Линклар

Сурия Кофи Аннаннинг тинчлик режасини қабул қилди


Сурия бўйича БМТ ва Араб Лигаси махсус вакили Кофи Аннаннинг матбуот вакили Аҳмад Фавзи Сурия ҳукумати зўравонликларни тўхтатишини кўзда тутувчи режани қабул қилганини эълон қилди.

27 март куни Пекинда сўзлаган Аннан бу ҳақда Сурия ҳукуматидан мактуб олганини айтди.

- Мен Сурия ҳукуматидан ижобий маънодаги жавоб мактубини олдим ва унинг тафсилотини кейинроқ оммага ошкор қиламан. Уни амалга тадбиқ этиш учун улар билан бирга ишлашга умид қиламиз,- деди Сурия бўйича БМТ ва Араб Лигаси махсус вакили.

Кофи Аннаннинг тинчлик дастури Сурияда зўравонликларни дарҳол тўхтатиш, қуршовга олинган ҳудудларга гуманитар ёрдам етказиш ҳамда ҳукумат ва мухолифат ўртасида музокаралар бошлашни назарда тутган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари, жумладан, Россия ва Хитой Аннаннинг тинчлик дастурини дастаклаган.

БМТ маълумотига кўра, 2011 йил март ойида президент Башар Ал-Ассад режимига қарши оммавий норозиликлар бошланганидан бери Сурияда камида саккиз минг киши, асосан тинч аҳоли вакиллари ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG