Линклар

Ўзбекистон телевидениеси "Ҳизбут Таҳрир", "Нурчилар", "Жиҳодчилар" диний оқимларида айланиб, қамалган маҳбуслар авф этилгани ҳақида кўрсатув берди.


“Панжара орти ёҳуд озодлик неъмати”

Ўзбекистон телевидениеси диний-сиёсий мотивларда айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинган ва амнистия акти билан озодликка чиқарилган маҳбусларнинг тавба-тазарруси акс этган ҳужжатли филмни намойиш қилди.

17 март куни намойиш қилинган, 26 март куни такроран кўрсатилган “Панжара орти ёҳуд озодлик неъмати” номли филмда Ўзбекистон ЖК нинг 159, 244-1, 244-2, 223, 227, 228- моддалари асосида “Ҳизбут Таҳрир”, “Нурчилар”, “Жиҳодчилар” каби диний оқимларга аъзоликда айбланиб қамалган 10 га яқин маҳкум сўзлади.

Президент афви билан озодликка чиққани айтилган маҳкумлар тақиқланган диний оқимларга адашиб киргани ва бу йўлдан қайтгани учун озодликка чиқарилганини айтиб, президентга миннатдорчилик билдирди.

Жумладан, 1973 йил Фарғонада туғилган ва 2008 йилда Ўзбекистон ЖКнинг 223, 227,228 ва 244-2 моддалари асосида “Нурчилар” оқимига аъзоликда айбланиб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилинган Ҳаётжон Жўрабоев: "Ниҳоятда пушаймон бўлдим. Ўзимиз нотўғри мақсад билан яшаган эдик. Шундай бир ватанга хизмат қилмаслик бу энг катта нонкўрлик", деди.

Ҳаётжон Жўрабоев президент авфи билан қамоқдан қарийб 9 йил аввал озод қилинди.

Кўрсатувда намойиш қилинган яна бир собиқ маҳкум — 1971 йилда Тошкентда туғилган, 2009 йилда Ўзбекистон ЖКнинг 159, 244-1, 244-2 моддалари билан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган Гулнора Абдураҳимовадир.

- Пушаймонман минг марта қилиб қўйган ишимдан. Кечиришингларни сўрайман ҳамманглардан. Президентимиздан ҳам, халқимдан ҳам, онамдан, болаларимдан. Бизлардакаларга амнистия қўлланиши бу жуда катта нарса. Арабистонда ҳатто, имом домла маърузаларида айтдилар, ҳатто ўлдириб юборарканда, - деди жумладан Гулнора Абдураҳимова.

Ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларидан олинган маълумотларга кўра, бу йил амнистия акти қўлланиб, диний-сиёсий мотивларда айбланган 30 га яқин аёл киши озодликка чиқарилган.


"Уларни авф қилишлик марҳамат бўлди"

Бу каби яна бир неча собиқ маҳкума ва маҳкумларнинг қилмишидан пушаймонлиги акс этган “Панжара орти ёҳуд озодлик неъмати” номли ҳужжатли филмда, шунингдек, уларнинг қилмишини қоралаган ва бу каби йўллардан бошқаларни огоҳ этган жамоат фаоллари ҳам сўзладилар.

Филм адоғига яқин эса Тошкент шаҳри имом-хатиби Анвар қори Турсунов сўзлади.

- Ғўрлик қилиб, ëшлик қилиб, соддалик қилиб, билимсизлик қилиб жиноий жавобгарликка тортилганларни Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига асосан амнистия билан уларни авф қилишлик марҳамат бўлди. Ўша жиноят кўчасига кирганлар аввало шукур қилсинларки, баъзи бир жойларда бундай гуноҳлар учун кечирим йўқ, деди Анвар қори Турсунов.

Ушбу ҳужжатли филмда тилга олинган ва амнистия акти асосида озодликка чиқарилгани намойиш қилинган собиқ маҳкумларнинг барчаси, одатан, президент авфи қўлланилмайди, деб келинаётган тоифадаги маҳбуслардир.


Сиёсийлар ҳам авф қилинган, "лекин улар жуда камчилик"

Ўзбекистон ва хориждаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон мухолифати вакиллари йиллар давомида Ўзбекистон ЖКнинг 159, 244-1, 244-2 моддалари асосида қамалган ва "сиёсий маҳбус" деб аталадиган маҳбусларга нисбатан президент авфи қўлланмаслиги ҳақидаги ҳисоботларини чоп этиб келадилар.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ва муҳолифат фаоли, Ўзбекистон расмий телевидениесидаги кўрсатувни томоша қилган Дилором Исоқова аслида инсон ҳуқуқларини кузатувчи хорижий ва маҳаллий ташкилотлар хулосалари қисман нотўғри эди, дея муносабат билдирди.

- Бу у қадар тўғри эмас. 244,159, 242 билан судланган ва маҳкум қилинганлар ҳам амнистияга илинган. Лекин улар жуда камчиликни ташкил этади. Мен биттасининг уйига бордим. Ўзлари йўқ экан, қўшниларидан кириб сўрадим. Кўкча маҳалласида “ҳақиқатан ҳам шу одам чиқдими” деб. “Ҳа, чиқди. Биз кириб кўриб чиқдик. Ўғли қайтиб келди” деб хурсанд бўлиб ўтиришибди. "Ҳизбут Таҳрир" партиясига аъзоликда айбланиб,янглишмасам 10 йилга маҳкум қилинганди. 7 йил деганда чиқаяпти бу йигит. Худди шунинг билан баробар 10 йилга қамалган ва муддати устига 3 йил, 5 йил, яна 10 йил қўшиб берилганлар бор, - дейди Дилором Исоқова.


Озодлиги сўралган сиёсий маҳбуслар рўйхати узун

Ўзбекистонда диний-сиёсий мотивларда айбланиб, узоқ муддатларга қамалган ва амнистия акти қўлланиши мумкин бўлгани ҳолида йиллаб қамоқда қолаётган маҳбуслар сони қанча экани ҳақида аниқ расмий маълумот йўқ.

Аммо, нодавлат ташкилотлар кузатувига кўра, диний-сиёсий мотивларда айбланиб қамалган маҳбуслар сони камида 9 минг, кўпи билан эса 15 мингга қадар боради.

Йиллар давомида қонунга зид равишда панжара ортида сақланаётган ва халқаро ташкилотлар ҳамда ғарб жамоатчилигининг Ўзбекистон ҳукумати билан сиёсий мулоқотлари чоғида озодлиги сўралган ўнлаб маҳбуслар бор.

Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжонов, Хайрулла Ҳамидов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Қобилжон Тўлашев, Мўътабар Ғофурова, Меҳринисо Ҳамдамова, Аваз Тўхтахўжаев, Ғанихон Маматхонов, Аъзам Турғунов, Алишер Кароматов, Дилмурод Саидовлар шулар жумласидандир.

Булардан кўпчилигининг жазо муддатлари тугагач, қамоқхона ичида жиноят содир этганлик айби билан қамоқ муддати яна узайтирилган.

Қуйида Ўзбекистон телевидениесидан ёзиб олинган “Панжара орти ёҳуд озодлик неъмати” номли ҳужжатли филмни томоша қилишингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG