Линклар

Жанубий Осетия Марказий сайлов комиссияси раҳбари Белла Плиева президентлик сайлови осойишта вазиятда ўтаётганини билдирди.

Унинг айтишича, барча сайлов участкалари ўз вақтида очилган, овоз бериш жиддий қонунбузарликларсиз ўтаяпти.

Маълумотларга кўра, тушгача рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 11 фоизи овоз бериб бўлган. Агар овоз беришда 50 фоиздан кўпроқ сайловчи иштирок этса, сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади. Биринчи босқичда ғалаба қозониш учун президентликка номзодлардан бири 50 фоиз ва қўшимча битта овоз олиши зарур бўлади.

Жанубий Осетиядаги президентлик лавозимига бу гал тўрт номзод – Давлат хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Леонид Тибилов, омбудсмен Давид Санакоев, Жанубий Осетиянинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дмитрий Медоев ва коммунистик партия лидери Станислав Кочиевлар даъвогарлик қилмоқда. Натижалари бекор қилинган аввалги сайловларда ғалаба қозонмиш Алла Жиоева бу гал ўз номзодини қўйгани йўқ. Уйи ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан штрум қилинганидан сўнг касалхонага тушган Жиоева у ердан яқиндагина соғайиб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, Алла Жиоева ғалаба қозонган президентлик сайловлари 2011 йил ноябрида бўлиб ўтганди, бироқ мазкур сайлов натижалари Олий суд томонидан овоз бериш жараёнида йўл қўйилган қонунбузарликлар важидан бекор қилинганди.

Жанубий Осетияда бугун бўлиб ўтаётган президентлик сайловларини 40 дан зиёд халқаро кузатувчи кузатиб бораяпти.

Сайловларнинг дастлабки натижалари МСК томонидан душанба куни эрталаб тақдим этилиши айтилмоқда.

Агар сайловда бирор номзод 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаса, овоз беришнинг якуний натижалари эълон қилинганидан 2 ҳафта ўтиб сайловнинг иккинчи тур ўтказилиши керак.
XS
SM
MD
LG