Линклар

logo-print

Кондопогада ўзбек қизни калтаклашди


Кондопога шаҳри 2006 йилда руслар билан чеченлар ўртасида чиққан жанжал билан танилган эди.

Кондопога шаҳри 2006 йилда руслар билан чеченлар ўртасида чиққан жанжал билан танилган эди.

23 март куни Карелиянинг Кондопога шаҳрида асли ўшлик 14 ёшли Мафтуна Раимжонова бир гуруҳ вояга етмаган шахслар томонидан калтакланди. Тажовуз маҳаллий миллатчилар томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Жума куни Россиянинг Кондопога шаҳридаги мактаблардан бирида ўқувчилар орасида келиб чиққан жанжал натижасида Россия фуқароси бўлган 14 ёшли ўзбек қиз жароҳатланди.

Карелия ИИВнинг ахборот маркази раҳбари Татьяна Гарибашвилининг Озодликка берган маълумотига кўра, болалар ўртасидаги жанжал дарс машғулотлари тугагач келиб чиққан.

- У ерда болалар – иккита тўртинчи ва биттаси бешинчи синф ўқувчиcи қор ўйнаб турганида 7 синф ўқувчиси ва Россия фуқароси бўлган бир қизча ўтиб қолган. У қиз уларга тегиб ўтганми, уларни ҳақорат қилганми – ҳозир аниқланяпти – болалардан бири уни итариб юборган ва қизча йиқилиб бошини уриб олган. У уйига келиб холасига айтган, холаси мактабга борган. У ерда травмопунктга жароҳатлар тўғрисида маълумот олиш учун мурожаат қилинг, дейишган. Қизчага мия чайқалиши диагнози қўйилди, дейди Татьяна Гарибашвили.

Карелия Ички ишлар вазирлиги расмийси бу жанжал шунчаки болалар ўртасида бўлиб ўтган маиший жанжал, унга миллатлараро можаро тусини беришнинг ҳожати йўқ, дея таъкидлади.

Гарибашвили хоним Карелия полицияси Кондопога мактабидаги жанжал сабаблари ўрганилаётганини қўшимча қилди.

Россиянинг айрим оммавий ахборот воситалари Кондоподаги болалар ўртасидаги муштлашув миллий нафрат асосида келиб чиққанига урғу бермоқда.

Islam.ru сайти хабарига кўра, Кондопога шаҳридаги 8-сонли мактаб ўқувчиси Мафтуна Раимжоновани тўрт нафар вояга етмаган бола бита (тўқмоқ) билан урган. Улар “Шаҳримизни бўшатиб қўйларинг! Сенга ўхшаганлар босиб кетди!”, дея бақирган, деб ёзади Islam.ru сайти.

Ҳозирда Мафтуна Раимжонова Кондопога шаҳар шифохонасининг травматология бўлимида қолаётгани айтилмоқда.

Маҳаллий мусулмонлар жамоаси Раимжоновлар оиласини ҳар томонлама қўллаб-қуватлаётгани айтилмоқда. Кондопога шаҳар мусулмонлар жамоаси раҳбари Хамзат Магомадов ҳам Озодлик Радиоси билан суҳбатда бу жанжалга миллий тус берилмаслигини гапирди.

- Ҳозир ҳаммаси тинчиб кетди. Бошида бунинг бирор оқибатлари бўлиши мумкинлигидан хавотирландик. Қўлимиздан келган ёрдамни кўрсатдик. Қизча реанимацияда эмас, айрим ахборот воситаларида кўтарилаётган ваҳима асоссиз, деб ўйлайман. Касалхонада қолаётганига қарамасдан, соғлиги дуруст ҳозир, деди Кондопога шаҳар Мусулмонлар жамоаси раҳбари Ҳамзат Магомадов.

Маълум бўлишича, Раимжоновлар оиласи Карелияга Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан кўчиб келган. Мафтунанинг отаси – 34 ёшли Мансур Раимжонов шаҳар мусулмонлари орасида танилган Қурон ҳофизи, обрў-эътиборга эга инсон. У Намангандаги “Мулло-қирғиз” мадрасасида таҳсил олган.

Мансуржон ва Муҳаёнинг бир қиз ва бир ўғли бор. Ўш воқеаларидан кейин Мансур Кондопогага ўзининг онасини ҳам олиб келган.

Россия-1 телеканалининг Карелия бўлими Раимжоновларнинг ўз фарзандларига бераётган исломий тарбияси ҳақида ҳатто махсус кўрсатув намойиш қилган, унинг Қуръони Каримни ёддан билиши ҳақида маҳаллий ахборот воситаларида кўп маротаба хабар қилинган.

(Россия-1 телеканалининг Раимжоновлар оиласи ҳақидаги махсус кўрсатуви)

Карелия Мусулмонлар диний бошқармаси Мафтунанинг маҳаллий безорилар томонидан калтакланишини қонун доирасида тергов қилиш талаби билан чиқди.

Карелия Мусулмонлар диний бошқармаси расмий вакили Амал Тархановнинг Озодликка айтишича, Кондопогадаги воқеа юзасидан Карелия муфтияти тегишли давлат идораларига махсус мурожаатнома тайёрламоқда.

- Агар бу болалар ўртасидаги оддий жанжал бўлса, нега унда қизча оғир аҳволда шифохонада ётибди?! Биз бу воқеа юзасидан мурожаатнома тайёрлаяпмиз. Биз бу воқеа тўғрисида шанба куни эрталаб хабар топдик. Душанба куни эса бу мурожаатнома юборилади тегишли жойларга. Гап шундаки, бундай ҳодиса биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ. Демак, қонун юзасидан тафтиш этилишини талаб қиламиз, чунки биз оилаларимиз тинч-тотувликда яшашини хоҳлаймиз, деди Карелия муфтияти расмийси Амал Тарханов Озодлик билан бўлган суҳбатда.

Кондопога шаҳрида 2006 йилнинг 30 август куни руслар ва чеченлар ўртасида йирик миллатларо тўқнашувлар рўй берган. Шаҳарда чиққан оммавий тартибсизликлар ва муштлашувлар оқибатида икки киши нобуд бўлган, камида тўққиз шахс тан жароҳати олган эди.

Бу жанжал Кондопога ва Россиянинг бошқа минтақаларида кавказликларга қарши оммавий митингларнинг бўлиб ўтишига олиб келган.

Карелия Олий суди ушбу тартибсизликларда айбдор деб топилган Ислом Магомадовга 22 йиллик қамоқ жазоси тайинлаб, яна тўрт шахсга 3 йилдан 10 йилгача муддатга қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG