Линклар

logo-print

Тожикистон Амузанг-Хатлон йўналишидаги темир йўл Ўзбекистон томонидан бузиб ташланаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Тожикистон темир йўллари ширкати расмийси Владимир Собкаловнинг Озодликка маълум қилишича, “Ўзбекистон томони Хашади - Амузанг темир йўлидаги релсларни батамом йиғиб олган”.

- Биз бу ҳақда у томонда ишчи вагонлари ишлаётганини кўрганимиздан кейин хабар топдик. Темир йўлнинг ўша участкасига мутасадди шахслар “бу тадбир чегара ҳудудидан 30 километр нарида жойлашган Амузанг станциясини чегара ҳудудига кўчириш мақсадида қилинаётган” ини айтди. Бироқ биз бу борада Ўзбекистондан расман огоҳлантириш олганимиз йўқ, -деди Собкалов.

Унинг айтишича икки томонлама норасмий музокаралар ҳеч қандай натижа бермаган. Тожикистон расмийси Амузанг - Хатлон йўналишидаги темир йўл релсларининг ўзбекистонлик темирйўлчилар томонидан бузиб ташланиши оқибатида Хатлон вилоятига тегишли юк вагонларини Ўзбекистон ҳудудидан транзити қилиш имконсиз бўлиб қолганини таъкидлади.

-Ўзбекистоннинг бу ҳатти-ҳаракатини ноқонуний деб биламиз. Чунки улар Тожикистон билан келишган ҳолда, поездлар ҳаракатини тўхтатмасдан қурилиш ишларини бошлаши керак эди. Масалан, Қудуқли станцияси қурилишидан аввал Ўзбекистон бизни бу борада огоҳлантирган. Биз эса Истиқлол станциясини қуришдан аввал у томонни огоҳлантирганмиз. Бугун эса Ўзбекистон умумий тартибни бузган ҳолда иш юритмоқда, - деди Тожикистон ҳукумат расмийси Собкалов.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатига ҳам сим қоқдик. Бироқ мазкур ширкат масъуллари саволларимизни ёзма равишда берган тақдирдагина жавоб олишимиз мумкинлигини айтишди.

Ўтган йил ноябр ойи ўрталарида Ўзбекистон темир йўллари ширкати Амузанг-Хатлон темир йўлида портлаш содир бўлганини билдирган эди.

Шундан сўнг Тожикистон темир йўллари ширкати Ўзбекистон томонига расман мурожат қилиб, Ғалаба-Амузанг темир йўлида вужудга келган вазият билан яқиндан танишиш ҳамда уни ўз маблағи ҳисобидан таъмирлашга рухсат беришни сўраган эди.

Тожикистон темир йўллари ширкатининг Хатлон вилояти бўйича бошқармаси масъули Фирдавс Ҳақназаров ўтган беш ой давомида тожик томонининг бу мурожатларини Ўзбекистон эътиборсиз қолдириб келганини таъкидлади.


-Хатлон йўли мана беш ойдирки берк. Лекин қачон бу темир йўл ишга тушади, қачон юк вагонларимиз ўтказиб берилади, бу борада ҳали бирор марта Ўзбекистондан жавоб олмадик, - деди Ҳақназаров жаноблари.

Тожикистонга тегишли юк вагонларини Ўзбекистон орқали транзит қилиш масаласи сўнгги бир неча йил ичида бу иккала қўшни давлат ўртасидаги энг дардли муаммоларга айланиб қолмоқда.

Хатлон вилояти аҳолиси Ўзбекистондан ўтувчи юк вагонларининг келмай қолаётгани боис озиқ-овқат нархининг кескин кўтарилиб кетганидан шикоят қилмоқда.

Термиз темир йўлининг Амузанг йўналиши Тожикистоннинг Хатлон вилоятига озиқ-овқат ва ёнилғи маҳсулотлари олиб кириш учун хизмат қиладиган ягона темир йўл саналади.

Айрим тожикистонлик мулозимлар “Ўзбекистон бу қарори билан Тожикистонни иқтисодий қамал қилаётир”, дея иддао қилади.

Ўз навбатида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати тожикистонлик ҳамкасбларига мурожаат қилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган вагонларни Қудуқли станцияси орқали Душанбе шаҳар вокзалига ташиш ва сўнгра мамлакат жанубига юборишни ва шу йўл билан озиқ-овқат тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топиши мумкинлигини таъкидлаб келади.


“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати масъулларининг айтишича, Тожикистонга тегишли юк вагонларининг темир йўлларда тўпланиб қолаётгани, темир йўлчилар учун қатор муаммолар туғдирмоқда.

Ўзбекистоннинг Термиз ва Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳари ўртасидаги 218 километрлик темир йўлдан тожикистонликлар 1974 йилдан бери фойдаланиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG