Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:06

Роберт Блейк: Эрон билан ҳамкорликдан тийилинг


АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк Марказий Осиё мамлакатларини Эронга қарши санкцияларга риоя қилишга чақирди.

- Американинг Эронга қарши эълон қилган санкцияларига мувофиқ, АҚШ минтақа мамлакатларини Эрон билан савдо-иқтисодий ва бошқа ҳар қандай ҳамкорликдан тийилишга даъват қилади. Зеро, Эрон ўз ядровий дастурини тўхтатишга оид халқаро ҳамжамият талабига босим остида бўйин эгсин, - дея таъкидлади 27 март кунги матбуот анжуманида америкалик дипломат Блейк.

АҚШ расмийсига кўра, минтақа ривожи учун Эрон билан ҳамкорликсиз ҳам Марказий Осиёда муқобил лойиҳалар талайгина.

Бунга мисол тариқасида у Афғонистон орқали Туркманистондан Покистонга табиий газ қувурларини ётқизиш каби лойиҳаларга ишора қилди.

Бундай лойиҳалар сирасига, Блейк жаноблари таъкидича, Марказий Осиё мамлакатлари билан Афғонистону Покистон ўртасида халқаро автомобил йўлларини қуриш ва у орқали бандаргоҳларга чиқиш ҳамда Марказий Осиё мамлакатларидан Афғонистон ва Покистонга электр сотишни ривожлантириш ҳам киради.

Шу ўринда эслатсак, 26 ва 27 март кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган RECCA-V анжуманида Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ўз давлатининг Тожикистон ва Афғонистон темир йўлларига бирикиш истагини билдирган эди.

Президент Аҳмадийнажод ўз чиқишида Афғонистондаги барча фалокатлар учун НАТО ва АҚШни айблаб, АҚШ ўз сиёсатини ўзгартириши ва коалиция кучлари тезроқ Афғонистонни тарк этиши зарурлигини таъкидлаганди.

- НАТО ва АҚШ ўз сиёсатини ўзгартириши керак, чунки улар дунёга шарт қўядиган давр ўтиб кетди. Бунақа сиёсат фақат зиён-заҳмат олиб келишини, уни юргизганлар эса жазоланишини тарих кўп исботлаган, - деган эди Эрон президенти Афғонистон масалалари бўйича Душанбеда бўлиб ўтган халқаро тадбирда сўзлай туриб.

Аҳмадийнажоднинг мазкур чиқиши чоғида Роберт Блейк бошчилигидаги АҚШ делегацияси конференция залини тарк этганди.

Роберт Блейк сешанба кунги матбуот анжуманида АҚШ делегациясининг бу қарорини изоҳлай туриб, “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўтказилган минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конфренциясида президент Аҳмадийнажод ўзига берилган фурсатдан фойдаланиб, Америка сиёсатига қарши асоссиз айбловлар ёғдиргани туфайли биз умидсизландик ва шундай муносабат билдиришга мажбур бўлдик”, деди.

Эрон билан АҚШ алоқалари аслида 1979 йили, яъни Эронда Исломий инқилоб амалга оширилгани ва Теҳронда Америка элчихонаси ходимлари гаровга олинганидан сўнг совуқлашганди. Аммо сўнгги бир неча йил давомида АҚШ ҳамда Европа мамлакатларининг Эронга нисбатан босимни сезиларли даражада кучайтирганига бу мамлакатнинг ядровий дастури сабаб бўлгани айтилади.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк кечаги матбуот анжуманида журналистларнинг Американинг минтақада янги ҳарбий базалар очиш масаласига оид саволларига жавоб бера туриб, ўз давлатининг Марказий Осиё худудида янги базалар очиш режаси йўқлигини билдирди.

Айни пайтда Блейк жаноблари Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга АҚШ ҳарбийларининг Қирғизистон ҳудудида қолишига оид шартнома муҳлатини 2014 йилгача узайтиргани учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, Роберт Блейк америкалик ҳарбийлар учун транзит маркази фаолияти ва унинг кейинги тақдири атрофида АҚШнинг Қирғизистон ҳукумати билан музокаралар ўтказиш нияти борлигини ҳам қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG