Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:20

Гулнора Каримова усталарни ўзбекча олқишлади


Тошкентдаги “Bazar-Art. Баҳор–2012” кўргазмаси Гулнора Каримованинг ўзбекча олқиши билан очилди.

Тошкентдаги Миллий санъат марказида “Bazar-Art. Баҳор–2012” кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон ҳунарманд рассомларининг “Ижод” уюшмаси ташкил қилган бу кўргазмада халқ усталари ясаган сопол буюмлари, атлас, адрас ҳамда гиламлар намойиш қилинмоқда.

Кўргазма Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳомийлигида ўтадиган тадбирлардан ҳисобланади.

Кўргазма уч кун давом этади. 27 март кунги очилиш маросимида Гулнора Каримова иштирок қилиб усталарни олқишлади.

Интернетдаги Youtube.com порталида Гулнора Каримованинг усталарни муборакбод қилгани акс этган тасвир қўйилган.



Бу тасвирда шойи гулли атлас лозимни этаксиз камзилга жуфт қилиб кийган Гулнора Каримова аввалига русча гапирди кейин эса тўрт жумла ўзбекча калимани, ёнидаги йигит узатиб турган қоғозга қараб ўқиди.

Заргарлик, нақшу-нигор ва ўймакорликда ном чиқарган усталар Гулнора Каримованинг совғаларига нойил бўлишди.

- 80 нафар ўзбек ҳунарманди яратган асарлардан тартиб берилган бу кўргазмадан ўрин олган буюмлар ранго-ранглиги, Тошкентдаги баҳор кайфиятига мос бўлди, дейди кўргазма очилишида иштирок этган рассом Рустам Бозоров.

Ўз асарларида ўзбек нақшу нигорларига кўп ўрин берадиган Рустам Бозоров бу кўргазмага қўйилган гиламлар, нақшин лавҳалар ва атлас буюмлардан илҳомланганини билдирди.

Кўргазма ҳақида бизга гапирган ва ўзини Наргиза деб таништирган санъатшуносга кўра, бу тадбир ҳунармандларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг энг мақбул услуби бўлиб қолмоқда:

- Бу кўргазмадаги асарларнинг нарҳи 1000 долларгача боради. Масалан, ëғоч ўймакорлиги, шарқ минатюраси, кашталар. Олис вилоятда яшайдиган уста айнан Bazar-Art кўргазмасида ўз асарларини лойиқ нарҳда сотиш имконига эга бўлади, дейди санъатшунос.

Санъатшуносга кўра, Bazar-Art лойиҳасида каштачилик, нақш ва минатюра, ëғоч ўймакорлиги, кулолчилик, газламага гул босиш, мисгарлик каби санъатнинг етук усталари иштирок қилмоқда.

Bazar-Art кўргазмаси 2007 йилдан бери 10 маротаба ўтказилди.
XS
SM
MD
LG