Линклар

logo-print

Чўзилган қиш Қирғизистон учун муаммо яратмоқда


Бишкек-Ўш автойўли қишин-ёзин Қирғизистондаги энг серқатнов йўл бўлиб ҳисобланади.

Бишкек-Ўш автойўли қишин-ёзин Қирғизистондаги энг серқатнов йўл бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистоннинг тоғли жойларига бу йил кўп миқдорда қор тушиши ва кутилмаган кўчкилар сўнгги кунларда Бишкек-Ўш стратегик автойўлининг ёпилиб қолишига сабаб бўлди.

Қирғизистоннинг шимолий ва жанубий пойтахтларини боғловчи бу ягона, стратегик жиҳатдан ўта муҳим бўлган автойўл фақат 26 мартга келиб очилди, унгача эса бу йўлда тушган кўчкилардан 9 киши ҳалок бўлди.

Йўл очилган куни мамлакат президенти Алмазбек Атамбаев куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари билан Бишкек-Ўш йўлининг тоғли участкаларидаги қор тиқинлари сабабли юзага келган танг вазиятни муҳокама қилди.

Атамбаев бу мажлисда превентив чоралар кўролмаган Фавқулодда вазиятлар вазирлигини танқид қилди ва бундан буён табиий офатлар чоғида имкон қадар қурбонлар бўлмаслигига ҳаракат қилиш юзасидан топшириқлар берди.

- “Кўчки тушсин, кейин чора кўрамиз” деб ўтирмасдан бунақа пайтларда аввалдан чора кўриш керак-да. Ахир 2-3 ой аввал маълум эди-ку кўчки тутиши. Қор жуда кўп ёғди, кўчки тушиши тайин эди. Биз нимани кутиб ўтирдик? “Кўчки тушсин, йўл ёпилсин, 9 киши ўлсин”, деб кутдикми? Ахир фавқулодда вазиятлар вазирлиги табиий офатларнинг олдини олиш учун тузилмаганми? Баъзан кутилмаган ҳодисалар юз бериб туради, бунақа пайтда илож йўқ. Имкон бўлса, аввалдан маълум бўлган нарсалар бўйича олдиндан ҳаракат қилиш керак. Агар ёрдам керак бўлса, берардик. Бунинг учун бюджетда маблағ етарли, - деди Алмазбек Атамбаев.

Қор кўчкиларининг мунтазам равишда тушиб туриши сўнгги ҳафта мобайнида Бишкек-Ўш йўлининг ёпиб қўйилишига сабаб бўлди. Озодликнинг қирғиз шўъбасига интервю берган Фавқулодда вазиятлар вазири Қубатбек Бўрўнов, хавфли участкалар ҳали ҳам борлиги сабабли, 27 мартдан бошлаб мазкур автойўл яна вақти-вақти билан ёпиб қўйилишини билдирди.

Аввалроқ тоғдаги қор уюмларини тўпга тутиб, уларни мажбуран тушириш чоғида эски тўплардан фойдаланилаётгани ва бу тўплар нишонни уролмаётгани ҳақида айбловлар янграганди. Вазир Бўрўнов фикрича, бу айбловлар ишонарли эмас.

- Тўпнинг эскиси бўлмайди, қурол ҳам эскирадими ахир? Бу артиллерия қуроли билан биз Кўчкубулақ участкасида икки миллион куб метрдан кўпроқ қор қопламасини индиришга муваффақ бўлдик. Унинг баландлиги 30-35 метрга, эни эса 420 метрга етарди. Бу кўчки табиий йўл билан кўчганда нима содир бўлишини тасаввур қилаяпсизми? Худога шукурки, ҳаммасини эсон-омон тушириб олдик. Хавфли жойлар ҳали ҳам кўп. Бу йил қишда биз олти марта қор чўққиларида текширув ўтказдик. Яна бу борада қўшимча режаларимиз бор, ўшаларни амалга оширамиз, - деди Фавқулодда вазиятлар вазири Қубатбек Бўрўнов

Айни пайтда Бишкек-Ўш йўналиши бўйлаб қатновчи таксичилар ҳозир мамлакатнинг асосий автотрассасида вазият нормал эканини айтмоқдалар.

Қирғизистон метеорология маркази маълумотларига кўра, бу йил мамлакатда қиш бир ойга чўзилган. Ҳаво бироз илиши натижасида март ойида тоғли жойларда кўчкилар тушиб, бу кўчкилар остида қолган 9 киши ҳаётдан кўз юмди.

Кўчкиларнинг учдан бири одамлар бетўхтов қатнаб турадиган Ўш-Бишкек йўли ҳиссасига тўғри келади.

Бу йил қиш чўзилиши оқибатида Қирғизистоннинг тоғли қишлоқларида ҳам аҳвол танглашди. Бу жойларда кўмир ва чорва моллари учун ем-хашак танқислиги кузатилмоқда. Айни пайтда, Озодликнинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида истиқомат қилувчи муштарийларидан бирининг маълум қилишича, маҳаллий ўзбек қишлоқлари ҳам тоғли қишлоқларга ем-хашакдан ёрдам бермоқда.
XS
SM
MD
LG