Линклар

“Ўзбошимча” фермерлар жазоланади


Ўзбекистонлик фермерлар ўз тасарруфларидаги ерларга расмийлар талабига кўра асосан пахта экадилар.

Ўзбекистонлик фермерлар ўз тасарруфларидаги ерларга расмийлар талабига кўра асосан пахта экадилар.

Навоий вилоятидаги фермерларга ўз еридан ўзбошимчалик билан фойдаланмаслик, пахта ўрнига сабзавот ёки полиз экинлари экмаслик зарурлиги уқтирилмоқда.

Вилоятда фаолият юритувчи маҳаллий журналистнинг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳудуд бўйлаб ўтказилган тадбирларда пахта учун белгиланган ерга “ўзбилармонлик билан бошқа экин экиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка олиб келиши” тушунтирилган.

Бу қуруқ дўқ-пўписа эмас.

2011 йилда Кармана туманидаги “Аҳмад Санжар орзуси”, “Ибрат”, “Усмон Мурод Кармана”, “Шаҳриддин Толиб ўғли”, “Севолтепа равнақи”, “Баҳром Турсун келажаги”, “Назар” каби фермерлар хўжаликлари раҳбарларига пахта ўрнига сабзавот эккани учун жарима солинган.

Хатирчи туманидаги “Пахтакор-2001”, “Лазизбек Азизбек Чиннигул” фермер хўжаликлари ҳам “оқ олтин” эмас, қовун-тарвуз етиштиргани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассисига кўра, фермерларга кўпроқ даромад олиш учун жаҳон бозорида баҳоси баландроқ бўлган пахта етиштириш тавсия этилади. Ер майдонлари, табиий имкониятларни инобатга олган ҳолда, пахтачилик, ғаллачилик ёки боғдорчиликка йўналтирилади.

Фермерлар эса бу тавсия эмас, мажбурият эканидан шикоят қилади.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда пахтачилик – давлат монополияси ўрнатилган соҳа. Фермерлар расман мустақил бўлса-да, ўз еридан чинакамига эркин фойдаланиш ихтиёрига эга эмас.

– Қовун-тарвуз ёки сабзавотдан фермер чўнтаги кўпроқ пул кўриши мумкин. Лекин, агар унга “пахта эк” дейилса, буйруққа сўзсиз бўйсунади. Фермерлар ҳар йили пахта ва ғалла етиштириш юзасидан давлат билан шартнома қилишга мажбур, – дейди қишлоқ хўжалиги мавзусини кўп ёритадиган маҳаллий журналистлардан бири.

Фермерлар қонунни четлаб ўтиб бўлса-да, полиз ва сабзавот экинлари етиштирилишини иқтисодий қийинчилик билан изоҳлайди.

– Пахта етиштириб, уч-тўрт сўм орттириш қийин. Ерга ишлов бериш, техника харажатлари, кимёвий дорилар, ишчи кучи, солиқ, яна қанча мажбурий тўловлар... Санайман десангиз, чиқимлар кўп. Топганингиз учма-уч етади. Қарз бўлиб қолмаганингизга ҳам шукр қиласиз. Харажатларни қоплаш учун ҳам қовунми, тарвузми экишдан бошқа чора йўқ, – дейди исми ошкор қилинмаслигини сўраган фермер.

Ердан ўзбошимчалик билан фойдаланган фермерлар, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддасига кўра, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача жаримага тортилади.

Жиноят кодексининг “Ўзбошимчалик” деб аталган 229-моддасида эса энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача жарима, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 ойгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил ичида “мақбуллаштириш” сиёсати асосида нисбатан кам ер майдонига эга фермер хўжаликлари тугатилди.

Ўзбекистон президентининг 2008 йил 6 октябрида чиққан “Фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер участкалари майдонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ортидан 215 минг 776 фермер хўжалигининг 51 фоизига барҳам берилди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, айни пайтда мамлакатда 80 минг 628 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG