиёсий асосга эга ва бу Украинадаги етакчи мухолифат лидерининг овозини ўчиришга қаратилган, деган фикрда.

Бироқ 20 март куни Украина парламенти аъзоларининг аксари Тимошенко 2009 йилда газ таъминоти бўйича Россия билан имзолаган шартномасини “давлатга ҳиёнат” деб аташ ҳақидаги таклифини ёқлаб овоз берди.

Юлия Тимошенко озодликдан маҳрум этилганидан хавотир билдирган Европа Иттифоқи декабр ойида Украина билан йирик савдо шартномаси имзолашни кечиктирди.

Украина президенти Виктор Янукович Тимошенкони озод қилиш ҳақидаги чақириқларига эътибор бермай келмоқда.

Ҳозир Юлия Тимошенкога қарши, у 90-йиллар бошида хусусий газ компаниясига раҳбар бўлган пайтдаги фаолияти бўйича, янги айбловлар сурилмоқда.

Юлия Тимошенко Украина президенти лавозими учун 2010 йилда ўтказилган сайловда Виктор Януковичга ютқазган.
XS
SM
MD
LG