Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:55

Араб Лигаси саммити хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган ҳолда ўтмоқда


Араб Лигаси саммитининг биринчи кунида иқтисод, молия ва савдо вазирлари учрашди.
Араб Лигаси саммитининг биринчи кунида иқтисод, молия ва савдо вазирлари учрашди.

Бағдодда Араб Лигаси саммити бошланди. Ироқ Ташқи ишлар вазири Суриядаги вазият кескинлашаётган бир пайтда саммитнинг Ироқда ўтказилиши “муҳим аҳамиятга эга экани”ни таъкидлади.

Ироқ пойтахти Бағдодда сўнгги йигирма йилдан ортиқроқ вақтдан бери илк бор Араб Лигасининг саммити ўтказилмоқда.

Уч кунлик йиғилиш режасига мувофиқ сешанба куни ташкилотга аъзо давлатларнинг иқтисод, молия ва савдо вазирлари, чоршанба куни ташқи ишлар вазирлари ва пайшанба куни давлат раҳбарлари учрашади.

Олий даражали йиғилишда ташкилотга аъзо 22 мамлакатдан қанча давлат раҳбари иштирок этиши ошкор қилинмади.

20 март куни Бағдод ва Ироқнинг бошқа ҳудудларида амалга оширилган ҳужумлар оқибатида 50 дан ортиқ одам нобуд бўлди.

Озодлик мухбири Маҳмуд Ал-Робай саммит иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш учун учрашувлар қаерда бўлиши ва саммит ҳақидаги барча маълумот мутлақ сир сақланаётганини маълум қилди.

- Давлат раҳбарлари саммити қаерда бўлишини ҳеч ким аниқ билмайди. Қатор манбалар, учрашув Бағдод ташқарисида, аэропорт яқинида бўлади демоқда. Журналистлар индинга соат бешда машинада ўша жойга олиб борилади, деяпти. Ҳозирча саммит ҳақида бор гап шу,- деди Озод Ироқ радиоси мухбири.

Маҳмуд Ал-Робайга кўра, хавфсизлик чораларини кучайтириш доирасида Бағдод шаҳрида одатдаги машиналар тирбандлигини камайтириш учун ҳукумат идоралари бир ҳафтага ёпилган.

Саммит хавфсизлигини таъминлаш учун Ироқ ҳукумати аэропортдан Бағдод марказигача бўлган ҳудудга 100 мингдан зиёд яхши қуролланган полиция ва ҳарбий кучлар жойлаштирган.

Ироқ Ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий Суриядаги вазият кескинлашаётган бир пайтда саммитнинг Ироқда ўтказилиши “муҳим аҳамиятга эга экани”ни таъкидлади.

Сурия бўҳрони Араб Лигаси саммити кун тартибидаги энг асосий мавзу бўлиши кутилмоқда.

Саммитга Сурия режими вакиллари таклиф қилинмаганини айтган Ҳушёр Зебарий йиғин қатнашчилари Суриядаги бўҳронни ҳал қилишга қаратилган режа ҳақида келишувга эришишга ҳаракат қилиниши аммо мамлакат келажагини сурияликлар ҳал қилишини урғулади. Зебарий бу ҳақда бошқа маълумот бермади.

Аммо Ироқ ташқи ишлар вазири янги режа Сурия Президенти Башар Ал-Ассад ҳокимиятни тинч йўл билан топшириши ва мамлакатда эркин сайловлар ўтказишни назарда тутган аввалги режага ўхшаш эканини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG