Линклар

2 апрел куни Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси олдида журналистлар ҳуқуқлари бузилаётганига қарши норозилик намойиши бўлиб ўтади.

Пикетни ўтган ҳафта Тошкент аэропортидан қайтариб юборилган “Новая газета” мухбири ва фотожурналисти Виктория Ивлева уюштирмоқда.

27 март куни Виктория Ивлева Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси жойлашган Погорелский тор кўчаси 12-уй ёнида 2 апрел куни соат 12:00 дан 13:30 гача пикет ўтказиш тўғрисида шаҳар маъмуриятига билдиришнома юборганини маълум қилди.

Ўзбекистон ҳақида танқидий мақолалари билан танилган Виктория Ивлева 23 март куни Тошкент аэропортидан депортация қилинган эди.

“Новая газета” мухбири Виктория Ивлева Ўзбекистонга маҳаллий мухбирларга замонавий фотожурналистика бўйича трейнинг ўтказиш мақсадида келган эди.

2006 йилнинг 20 ноябрида Москвада нашр этиладиган “Новая газета”да журналистнинг Ўзбекистонга бағишланган“Балиқлар мамлакати” сарлавҳали репортажи чоп этилган эди.

У шунингдек, Москвада 2010 йилнинг февралида ўзбек фотожурналисти Умида Аҳмедова ҳимоясига ташкил этилган “Ўзбекистон, Умида билан фахрлан!” шиори остида бўлиб ўтган норозилик акцияси ташкилочиларидан биридир.
XS
SM
MD
LG