Линклар

Татаристон ички ишлар вазири истеъфога кетади?


Татаристон ички ишлар вазири Асқат Сафаров.

Татаристон ички ишлар вазири Асқат Сафаров.

Татаристон ички ишлар вазири Асқат Сафаровнинг исми, Қозон ички ишлар бўлимида рўй берган ҳодисадан бери Россия матуботи сарлавҳаларидан тушмаяпти. Икки ҳафта аввал қозонлик Сергей Назаров полициячилар қийноғи оқибатида ҳалок бўлиши ортидан Россия жамоатчилиги вазир истеъфосини талаб қилишда давом этмоқда. Асқат Сафаров Татаристонда уюшган жиноятчиликка қарши қаттиқ курашган вазир сифатида танилган нуфузли шахс ўлароқ курсиси қилт этмай келган. Лекин Кремлдан келаётган охирги сигналлар Сафаров устида қора булутлар тўпланаётганидан даракдир, демоқда кузатувчилар.

Икки ҳафта аввал рўй берган ҳодисагача Асқат Сафаров деганда Қозон мафиясини йўқ қилган полиция раҳбари тушунилар эди. Лекин бугун унинг исми полициядаги қийноқлар билан боғланмоқда.

50 ёшли Татаристон ички ишлар вазири Асқат Сафаров бугун полициячилар қийноғи остида қозонлик Сергей Назаровнинг нобуд бўлишидан кейин авж олган жанжал ичида қолди.

Полициячилар 52 ёшли Назаровни шампан шишаси билан зўрлагани оқибатида нобуд бўлганидан кейин татаристонлик полициячилардан азият чеккан бошқа одамлар ҳам пайдо бўла бошлади ва Сафаровнинг ташвишига ташвиш қўшилди.

Боз устига, ўтган ҳафта Россия матбутида вазир Сафаров январ ойида чоп қилган ва татаристонлик полициячилар орасида қўлма-қўл бўлиб кетган мемуарларида қйиноқларни ёқлаб фикр билдиргани тўғрсида хабар пайдо бўлиши, авж олиб турган жанжал оловига мой қуйди.

Мухолифатдаги Яблоко партияси Қозон бўлими раҳбари Руслан Зиннатулин шунча жанжалга қарамасдан Сафаровни куч ишлатар тизимлардаги ҳомийлари ҳимоя қилмоқда, дейди.

- Менимча, уни лавозимидан бўшатиш керак. Лекин республикада кўп йиллардан бери кланлар тизими чуқур илдиз отиб бўлган ва ҳуқуқ бузилишлари билан шуғулланиши керак бўлган ҳокимият бутоқлари – прокуратура, ичики ишлар вазирлиги, тергов қўмитаси – бу тизимлар оддий қилиб айтганда уни ҳимоя қилиб келмоқда.

Ҳақиқатан, Сафаров кўпдан бери Татаристондаги энг даҳлсиз шахс бўлиб келган. Лекин, баъзи кузатувчилар, бу ҳолат ўзгариши мумкинлигидан гапирмоқда.

1980 йилларда Қозон милицияси сафларидан ўсиб чиққан Сафаров, ўша пайтда республика яккаҳокими бўлган президент Минтемир Шаймиев билан яқинлашди. 1995 йилгача Шаймиевнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Сфаров хавфсизлик кучлари бошлиғи этиб тайинланди.

1998 йил июлида эса у ички ишлар вазири этиб тайинланди. Вазир сифатида уюшган жиноятчиликка қарши кураш олиб борган Сафаров тез орада катта эътибор ва нуфузга эга бўлди.

Лекин мухолифатчи Зинатуллин каби танқидчиларнинг айтишича, бу шунчаки жамоатчиликни юпатиш учун қилинган ҳаракатлар бўлган холос.

- Улар одамларни очиқчасига ўлдирган бандитларни қамашар эди. Лекин кўп ўтмай уларнинг ўрнига ҳокимиятга яқин алоқаси бўлган бошқа бандитлар келар эди. Бугун бизнесменларни очиқ талаётган жиноий гуруҳлар ёки қотилликлар бўлмаса-да, жиноятчилик даражаси анча юқори бўлиб қолмоқда, менимча, дейди Яблоко партияси вакили.

2010 йилда Минтемир Шаймиев истеъфога кетгунига қадар Сафаров Татаристондаги энг нуфузли шахслардан бири бўлган.

Қийноқлар билан боғлиқ сўнгги жанжалдан кейин эса, унинг позициялари анча сусайгани кузатилмоқда.

Ўтган ҳафта Сафаров расман Татаристон вазирлар маҳкамаси таркибидан чиқарилди. Бу чора полиция тизими ислоҳоти доирасида ички ишлар вазирлигини Москва тасарруфига ўтказиш сифатида тақдим қилинган бўлса-да, унинг айнан шу пайтга тўғри келгани Татаристоннинг амалдаги президенти Рустам Миннахановнинг ўзини Сафаровдан олиб қочиш уриниши ўлароқ талқин қилинмоқда.

Сешанба куни эса Россия Ички ишлар вазирлиги қошидаги тергов қўмитаси 2010 йил бошидан бери полиция бедодлиги тўғрисида тушган аризаларни мустақил комиссия текширишини буюрди.

Москвадаги Карнеги маркази сиёсий таҳлилчиси Николай Петровнинг фикрича, Сафаровнинг истеъфоси ҳал бўлган масаладир.

- Бу вазиятда, албатта Сафаровнинг татар сиёсий элитасига лаёқатли шахс бўлгани аниқ ва у маълум муддат давомида даҳлсиз шахс бўлиб келган. Балким у Кремлга ҳам ўз лаёқатлилигини намойиш қилгандир, лекин мавжуд вазиятда уни ушлаб қолишдан мантиқ қолмади, дейди таҳлилчи.

Сафаров ишдан ҳайдалса, у йил бошидан бери минтақа миқёсида ишдан четлатилган ички ишлар вазирлиги бошлиқларининг иккинчиси бўлади. Январ ойида 15 яшар боланинг ҳибсдалиги пайтида ўлиши ортидан Санкт-Петербург шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Михаил Суходлский ҳам ишдан ҳайдалган эди.

XS
SM
MD
LG