Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:49

Тошкент ҳокимлиги расмийлари миллионларни ўмаришда айбланмоқда


Тошкент шаҳридаги бир қатор спорт масканлари ва коллеж қурилишида алдов йўли билан 300 миллион сўмга яқин маблағни ўмарган жиноий гуруҳ аниқланган.


Ўзбекистон Бош прокуратураси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Азамат Раҳматовнинг маҳаллий матбуотга маълум қилишича, миллионларни ўғирлашда Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси бўлим бошлиғи Р.Қодиров ва бўлим бош мутахассиси Х. Сайдалихўжаев иштирок этган.

Бу ўринда гап Бектемир туманидаги Г.Красницкий номидаги спорт мажмуаси, Тошкент давлат маданият институтининг ёпиқ спорт мажмуаси ҳамда ёзги спорт майдончаси ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги Тошкент ахборот-технологиялари касб-ҳунар коллежи хусусида бормоқда.

Мазкур иншоотлар қурилиши ва реконструкциясида шаҳар ҳокимлиги инжиниринг компанияси ҳамда пудратчи ташкилот бажарилмаган ишлар учун 300 миллион сўмга яқин маблағни қўшиб ёзган.

Пудратчи ташкилот – “Turon-hamkor qurilish” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ниғматулла Усмонов ҳам давлат мулкини талон-тарож қилишда мансабдорларга шерикликда айбланган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда юзлаб коллеж ва лицейлар қурилди, реконструкция қилинди.

Мутахассисларга кўра, таълим масканлари ўта тез суръатда битказилгани сабабли иншоотлар сифатига талаб даражасида эътибор берилмаган.

Қурилиш тизими мамлакатдаги энг коррупциялашган соҳа экани, коллеж ва лицейлар қурилиши ва таъмирида жуда катта миқдорда маблағ ўзлаштирилгани айтилади.

Аввал хабар берганимиздек, 2011 йилнинг июнида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси директори Абдурашид Абдураҳимов вилоятда қурилган мактаблар ва касб-ҳунар коллежлари ҳисобидан катта миқдордаги маблағни ўзлаштиргани учун жазоланган.

2011 йилда ўз фаолиятида турли қонун бузилишларига йўл қўйгани учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси бошлиғи А. Ҳасанхўжаев ҳам жиноий жавобгарликка тортилган.
XS
SM
MD
LG