Линклар

Приморьеда алданган меҳнат муҳожирлари кўпаймоқда


Россияда мардикорлик қилаётган ўзбекистонликлар миллионларни ташкил қилади.

Россияда мардикорлик қилаётган ўзбекистонликлар миллионларни ташкил қилади.

Приморье қурилишларида меҳнат муҳожирларига иш ҳақи берилмаслик ҳолатлари кескин кўпаймоқда. Кузатувчилар мардикорларга маош берилмаслиги ва фирибгарлик Приморьеда оддий ҳолга айланиб қолганини гапирмоқда.

Приморьеда мардикорларга оммавий равишда иш ҳақи берилмаслиги ҳолатлари кескин ошиб бормоқда.

Приморье прокуратурасининг Озодликка берган маълумотига кўра, биргина "ТехПромАтлант" ширкати 80 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири билан шартнома имзолаганига қарамасдан 3 ой давомида уларга деярли маош бермаган.

- Шартнома 2010 йилнинг 19 декабрида имзолангани, уларга йўқ ҳаражатларини қоплаш, яшаш жойи билан таъминлаш ваъда қилинган, бироқ улар биринчи ойнинг ярмиси учун ойлик олган, холос, дейди ўз исмини айтишни истамаган Приморье прокуратураси ходими.

Унинг сўзларига кўра, Владивостокдаги бинолар қурилишида ўзбек қурувчиларини ишлатган "ТехПромАтлант" ширкати раҳбарияти 80та ишчига 2 миллион рублдан зиёдроқ маблағ бермаган.

Ҳозирда маҳаллий прокуратура ходимлари "ТехПромАтлант" қурилиш компаниясига нисбатан текширув бошлагани хабар қилинмоқда.

Аммо Россиянинг Узоқ Шарқи ўлкасидаги мигрантларга маош берилмаслиги ягона ҳолат эмас.

Айниқса, бундай қонунбузарликдан Русский оролида ишлаётган мардикорлар кўп азият чекмоқда, дейди Озодлик Радиоси билан суҳбатлашган “Адолат” ўзбеклар минтақавий ташкилоти раҳбари Боҳодир Нураков.

- Ўзбеклар жамиятига Русский оролидан 134 киши ариза билан мурожаат қилди. Район прокуратурасига, меҳнат инспекцияси, шаҳар прокуратурасига ёздик, лекин ечимини топганимиз йўқ. Одамларни улар сунъий равишда нелегал қиляпти, прописка қилиб берамиз, деб документларини олиб. 3 ой ўтганидан кейин “Сенлар нелегал”, деб ойлиги берилмаяпти. Прокуратурадан эса бизга “Бу ташкилотда улар аслида ишламаган”, деб. Бу искуственни ноқонуний қилинган улар! Оролга келган одамлар кимга мурожаат қилишни билмайди. Иш берувчи эса олдиндан бу нима билан тугашини билади. Биз мурожаатимиздан кейин ўша 134 одам ичидан ҳужжат билан ишлаган 9 тасигагина 9700 рублдан берилди, дейди Боҳодир Нураков.

Озодлик қурилишда иш ташлашлар ва оммавий жанжаллар ҳақида хабарлар мунтазам равишда келаётганини қайд қилиб бормоқда.

Бундай ҳолатларнинг сабабларига тўхталар экан, Владивостокдаги “Адолат” ўзбеклар жамияти бошлиғи Боҳодир Нураков бевосита Кремл назорати остида олиб борилаётгани сабабли Русский оролидаги қурилиш ишчилари билан вазиятни ўрганиш учун бевосита алоқа қилиш қийин, дейди.

- Ёпиқ зона-да, ҳаммани ҳам киритавермайди. Боллар бу ерга чиқиб ёки телефон орқали мурожаат қилади. Ўтган йили ҳам келишмовчилик бўлганида кириб бости-бости қилиб чиққан эдик. Ҳозир тинчлик, лекин пул проблема... Ҳозир шаҳарга чиқарилганлар қолмасин деб уйига тўғри жўнатиляпти, шаҳарга пропискага қўймаяпти. Лекин шу вақт ичида мурожаат қилган одамларнинг каминики ечиляпти. Стройка тугаяпти, демак “ташлаб кетишлар” ҳам кўпайиши табиий, дейди жамият фаоли.

Суҳбатимиз сўнггида “Адолат” жамияти раиси Боҳодир Нураков биринчи навбатда “Владивостокда иш кўп экан”, деб иш қидириб келаётганлар алданаётганини айтади.

“Саммит бўлаяпти деб Ўзбекистон, Тожикистондан одамлар оқиб келяпти, лекин оқибат мана кўриб турганингиздек”, дейди Нураков.

- Одамларнинг қадри қолмаяпти! Келаётганлар билмайдики мана шу аҳволга етган. Бошида келиб нормални ишлаб кетганларнинг гапи бўйича келишяпти. Бизнинг афсус имкониятимиз йўқ Ўзбекистонга бориб телевидение орқали чиқиб “Владивостокка борманглар! Аҳвол дабдала бўляпти!”, деб айта олмасак...Иш берувчилар ҳам ўрганиб қолди. 20 алданганни жўнатвордимми, орқасидан яна 20 таси тайёр турибдида, дея куйинади “Адолат” ўзбеклар минтақавий ташкилоти раҳбари Боҳодир Нураков.

Маҳаллий Федерал миграция хизмати хабарига кўра, 2011 йилда Владивостокка келаётган мигрантларнинг 57 фоизини хитойликлар ташкил этган.

Приморьега миграция оқимида МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари илғорлик қилмоқда. 2011 йилда ўлгага кириб келган меҳнат муҳожирларининг 18 фоизи ўзбеклар бўлган бўлса, 2012 йилнинг январида аллақачон Приморье ўлкасига келган 30 минг кишининг 30 фоизи – Ўзбекистондан экани хабар қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG