Линклар

Ўзбекистондан сабаблари кўрсатилмасдан депортация қилинган журналист Виктория Ивлева Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида 2 апрел куни норозилик пикети ўтказади. Виктория Ивлева Ўзбекистонда исталмаган шахслар “қора рўйхатига” киритилган бўлиши тахмин қилинмоқда.

2 апрел куни Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси олдида журналистлар ҳуқуқлари бузилаётганига қарши норозилик намойиши бўлиб ўтади.

Пикетни ўтган ҳафта Тошкент аэропортидан қайтариб юборилган “Новая газета” мухбири ва фотожурналисти Виктория Ивлева уюштирмоқда.

27 март куни Виктория Ивлева Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси жойлашган Погорелский тор кўчаси 12-уй ёнида 2 апрел куни соат 12:00 дан 13:30 гача пикет ўтказиш тўғрисида шаҳар маъмуриятига билдиришнома юборганини маълум қилди.

“Мен Тошкентни кўргим келган эди”

Озодлик мухбири билан суҳбатда журналист Виктория Ивлева Тошкентга маҳаллий фотографларга фотожурналистика бўйича сабоқ беришга боргани, лекин ҳеч бир изоҳсиз Тошкент аэропортидан ортга қайтарилганини гапириб берди.

- Умумани олганда мен мутлақо олийжаноб мақсадлар билан, бепул фотосеминар ўтказишга кетаётган эдим. Мени маҳаллий фотографлар фотожурналистиканинг айрим сирларни ўргатишга чақирган эди. Биз Ўзбекистоннинг чиройли жойларига бориб расмга олишимиз, кейин бу расмларни таҳлил қилишимиз керак эди. Бу оддий маданий тадбир эди. Қолаверса, мен Москванинг қоридан қутулиб ниҳоят Тошкентнинг кўкаламзорларини кўраман, деган иштиёқ билан аэропортга қўнгандим. Афсус, мен кўкаламзорларни самолёт иллюминаторидан кўрдим: мени аэропортнинг ўзидан ортга қайтаришди, дея кулади Виктория Ивлева.

Фотожурналистнинг сўзларига кўра, паспортини текшираётган божхона ходими компьютерга унинг исмини киритган ва бироздан кейин уни қафасли хонага таклиф қилган. Ўзбек чегарачилари телефон орқали на Россия консули билан, на уни кутиб олаётган шахслар билан учрашишга розилик берган.

“Форма кйиган иккита барзанги йигит мени судраб, Тошкент-Москва самолётига чиқиш жойигача олиб келиб қўйди. Депортация сабаблари тушунтирилмади”, дея давом этади Виктория Ивлева.

- Менимча, улар тушунтирмоқчи бўлганида ҳам, буни тушунтира олмасди, чунки чегарачиларнинг ўзи ҳам депортация сабабларини билгани йўқ. Ўзбекистонда негадир депортация қилинаётган шахснинг қайси сабабларга кўра, қайси қонун моддаси асосида чиқариб юборилаётгани тушунтирилмайди. Менга берилган қоғозчада “Мазкур ҳужжат эгасига Ўзбекистон Республикасига киришга руҳсат берилмади, чунки унга Ўзбекистон Республикасига кириш тақиқланади”, деб ёзилган. Шу ҳам жавоб бўлдими!? дея таажубланади Виктория.

Ивлева Ўзбекистон расмийлари ҳатти-ҳаракатларини 2006 йилнинг 20 ноябрида Россияда чиқадиган “Новая газета”да ўзининг Ўзбекистонга бағишланган “Балиқлар мамлакати” сарлавҳаси остида берилган репортажи ёки Москвада 2010 йилнинг февралида ўзбек фотожурналисти Умида Ахмедова ҳимоясига ташкил этилган “Ўзбекистон, Умида билан фахрлан!” шиори остида ўтказилган норозилик акциясини ташкил этгани билангина боғлиқ бўлиши мумкин.

- Бунинг сабаблари бундай бўлиши мумкин... Менинг террорчилик ёки диний фаолиятларга алоқам йўқлигини ҳисобга олсак, фақатгина менинг профессионал фаолиятим қолаяпти, тўғрими? Демак, уларни “Новая газета”да чоп этилган “Балиқлар мамлакати” номли танқидий мақолам ёки Умида Ахмедова ҳимояси билан боғлиқ жамоатчилик фаоллигим ғазабга келтирган. Менинг Ўзбекистонга бошқа томондан умуман ҳеч қандай алоқам йўқ, дейди Виктория Ивлева.

“Москва-Тошкент: Дўстлик қозони”

Виктория Ивлева сешанба куни Москва шаҳрининг Марказий округи маъмуриятига Ўзбекистон элчихонаси олдида 20 кишилик пикет ўтказиши тўғрисида билдиришнома юборганини айтади.

Лекин санъаткор ва ижодкор бўлган Ивлева бу пикетни ғайриоддий тарзда ўтказмоқчи.

Акция ташкилотчиси ўз намойишида рус ва ўзбек халқи ўртасидаги турган дўстлик тарихига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шу тарзда Ўзбекистонга ва ўзбек халқига бўлган ҳурмати ва севгисини изҳор этишни ният қилганини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Шу сабабли биз дўстлик пикетини ўзказишга келишдик. У “Москва-Тошкент: Дўстлик қозони” деб номланади, иложи бўлса, у ерда ош ҳам тарқатамиз. Биз Тошкентга нима учун раҳмат айтаётганимизни яхши тушунамиз. Уруш даври Тошкенти бизнинг хотирамиздан чиққани йўқ, ҳаммаси эсимизда. Қанчадан-қанча фан ва маданият намояндаларимиз Тошкентда жон сақлаб қолган, қанча болаларимиз - ўзбек халқига раҳмат - тирик қолган! Шунга бўлса керак, 66-чи йилда вайронага айланган Тошкентни тиклашга минглаб биродар халқлар вакиллари ўз хоҳиши билан борган, дейди фотожурналист.

Виктория Ивлева дўстлик пикетида салбий ёки сиёсий шиорларсиз ўтказилади дейди.

Суҳбатимиз сўнггида Виктория Ивлева Ўзбекистон элчихонаси расмийларининг бирор жавобини ёки ўзидан кечирим сўрашларини кутмаётгани, у шунчаки “ўзбек халқи ва мамлакатини севишини, расмийларга эса ҳамдўстликда яшаётганимизни” эслатиб қўймоқчи эканини айтди.

Бундан олдинроқ...

Ўзбекистон ҳақида танқидий мақолалари билан танилган Виктория Ивлева 23 март куни Тошкент аэропортидан депортация қилинган эди.

“Новая газета” мухбири Виктория Ивлева Ўзбекистонга маҳаллий мухбирларга замонавий фотожурналистика бўйича трейнинг ўтказиш мақсадида келган эди.

2006 йилнинг 20 ноябрида Москвада нашр этиладиган “Новая газета”да журналистнинг Ўзбекистонга бағишланган“Балиқлар мамлакати” сарлавҳали репортажи чоп этилган эди.

У шунингдек, Москвада 2010 йилнинг февралида ўзбек фотожурналисти Умида Аҳмедова ҳимоясига ташкил этилган “Ўзбекистон, Умида билан фахрлан!” шиори остида бўлиб ўтган норозилик акцияси ташкилочиларидан биридир.

“Балиқлар мамлакати” репортажи қаҳрамонларидан бири, ҳайдовчи йигит Шарифнинг “Биз балиқлар мамлакатига айланиб қолдик, ҳаммамиз жиммиз. Бундан кўра аввалгидай қўйлар мамлакати бўлиб қолганимиз афзал эди, чунки қўйлар ҳеч бўлмаганда аҳён-аҳёнда маъраб туриш ҳуқуқига эга”, деган гаплари мақола сарлавҳасига кўчган эди.

Виктория Ивлева бир ой ичида Ўзбекистонга киритилмаган хорижлик иккинчи журналистдир. 29 феврал куни Тошкентга келган Би-Би-Си мухбири Наталя Антелава ҳам расмийлар томонидан аэропортдан ташқарига чиқарилмаган ва депортация қилинган эди.
XS
SM
MD
LG