Линклар

Саркози: экстремизмда гумонланган 19 шахс қўлга олинди


Франция полицияси экстремизмда гумонланган шахсни қўлга олган пайт, Корон шаҳри, 2012 йил 30 март.

Франция полицияси экстремизмда гумонланган шахсни қўлга олган пайт, Корон шаҳри, 2012 йил 30 март.

Франция Президенти Николя Саркози қатор шаҳарларда полиция ўтказган рейдлар давомида исломий экстремизмга алоқадорликда гумонланган 19 шахс қўлга олинганини маълум қилди. Франция радиосида қилган чиқишида Саркози амалиётлар давомида ўқотар қуроллар, жумладан, АК-47 автоматлари ҳам топилганини таъкидлади.

30 март кунги амалиётлар Франция Нант, Тулуз ва бошқа шаҳарларда ўтказилган.

Шу ой бошида келиб чиқиши жазоирлик бўлган Франция фуқароси Муҳаммад Мераҳ Тулуз шаҳрида уюштирган учта ҳужумда уч француз аскари, уч нафар яҳудий бола ва бир раввинни отиб ўлдирган.

22 март куни рўй берган отишмада ҳалок бўлган 24 ёшли Муҳаммад Мераҳ пайшанба куни Францияда дафн қилинди.

Саркози амалга оширилган ҳужумлар францияликлар қалбида “чуқур жароҳат” қолдирганини таъкидлади.

- Исломий экстремизмда гумонланган шахсларни қўлга олиш амалиётлари бутун Франция ҳудудида ўтказилди. Бу радикал Ислом билан алоқадор. Бу адлия тизимимизга тўлиқ мос келади. Монтаубан ва Тулузда амалга оширилган ҳужумлар францияликлар қалбида “чуқур жароҳат” қолдирди,- деди Николя Саркози.

Франция президенти экстремизмга алоқадорликда гумонланган шахсларга қарши рейдлар давом этишини қўшимча қилди.

22 апрел куни Францияда президент сайлови ўтказилиши режаланган. Николя Саркози ҳозирда сайловолди кампанияси олиб бормоқда.

Франция раҳбари 30 март куни ҳибсга олинган шахслар айнан қандай жиноятларга алоқадорликда гумонланаётганини ошкор қилмади. Аммо у давлат раҳбариининг энг биринчи вазифаси Франция халқини ҳимоя қилиш эканини айтди.

- Франция халқи хавфсизлигини кафолатлаш бизнинг вазифа. Бу ўта муҳим масала. Давлат раҳбарининг энг биринчи вазифаси Франция ҳалқини ҳимоя қилишдир, - деди Николя Саркози.

Тулуздаги ҳужумлардан сўнг президент Саркози мамлакат полициясига радикал исломий гуруҳларга хайрихоҳ деб тахмин қилинган шахсларнинг таҳдиди масаласини қайта кўриб чиқиш ҳақида буйруқ берган.

Айни пайтда, 29 март куни Франциядаги Исломий анжуманда қатнашмоқчи бўлган бир неча таниқли мусулмон уламонинг мамлакатга киришини таъқиқлади.

Ташқи ва Ички ишлар вазирлари эълон қилган қўшма баёнотда уламоларнинг “адоват ва зўравонликка чақириши” жамоатчилик тартибига таҳдид солиши билдирилган.

Анжуман ташкилотчилари буни рад қилиб, таъқиқ мусулмонлар хавотирини янада кучайтириши мумкинлигини айтди.
XS
SM
MD
LG