Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 03:39

Сеулда дунёни ядро хавфидан сақлаш муҳокама қилинмоқда


Душанба куни Сеул шаҳрида дунёнинг 50 ортиқ давлати етакчилари иштирокида икки кунлик ядровий хавфсизлик саммити бошланди.


Саммитда сўзлаган давлат раҳбарлари дунё бўйлаб ядровий қуроллар сонини қисқартириш, ҳануз ядровий тадқиқотларидан бош тортмаётган Эрон ва Шимолий Корея каби давлатларни бу йўлдан қайтаришга эришиш зарурати ҳақида сўзлади.

Саммитда, шунингдек, собиқ совет давридан мерос қолган ядровий хомашёларни хавфсизлантиришга эришгани учун Қозоғистон ва Украина раҳбарияти олқишланди.

Жумладан, саммитида сўзлаган АҚШ президенти Барак Обама Россия билан кейинги мулоқотлари давомида ядровий қуролни қисқартиришга диққатини қаратишини айтди.

Обама ядровий қуроллари сони билан дунёда етакчи бўлган АҚШ ва Россия бу борада 2010 йилда келишиб олгани, келгусида қуроллар сонини қисқартиришга эришишини ҳам урғулади.

- Биз Россия билан келгуси мулоқотларимизда илгари тутмаган даражадаги позицияни тутиб, нафақат стратегик қуроллар, балки тактик қуроллар ва заҳирадаги ядровий каллакларни ҳам камайтириш масалаларини муҳокама қилиш йўлларини қидирамиз. Мен май ойида Владимир Путин билан бу масалаларни муҳокама қилишга ҳозирлик кўряпман, - деди, жумладан, Барак Обама.

Сеул саммитининг кун тартибидаги бош масала ядровий қуролларнинг террорчи гуруҳлар қўлига ўтиб қолиши хавфини бартараф қилиш йўлида дунё миқёсидаги ҳамкорликни кучайтириш масаласи бўлмоқда.

Жанубий Корея расмийларидан олинган маълумотларга кўра, саммит доирасидан ташқарида ўтадиган икки томонлама ва кўп томонлама учрашувларда Шимолий Корея ва Эрон ядровий дастури масаласи ҳам муҳокама этилмоқда.

Хусусан, АҚШ президенти Обама ўз нутқи чоғида Эрон ва Шимолий Кореяни халқаро ҳамжамият ядровий қуролланишга тоқат қилмаслигидан ҳам огоҳлантирди.

Обама Шимолий Корея бугунги ҳаракатларида давом этар экан, халқаро изоляцияга тушиши мумкинлигидан гапирди.

- Шуни аниқ биламанки, провокациялар бундан буён рағбатлантирилмайди. У кунлар ўтди. Пхенян етакчиларига мен "Олдингизда танлаш имкони бор, тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва Шимолий Корея халқига фаровон яшаш имконини беришга ўзингизда журъат топинг", демоқчиман, - деди Барак Обама.

Оқ Уйдан олинган маълумотга кўра, саммитнинг биринчи куни адоғида АҚШ раҳбарининг Хитой раҳбари Ҳу Цзинтао билан алоҳида учрашуви белгиланган.

Музокаралар бош мавзуи Шимолий Корея томонидан қилиниши мумкин бўлган “эҳтимолий провокация”га қарши ҳамкорлик қилишга келишиш бўлиши айтилмоқда.

Эрон ядровий дастури инқирозига ечим топиш бобида сўзлаган Обама Эрон раҳбариятини бўҳронларга сабаб бўлиб қолаётган Теҳрон ядровий дастури муаммосини ҳал қилишда тезроқ ҳаракат қилишга чорлади.

АҚШ президенти бунинг учун Теҳрон раҳбариятига берилган муддат ўтиб бораётганини ҳам эслатди.

Барак Обама берган яна бир баёнотида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни ядровий материалларни хавфсизлантириш йўлидаги ишлари учун олқишлади.

- Марказий Осиё минтақасида Қозоғистон айнан шу масалада етакчилик қилиб келди ва шунинг учун икки кунлик саммитт чоиғда бунинг учун муносиб баҳосини олади, - деди Обама.

Икки президент Сеулда иш бошлаган ядровий хавфсизликка оид саммит доирасида учрашди.

Расмий маълумотга кўра, Қозоғистон ҳукумати собиқ совет давридан мерос қолган 13 тоннадан зиёд тўйинтирилган уран ва плутонийни АҚШ ёрдамида хавфсизлантиришга эришган.

Душанба куни Сеул саммитида сўзлаган Барак Обама бу каби меросни хавфсиз, террорчиларнинг қўли етмас жойга кўчиришга муваффақ бўлгани учун Украинани ҳам олқишлади.
XS
SM
MD
LG