Линклар

Андижонда ўқувчилар учун махсус автобус ташкил қилинди


Андижон автопарки болаларга беминнат хизмат кўрсатиш учун тўртта Isuzu миниавтобусини ажратгани айтилмоқда.

Андижон автопарки болаларга беминнат хизмат кўрсатиш учун тўртта Isuzu миниавтобусини ажратгани айтилмоқда.

Андижонда мактаб ўқувчиларини, худди АҚШдаги каби, бепул мактабга оборадиган ва олиб келадиган автобуслар ташкиллаштирилди. Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакилининг Озодликка айтишича, мақсад мактабдан узоқда яшайдиган ўқувчиларга қулайлик яратиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир.

Андижон шаҳрида йўлга қўйилган махсус автобуслар ўқувчиларни, ҳудди АҚШдаги каби, бепул мактабга обориб, олиб келмоқда, дейди шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот вакили Нателла Мустафоева.

- Ҳар икки тарафдан иккитадан автобус ҳар куни эрталаб ва тушки пайт ўқувчиларни мактабга таший бошлади,- дейди Мустафоева.

Унинг айтишича, шаҳар автобуслар парки билан ҳамкорликда ҳар куни эрталаб ва дарслардан кейин ўқувчилар учун Андижон автопарки тўртта бепул автобус ажратган.

Нателла Мустафоеванинг Озодликка айтишича, бепул автобусларни йўлга қўйишдан мақсад мактабдан узоқда яшайдиган ўқувчиларга қулайлик яратиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

- Ўқувчилар хавфсизлиги ва йўл ҳалокати ҳолатларининг олдини олиш учун шаҳар автобус парки ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамкорликда ҳозирча тўртта автобусни йўлга қўйдик. Улар муайян йўналишда ҳаракатланиб, ўқувчиларни мактабларига вақтида элитмоқда,- дейди Мустафоева.

Аввалроқ фарзандлари транспортда мактаб, лицей, гимназияга қатнайдиган бир гуруҳ андижонлик ота-оналар ўқувчиларни ташийдиган мактаб автобуслари ташкил қилиш кераклиги тўғрисида таклиф билан чиқишган эди. Эркинжон Каримов Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон вилоят кенгаши раиси:

- Энди шаҳарни биласиз, айрим ўқувчилар мактабга яқин яшайди, айримлари ўзи хоҳлаган мактабга бориш учун шаҳарда қатнайдиган автобусдан фойдаланади. Шунинг учун мана шундай махсус автобусларни ташкиллаштирилиши мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз,- дейди Эркинжон Каримов.

Қиш чилласида, айниқса, уйидан узоқдаги мактабларга қатнайдиган ўқувчилар қийналади. Сабаби, улар транспорт тўхтата олмай йўл бўйида узоқ қолиб кетадилар.

Ўзбекистонлик ота-оналар автобус ҳайдовчилари ёш бола пулсиз деб, тўхтатмай ўтиб кетиш ҳолларидан шикоят қилиб келади.

Андижон вилоятида жамоат транспорти учун юзга яқин автобус йўналишга қўйилган. Ҳар бир автобусда 7 ёшгача бўлган болалар бепул юришлари мумкин.

- Ўзи асли қонун бўйича етти ёшгача автобусда юриш бепул. Лекин бу махсус автобуслар қайси ёш қайси синфда бўлишидан қатъий назар ўқувчиларни бепул мактабга обориб, олиб келади,- дейди Нателла Мустафоева.

Келажакда Андижон вилояти автотранспорт идоралари томонидан коллеж, лицей ва мактаб ўқувчилари учун имтиёзли хизматлар миқёси кенгайтирилиши режаланмоқда.

Ҳозирда Жалолқудуқ, Қўрғонтепа, Балиқчи, Улуғнор, Хўжаобод, Андижон туманларида ўқувчилар учун йўл ҳақи 50 фоизгача арзонлаштирилган.

Андижоннинг Избоскан туманида ўқувчилар учун 50 фоизли чегирма маршрут таксиларида ҳам амал қилади.

- Андижонда йўлга қўйилаётган ўқувчилар учун махсус автобуслар тизими бошқа вилоятлар учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин келажакда,- дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон вилоят кенгаши раиси Эркинжон Каримов.

Ҳозирча ўқувчиларни махсус автобусларда ташиш Ўзбекистоннинг фақат Андижон вилоятида йўлга қўйилмоқда.

Андижон шаҳрида бошланган бу тушаббус келажакда бутун Ўзбекистон бўйлаб ўқувчиларнинг АҚШдаги каби махсус сариқ автобусларда ташилиши йўлга қўйилишига туртки бўлса ажабмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG