Линклар

logo-print

"Ўзбекнефтгаз" давлат холдинги 1 апрелдан бошлаб Тожикистонга табиий газ етказиб бериш тўхтатилишига расмий изоҳ берди.

Расмий изоҳ


Ўзбек матбуоти орқали очиқланган "Ўзбекнефтгаз"нинг ушбу расмий изоҳига кўра, жорий йилнинг 5 январида “Ўзтрансгаз” ва “Тожиктрансгаз” акциядорлик компаниялари ўртасида имзоланган шартноманинг 2.2-бандига мувофиқ Тожикистонга 45 миллион куб метр ҳажмдаги табиий газни йилнинг фақат биринчи чорагида етказиб бериш кафолатлаган.

“Иккита хўжалик юритувчи субъект ўртасида тузилган мажбуриятлар тўлиқ бажарилди ва шу муносабат билан Тожикистон Республикасига табиий газ етказиб беришнинг тўхтатилиши борасидаги буюртма фитналар ҳеч қандай асосга эга эмас”, дея қайд этилади “Ўзбекнефтгаз”нинг расмий изоҳида.

РИА Новости ахборот агентлиги Тошкентнинг Тожикистон учун газ жўмрагини яна ёпиши ҳақида хабар қилиб, бунга Тожиктрансгаз ширкатига йўлланган мактубни асос қилиб келтирган эди.

Агентлик ушбу мактубда Тожикистонга газ берилишини тўхтатилиши газ ресурслари етишмаётгани ва Ўзбекистон газининг асосий харидори бўлган Хитой олдидаги мажбурият бажарилиши кераклиги билан изоҳлангани ҳақида ёзган эди.

Ўзбек-тожик газ музокаралари


Жорий йилнинг 20 январ куни Душанбеда матбуот анжумани ўтказган Тожикистон Энергетика ва саноат вазири Гул Шерали Ўзбекистон 2012 йилнинг биринчи чорагида Тожикистонга 45 миллион куб метр табиий газ етказиб беришни ваъда қилгани, аммо жорий йилнинг кейинги чоракларида газ етказиб бериш масаласи навбатдаги музокаралар чоғида муҳокама қилиниши ҳақида гапирган эди.

- Ўзбекистон томони бизга асосий харидорлар, яъни Хитой ва Россия билан шартнома имзоланганидан кейин қолган газни сотишини очиқ билдирди, - дея қайд этган эди Гул Шерали 20 январда.

Биринчи чорак тугаши билан Ўзбекистон газ беришни тўхтатиши йилнинг бошқа чоракларида газ етказиш масаласи очиқ қолган деган тахминни келтириб чиқаради.

Тожикистон ўтган йилнинг ноябр ойи охирига қадар ўзбек газининг ҳар минг куб метрига 285 доллардан ҳақ тўлаганди, бироқ декабр ойида Тошкент Душанбе учун газ нархини 311 доллар қилиб белгилади.

Газ можаролари...


Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида табиий газ билан боғлиқ можаро жорий йил бошида ҳам кузатилганди.

Тожик расмийлари “Ўзтрансгаз” ширкати ҳеч бир огоҳлантиришсиз ва бир ёқлама қабул қилинган қарори асосида 4 январдан эътиборан Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ узатишни батамом тўхтатган”и ҳақида баёнот бергандилар.

5 январ куни эса икки мамлакат расмийларининг Тошкентда ўтказилган музокараларидан кейин Ўзбекистон ўз қўшнисига табиий газ узатишни қайта бошлаганди.

Тожик расмийлари маълумотига кўра, Ўзбекистондан импорт қилинган газ, асосан, Тожикистондаги ишлаб чиқариш корхоналари, хусусан, Тожикистон алюминий заводи ва "Тожикцемент" заводлари эҳтиёжи учун ишлатилади.

Ҳозирча Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ сотадиган ягона таъминотчидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG