Линклар

27 март куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида ўтган йилнинг 16 ва 17 декабридаги Жанаўзен воқеалари бўйича маҳкама бошланади.

Суд очиқ бўлади


Ўтган йилнинг декабрида Жанаўзенда содир этилган тартибсизликлар бўйича қора курсида жами 37 киши ўтирибди.

Расмийлар маълумотига кўра, маҳкамада олти нафар давлат қораловчиси ва 12 адвокат ҳамда 100дан зиёд жабрланувчи ва 45 нафар гувоҳ иштирок этади.

Қозоғистон Олий суди вакили Оксана Петерс Остонада ўтказилган матбуот анжуманида хабар қилишича, маҳкама Ақтаудаги "Арман" маркази биносида ўтказилади.

Петерсга кўра, суд очиқ бўлиб, хоҳлаган одам маҳкамани кузатиши мумкин.

- Маҳкама жараёнининг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлаш мақсадида барча зарурий имкониятлар ишга солинди. Суд йиғилишлари пайти кузатувчилар, судланувчи ва жабрланувчиларнинг қариндошлари, ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотлари вакилари учун қўшимча ўринлар яратилди. "Арман" маркази маҳкамада кўп сонли иштирокчилар қатнашишга имкон беради, деди Оксана Петерс.

Шунингдек, Петерсга кўра, журналистлар учун матбуот зали ташкил қилиниб, Манғистау вилоят суди вакили маҳкама йиғилишлари бўйича маълумот бериб туради.

Панжара ортида полициячилар борми?


Остонадаги анжуманда журналистларнинг "37 нафар судланувчи орасида полициячилар ҳам борми?"деган саволи жавобсиз қолди.

Январ ойи охирида уч қозоқ полициячиси Жанаўзен воқеаларида намойишчиларга нисбатан қурол қўллашда айбланиб маҳкамага тортилиши эълон қилинган эди.

25 январ оқшомида “Қозоғистон” телекомпанияси эфири орқали сўзлаган Бош прокурор Асхат Даулбаев Жанаўзен воқеалари чоғида “айрим ҳолларда полиция томонидан ўқотар қурол ва махсус воситаларнинг қўлланиши ўринсиз бўлган”ини, полициячиларнинг ўз ваколатларидан четга чиқиб, ноқонуний равишда қурол қўллагани одамлар ўлими ва яраланишига олиб келганини қайд этган эди.

Қозоғистон Олий суди матбуот хизмати маълумотига кўра, 30 нафар судланувчи ҳисбда сақланмоқда, 7 нафари шаҳардан чиқмаслик шарти билан очиқда юрибди.

Лекин судланувчилар орасида полициячилар бор ёки йўқлиги ошкор қилинмади.


Тартибсизликлар 17 кишининг ёстиғини қуритди


2011 йилнинг 16 ва 17 декабр кунлари Жанаўзен шаҳри ва Шетпе қишлоғида юз берган тартибсизликлар чоғида ўқотар қурол қўлланилиши оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 17 киши ҳалок бўлган, 100 киши ярадор бўлган.

Тартибсизликлар чоғида 125 объектга шикаст етказилган ва таланган.

Президент Назарбоев фармони билан Жанаўзенда жорий қилинган фавқулодда ҳолат 31 январ куни тугади.
XS
SM
MD
LG