Линклар

Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ шерободлик пластик карточка эгалари туман “Агробанк”ида 2012 йилнинг март ойида ўз ойлик ва нафақаларидан ҳеч бир изоҳсиз 10 минг сўмдан чегириб қолаëтганидан шикоят қилдилар.


Пластик карточка эгалари ҳайрон

Озодликка сим қоққан шерободликлар тумандаги давлатга қарашли йирик корхоналардан бири хизматчилари. Ўз хавфсизликларидан чўчиган бу хизматчилар исмлари сир тутилишини истадилар.

Уларга кўра¸ ойликлари пластик карточкага ўтказилган 2006 йилдан бери биринчи бор “Агробанк” ҳеч бир аниқ ва шаффоф изоҳсиз¸ март ойи ойлигидан 10 минг сўмдан ушлаб қолган.

- 2006 йилдан бери пластикдамиз. Олдин Пахта банк эди, ҳозир “Агробанк”да. Шу “Агробанк”да 20 март куни бизларнинг пластигимизга пул тушириб берди. Ҳар доим пластикка оламиз. Нақд пул йўқ 2006 йилдан бери. Ҳар бир пластиги бор одамдан 10 минг сўмдан ушлаб қолаяпти. Бир қоғозга ëзиб қўйибди. Пулнинг нархини кўрсатмаган. Кассиримиздан “Нимага олиб қолаяпсизлар?” десак, “Банк чегириб қолаяпти ўзлари. Бир марта ушлаб қолинадиган нарса” деди¸ дейди Озодликка сим қоққан биринчи шерободлик давлат хизматчиси.

Озодлик билан суҳбатда Шерободдаги давлат корхонаси хизматчиларидан яна бири айни ҳол ўзи билан ҳам содир бўлганини айтади:

- Бизларда ҳам худди шундай қилиб ҳар бир пластик эгасидан 10 мингдан ушлаб қолган. “Нимага?” деб савол сўрасангиз, қоғоз кўрсатади. Қоғозга сумма ëзилмаган. Бизга тушунтирди, лекин ушланмасига сумма кўрсатилмаган. Умуман сумма йўқ шунча ушладик деган¸ дейди маоши Шерободдаги Агробанк орқали пластик карточкага ўтказилаëтган яна бир давлат хизматчиси.

Озодлик билан суҳбатда давлатдан маош оладиган учинчи шерободлик ҳам “Агробанк” билан айни муаммога учраганини тасдиқлади:

- Бизнинг бригададан ҳам ушлаб қолди мана. Тўртта пластикдан 10 мингдан 40 минг ушлаб қолди. “Нимага бундай қилади?” десак, “Билмаймиз” дейди улар ҳам, дейди яна бир шерободлик пластик карточка эгаси.


"10 000 сўм чегирилмади¸ депозитга олинди"

“Агробанк”нинг Шеробод бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик мухбири билан суҳбатда март ойида барча пластик карточка эгалари маошидан 10 минг сўмдан ушлаб қолинаëтганини тасдиқлади:

- Шундай¸ шундай бўлаяпти? Чегириш эмас бу, ўзининг турган, ўзининг кафолати ҳақидаги суммаси 10 минг сўм. У пластикнинг ичида туради. Пластикни бизга топширадику, топширган пайтда ўша пулни қайтариб берамиз. Пластикнинг ичида блок счëтда турибди. Бир марта ўзи шундай қилинади залоговий сумманинг ўзи. Олиб қолмайди, пластикнинг ичида туради. Фақат ўша 10 минг сўмни ишлата олмайди. Ўзининг пластигининг ичида туради. Биз бу хатларни олиб бориб ҳокимиятга ҳам таништириб, ҳоким муовинларига ҳам кўрсатиб, таништириб, хатларни берганмиз¸ деди “Агробанк”нинг Шеробод бўлими расмийси.

Ҳар бир пластик карточка эгасининг 2012 йилги март ойи маошидан 10 минг сўмдан кафолат учун ушлаб қолиш Ўзбекистон Марказий банки кўрсатмаси асосида бўлаëтганини таъкидлаган банк расмийси¸ нега бундай кафолатнинг одамларга пластик карточка очилган пайтда эмас¸ айнан бугунга келиб ушлаб қолинаëтганига изоҳ бермасдан¸ телефон гўшагини илиб қўйди. Суҳбат давомида “Агробанк” ходими Марказий банкнинг бундай кўрсатмаси фақат “Агробанк” эмас¸ балки қолган банкларга ҳам тегишли эканини таъкидлади.

Бошқа банкларда бундай гап йўқ....

Озодлик мухбири пластик карточка эгаларидан кафолат учун 10 минг сўмдан олиб қолиниш ҳоллари бошқа банкларда ҳам бор-йўқлиги билан қизиқиб¸ Шерободдаги “Халқ банки” билан боғланди.

Аммо “Агробанк” каби Шеробод марказидаги Мустақиллик кўчасида жойлашган “Халқ банки”ходими на Марказий банкдан бундай кўрсатма бўлгани ва на ëппасига карточка эгаларидан кафолат пули олиб қолинаëтганидан бехабарлигини айтди:

- Пластик карточка олинганда¸ бошида 10 минг тўлови бўлади. Пластикнинг ичига солиб берилади. Биринчи очаëтганда счëтига ўша 10 минг пул ташлаб берилади. Кассага 10 минг нақд пул тўлайди. Биз пластикка солиб берамиз загрузка қилиниши учун, очилиши учун. Хизмат ҳақи эмас у. 10 минг нақд пул тўлайди, янги пластик очилади бўлди. 10 мингни пластикка солиб берамиз ишлатаверади. Нақд пул кирим бўйича 10 минг сўмдан тўлаши керак бўлади¸ бўлди. Мен пластик карточка эгалари пулидан қандайдир чегириш ва кафолат пули олинишидан бехабарман¸ деди Шерободдаги “Халқ банки”нинг ўзини таништирмаган ходими.

Мирзиëевнинг банки... "Энг яхши банк!"

2009 йилда аввалги "Пахтабанк" асосида ташкил этилган "Агробанк" очиқ турдаги ҳиссадорлик тижорат банки бошқарув кенгашига Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев раҳбарлик қилади.

2009 йилдаëқ Британиядаги "The Banker" нашри томонидан Ўзбекистондаги йилнинг энг яхши банки деб топилган "Агробанк"¸ расмий сайтида ëзилишича¸ ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб 13 та минтақавий бошқарма¸ 183 та филиал ва 300 минибанкк эга.

Ҳозирга келиб "Агробанк"нинг 232 000 юридик шахс ва 1 миллиондан ошиқ жисмоний шахсга хизмат кўрсатаëтгани айтилади.

Ҳозирча Озодлик "Агробанк"нинг бошқа вилоят ва туманлардаги бўлимларида ҳам пластик карточка эгалари маошидан 10 минг сўмдан кафолат деган иддао билан ушлаб қолинаëтганига оид маълумотга эга эмас.

Агар 2012 йилнинг март ойида "Агробанк"нинг 1 миллион нафар мижозининг ҳар бирида пластик карточка бор деб фараз қилинса¸ бундай кафолат пули ушлаб қолиш мижозларнинг 10 миллиард сўмини номаълум муддатга музлатиб қўйишни¸ банк ва унинг ҳомийлари учун эса¸ шунча пулдан эркин фойдаланиш имкони яратилишини англатади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG