Линклар

Расмий ташкилотлар Эски шаҳарнинг қайси қисми бузилиши ва қурилиши 4 ойлардан сўнг маълум бўлишини айтмоқда.

Эски шаҳарни 2020 йилгача янгилашга қарор қилинди

12 март куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2020 йилга қадар Тошкентнинг Эски шаҳар қисмини тўлиқ таъмирдан чиқариш ҳақидаги қарорга имзо чеккани ва бу ҳақда 16 март куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашида сўзлаганидан сўнг эски шаҳарликларда қатор саволлар туғилди.

Хусусан, Озодликка бўлган мурожаатларда Эски шаҳарнинг таъмири қачон бошланиши, шаҳарнинг қайси қисмидан бошланиши, қанча уй бузилиши ва ўрнига қурилажак иншоотлар қандай қурилиши хусусидаги саволлар бўлмоқда.

Боиси, ҳозирча расмий ахборот воситалари шу мазмунда қарор имзоланганини хабар қилдилар, аммо таъмирга оид тафсилотларни ҳали эълон қилгани йўқ.

Эски шаҳар замонавий янги шаҳар бўлади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам ўз нутқида Эски шаҳарни таъмирлашдан мақсад пойтахтнинг бу қисмини замонавий талабларга жавоб берадиган, телекоммуникация тизими билан таъминланган шаҳарга айлантириш экани ҳақида сўзлади, холос.

- Авваламбор йўл-транспорт, коммуникацияларнинг ҳолати, турар-жой массивларини ичимлик суви, канализация, иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш даражаси замонавий талабларга, шаҳарсозлик ва санитария нормаларига қанчалик жавоб беришини ҳисобга олишдан иборат. Иккинчи масала, реконструкция ишларини амалга оширишда Тошкент шаҳри, айниқса унинг эски шаҳар қисмидаги миллий меъморчилигимизни, тарихий меъморий ëдгорликларни асраб-авайлашдан иборат, - деди президент Каримов Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашида йиғилишида қилган нутқида.

Таъмир ҳақида гап бор, аммо қандоқлиги номаълум

Ҳозирча, таъмирлашга оид режа ҳақида ҳеч бир маълумот берилмагани учун Эски шаҳарда истиқомат қилувчи аҳоли орасида хавотирлар кучаймоқда.

Тошкент шаҳрининг, асосан, Олмазор ва Шайҳонтоҳур туманларини ўз ичига олган Эски шаҳар аҳоли нисбатан зич яшайдиган, қадимий маҳаллалардан иборат.

Бу ерда эски хонадонлар ҳам кўп. Айни пайтда замонавий кўринишда қурилган янги уй-жойлар ҳам бор.

Жумладан, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги ана шундай қадимий маҳаллалардан бирида туғилиб ўсган кекса ёшли Муяссар опанинг сўзларига кўра, эски шаҳарликлар орасида уйлари бузилиши, унинг ўрнига эса кўп қаватли уйлардан хонадонлар берилиши мумкинлиги ҳақидаги овозлар юрибди.

- Эски шаҳарда бизни атрофимиздаги 13 та эски маҳалла бузилармиш, Чорсуни атрофидан бошланармиш, деб айтишди. Агар шу хоандонларда ҳамма битта хотини ёки эрининг номида пропискада бўлса, қолганларга жой берилмасмиш, деб айтишяпти,- дейди Эски шаҳарда истиқомат қиладиган пенсионер Муяссар опа.

5-6 хоналик ҳовли ўрнига 5-6 хоналик квартира

Эски шаҳардаги айрим хонадонларда 10 ёки ундан ортиқ одам, яъни 2-3 оила бирга истиқомат қилаётган хонадонлар бор. Бундай хонадонларда ота-она ва уйланган бир неча ўғил оиласи билан бирга истиқомат қилади.

Ўртача 2-4 сотихлик ҳовлиларнинг аксариятида 5-6 хоналик уйлар бор. Содда айтилганда, 3 ёки 4 тадан бир уй-бир даҳлизлик иншоотлар бор.

Шу вақтга қадар ҳам шаҳарнинг Эски шаҳар қисми ва яна бир неча массивларида таъмирлаш ишлари бўлган ва эски маҳалларлар бузилган эди.

Хусусан, Эски шаҳарда қурилган Хасти Имом комплекси ўрнида бузилган эски маҳаллаларда бир неча оилалик хонадонларга шаҳар четидан қуруқ ер ёки шаҳар марказларидаги кўп қаватли уйлардан кўп хонали битта хонадон таклиф қилингани ҳам кузатилган эди.

Бир ҳовлида алоҳида-алоҳида уйлар билан таъминланган оилалар кўп қаватли уйлардаги кўп хонали битта хонадонга кўчишга норозилик билдиргани кузатилган.

Эски шаҳарлик Муяссар опанинг сўзларига кўра, ҳозир кенг, кўркам ҳовлида яшаётган аҳоли шу вақтгача кузатилгани каби мажбурий танлов қаршисида қолишдан хавотир қилмоқда.

Таъмирга қарор қилинди, лекин ҳали режа йўқ

Озодлик мухбири тошкентликлардан келиб тушган саволлар асосида президент қарори билан Тошкент шаҳрининг таъмирига масъул қилинган қатор ташкилотларга боғланди.

Жумладан, Тошкент Архитектура ва қурилиш бошқармаси, “Тошкентбошпланлити” ташкилоти, Тошгипрогор лойиҳалаш институтларига қайта ва қайта мурожаат қилинди.

Бу ташкилотлардан олинган маълумотларга кўра, Эски шаҳарнинг таъмири қачон бошланиши ва қаердан бошланиши ҳақида гапиришга ҳали мутлақо эрта.

- Ҳозир Эски шаҳарнинг қайси қисмини таъмирлаш ва қаеридан бошлашни аниқлаб берадиган махсус комиссия тузиляпти. Асосан, тарихчилар ва мутахассислар шаҳарнинг тарихий ёдгорликлар бўлган қисмини аниқлапти. Учта катта ташкилот ишлаяпти бунинг устида. Кейин бу комиссия маҳаллама-маҳалла айланиб, таъмирланадиган маҳаллаларнинг чегарасини аниқлайди, - деди, жумладан, “Тошкентбошпланлити” ташкилоти мутасаддиларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Бу расмийга кўра, ҳайъат тузиш учун 10 кунлик муҳлат берилган.

Бу ҳайъат томонидан бузиладиган ҳудудни белгилаш ва бу ҳудуднинг аҳволини ўрганиб чиқиш учун яна 1 ойлик муҳлат ажратилган.

Тошгипрогор лойиҳалаш институти мутасаддиларидан биридан олинган маълумотга кўра, таъмирланадиган ҳудуд аниқланганидан сўнг 3 ой ичида таъмир концепцияси ишлаб чиқилади.

- Яъни, таъмир қаердан бошланади, қандай бошланади, қандай амалга оширилади, қанақа ёдгорликлар сақланади - ҳаммаси концепцияда кўзда тутилади. Кейин бу концепция Кабминга (Вазирлар Маҳкамаси - Таҳ.) берилади. Кабмин муҳокама қилиб берганидан кейин бизга ўхшаган ташкилотлар проектни чизади. Бунга анча вақт кетади, лекин, - деди Тошгипрогор лойиҳалаш институти мутасаддиси.

Эски шаҳарликларга жавоб камида 4 ойдан сўнг бўлади

Шу тариқа, расмий ташкилотлардан олинган маълумотга кўра, Эски шаҳарликлар улар яшаб турган маҳаллалар бузилиш ёки бузилмаслиги ҳақидаги маълумотни камида яна 4 ойдан сўнг олиши мумкин.

Таъмир ишларининг ўзи эса, яъни хонадонларнинг бузилиши ва аҳолининг кўчирилиши 2013 йилдангина бошланиши мумкин.

- Лекин бу ҳам ҳали аниқ гапмас, синглим. Чунки, иш эндигина бошланяпти. Мен тушунаман, одамлар хавотирга тушиб қолган. Лекин, мен айтишим мумкин, хавотирга ўрин йўқ. Уйи бузиладиган оилаларга уй-жой берилади, ҳаммаси назарда тутилган, - деди мутасадди ташкилотлардан бирининг Озодликка микрофонсиз сўзлаган бош мухандиси.

Энг зич маҳалалар Олмазор ва Шайҳонтоҳурда

Расмий маълумотларга кўра, Тошкентнинг 2013 йилдан бошлаб таъмирланиши кутилаётгани Эски шаҳар қисми энг аҳоли зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади.

Олмазор туманида 400 мингдан ошиқ, Шайҳонтоҳур туманида эса 400 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Олмазор туманида аҳоли зичлиги ҳар километр квадратга қарийб 9 минг киши, Шайҳонтоҳур туманида эса 11 минг кишидан тўғри келади.

Хусусан, Шайҳонтоҳур Тошкентнинг аҳоли энг зич жойлашган тумани ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG