Линклар

logo-print

HRW Хайрулла Ҳамидовнинг қамоқхона шароити ҳақида айтганлари текширилиши лозим, деб ҳисоблайди.

Рухсат берсин, ўрганайлик вазиятни!


Озодлик электрон почта қутисига етиб келган ўзбекистонлик диний воиз¸ спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов экани айтилган шахс томонидан ўқилган аудиораддияда унинг Навоий вилоятидаги 47-жазони ўташ муассасасида қийноқ ва тазйиқлардан озод ҳолда яшаëтгани иддао қилинади.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердловга кўра, Хайрулло Ҳамидовга тегишли экани айтилаётган аудиоёзувдаги маълумотлар кўплаб саволларни келтириб чиқаради.

- Бу мурожаат Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шароит бўйича халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари мониторинг ўтказиши шартлигига эътиборимизни қаратади. Маҳкумлар олдига эркин кириб, қамоқхоналардаги вазиятни кўришга рухсат берилиши лозим. Акс ҳолда, Хайрулла айтганлари ҳақиқат бўлса ҳам, ҳеч ким, ҳеч қачон буни билмаслиги мумкин, - дейди Стив Свердлов.

Мурожаат кўплаб шубҳали мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда


HRW вакили маҳкум Хайрулла Ҳамидовга тегишли экани айтилаётган аудиоёзувнинг самимийлигига шубҳа билдиради, бироқ Ўзбекистон каби ёпиқ жамиятда буни текшириш имконсиз эканлигини таъкидлайди.

- Бу жуда шубҳали, Ўзбекистон қамоқхонасидан туриб дунёга мурожаат қилиш. Ўзбекистон мустақилликка эришган 19 йилдан кўпроқ вақт мобайнида ҳар йили минглаб диндорни ҳибсга олди, маҳкамага тортди. Агар бу маҳкумларнинг барчасида дунёга мурожаат қилиш ва ҳақиқий шароит ҳақида гапириш имкони бор экан, нима учун улар жим? Бу аудио қаерда тайёрланган? Қайси телеканал ёки радиоканалда монтаж қилинган? Маҳкум қамоқхонада бўла туриб, бу каби имкониятларга эга бўлиши камдан-кам кузатиладиган ҳолат. Яна бу аудиомурожаат қамоқхонадан ташқарига ҳам чиқди. Биз бу каби ҳолатга аввал дуч келмаганмиз. Бу мурожаат маҳкумнинг шахсий ташаббуси билан тайёрлангани ҳам шубҳа остида. Албатта бу фақат махсус рухсат билангина амалга оширилади. Камида Жазони ижро этиш бош бошқармаси – ГУИН ва ҳукуматнинг бошқа мутасадди ташкилотларининг рухсати бўлиши шарт, - дейди Стив Свердлов.

Ўзбекистон-диний эркинликлар топталган давлат


Суҳбатдош Ўзбекистондаги диний эркинлик ва қамоқхоналардаги вазиятга тўхталар экан, ўтган ҳафтада АҚШнинг диний эркинлик бўйича халқаро комиссияси эълон қилган ҳисоботни мисол тарзида келтиради. Ушбу ҳисоботда, Свердловга кўра, жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонда диний мотивлар билан 100 дан зиёд диндор қамалгани қайд қилинган.

Свердловнинг таъкидлашича, бугунги кунда нафақат HRW, балки бошқа бирорта халқаро ташкилот Ўзбекистондаги ҳиқиқий вазият бўйича мониторинг ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

- Мен фақат Халқаро Қизил ҳоч жамиятини бундан мустасно қилган бўлардим. Лекин уларнинг Ўзбекистонда амалга оширган ишлари мутлақо сир сақланади. Уларнинг мамлакатдаги вазият бўйича фикрларини билиш имконсиз, - дейди Стив Свердлов.

HRW бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар қатори Хайрулла Ҳамидовнинг 6 йилга қамалишини кескин қоралаган ва унинг озодликка чиқарилишини сўраб келмоқда.

36 ёшли Хайрулла Ҳамидов “Ўзбекистон футболи”, республика телевидениесида мухбир ва спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаб келган. Қамалгунга қадар у футболга бағишланган “Интерфутбол”, “Чемпион” газеталарида танқидий руҳдаги мақолалари билан чиқаётган эди.

Хайрулла Ҳамидов Тошкентдаги “Наврўз” радиоси орқали эфирга узатилган “Холислик сари” эшиттириши, кейинчалик эса “Одамлар орасида” газетасидаги фаолияти билан ўзбекистонликлар орасида шуҳрат қозонган.

Хайрулла Ҳамидов 2010 йилнинг 21 январ куни ҳибсга олинган эди.

2010 йил 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди Хайрулла Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG