Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:22

Тожикистон президенти интеграция тарафдори


Имомали Раҳмон Афғонистон, Эрон, Покистон ва Тожикистон ўртасида иқтисодий, маданий ва хавфсизлик масалаларига оид ҳамкорлик форумини тузиш таклифи билан чиқди.

Тўрт мамлакатнинг иқтисодий, маданий ва хавфсизлик масалаларида интеграциялашувига оид бу таклиф 26 март куни RECCA-V анжуманида илгари сурилди.

Президент Имомали Раҳмонга кўра, Тожикистон, Афғонистон, Эрон ва Покистон қисқа вақт ичида электр энергияси, табиий газ ва тоза ичимлик сувини узатиш замонавий тизимини ишлаб чиқиш керак. Шунингдек, тожик президенти бу тўртала мамлакат автомобил ва темир йўллари қуриш устида ҳам фаолроқ ишлаши лозимлигини уқтирди.

Имомали Раҳмон таъкидича, ўз навбатида Тожикистонда қурилажак ГЭСлар қўшни давлатлар, жумладан, Афғонистон ва Покистонни арзон электр билан таъминлаш имкониятини беради.

Тўрт давлат интеграциясига оид тожик президентининг таклифи ҳозирда Душанбе тадбирида бўлиб турган Аҳмадийнажод, Карзай ва Зардорий жаноблари томонидан баравар қувватланди.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Бузургмеҳр Ёров мулоҳазасича, бу давлатларнинг ўзаро тиғиз ҳамкорлиги кўп жиҳатлари билан Тожикистон учун истиқболлидир.

- Хусусан, дини, тили, тарихи ва маданияти жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган Эрон, Тожикистон ва Афғонистоннинг интеграциялашуви кўпроқ тожикистонликларга манфаат келтириши мумкин. Борди-келди, тижорат қолаверса, маданий алоқаларимиз янада мустаҳкамланади. Бошқа томондан, бу бирикиш Тожикистоннинг иқтисодий ўсишига кўмаклашади, -дейди таҳлилчи Ёров.

Шу ўрнида эслатсак, бундан уч йил аввал Тожикистон, Афғонистон ва Эрон ягона телевидение ташкил қилиш борасида уч томонлама шартнома имзолаган эди. Бироқ, орадан шунча вақт ўтганига қарамай, ҳамон форсийзабон давлатларнинг ягона телевидениесини ташкил этиш ғояси қоғоздан амалга кўчмади.

Хавфсизлик масаласида мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов фикрича, тўртала давлат интеграцияси Тожикистонга ва у туфайли Ўзбекистонга ҳам беқарорлик олиб келади, холос.

- Бу интеграциянинг Тожикистон учун умуман фойдаси йўқ. Эрон билан муносабатлари кескинлашган Америка ўзининг буржуазия сиёсати билан Афғонистоннинг урушини, Покистоннинг беқарорлигини Тожикистонга, ундан кейин эса Ўзбекистонга кўчириши табиий. Тожикистон томонидан интеграция масаласида илгари сурилган таклиф НАТО кучлари Афғонистондан олиб чиқилганидан ва афғонлар ерида тинчлик ўрнатилгандан кейингина амалга оширилиши мумкин. Ҳозирча эса тўртала давлат, хусусан, Тожикистону Эроннинг интеграциялашуви фақат катта жанжаллар ва иқтисодий зарарларга сабаб бўлади, холос, - дея мулоҳаза билдирди мустақил таҳлилчи Раҳматов.

Шуни ҳам айтиш лозимки, Афғонистон масалалари бўйича икки кунлик анжуманда қатнашиш учун Душанбега келган Эрон ва Афғонистон президентлари тожикистонлик ҳамкасби Имомали Раҳмон билан учрашувлар якунида Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудидан ўтиб, Хитой билан Афғонистонни боғловчи темир йўл ҳамда нефт, табиий газ узатиш линияларини қуриш борасида меморандум имзолади.

Тожикистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, ана шу лойиҳалар бўйича яқин кунларда давлатлараро махсус комиссия тузилади ва мазкур комиссия аъзоларининг илк йиғилиши Теҳронда бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG