Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:08

Ucell Интернет тезлиги ва қамровини кучайтирмоқчи


Ўзбекистонда МТСдан кейин иккинчи йирик алоқа оператори ҳисобланган Ucell ширкати республикадаги 3G станциялари сонини 50 фоизга кўпайтиришни режаламоқда.

Бу ҳақда Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Ucell ширкатининг хизматларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шавкат Ҳусаинов журналистларга хабар берди.

Ucell мутасаддиси шунингдек¸ ширкат барча Интернет хизматларини битта “3G Мах” йўналишида бирлаштирганини айтди.

Шавкат Ҳусаиновнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, “3G Мах” тармоғи абонентларни энг юқори Интернет тезлиги билан таъминлайди.

Ucell ширкатининг мижозларга хизмат кўрсатиш хизмати вакилига кўра¸ ҳозирча , “3G Мах” тармоғи таклиф қилаëтган энг катта Интернет тезлиги секундига 7¸2 мегабитни ташкил қилмоқда.

- Max пакетнинг энг арзони 1 доллару 25 цент эвазига бир ойга 50 мегабайт сотиб олишингиз мумкин. Энг қиммат пакетимиз 35 доллар бир ойга 10 минг мегабайт сотиб оласиз. Энг катта Интернет тезлиги ҳозирча 7¸2 мегабит¸ дейди Ucell Интернет хизматлари оператори.

30 март куни Ucell ширкатининг хизматларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шавкат Ҳусаинов ширкат ўз мижозларига таклиф қилаëтган Интернет тезлигининг яқин фурсатда 42 Мб/с га етажагини билдирди.

Ўзбекистон бўйлаб 50 фоизга кўпайтириладиган 3G станциялари¸ Ucellнинг мижозларга хизмат кўрсатиш бўлимининг ўзини таништирмаган вакилига кўра¸ республика қишлоқларидаги Интернет¸ хусусан мобил Интернет қамрови ва тезлигини оширишга хизмат қилади.

- 3G станциялари сонининг кўпайиши Интернет кучайишини англатади. Ҳозирча Ўзбекистонда асосан йирик шаҳарлар¸ хусусан¸ Тошкент ва Самарқанд каби йирик марказларда 3G станциялар қўйилган ва Интернетдан фойдаланиш асосан шу шаҳарларда яшовчилар учун қулай эди. Вилоятларда 3G ни ишлатишнинг шаҳардаги имконияти йўқ эди. Эндиликда вилоятларга ҳам секин-аста 3G станциялар қўйиб чиқилаяпти. 3G станциялари кўпайиши нафақат мобил Интернет¸ масалан¸ бизда¸ 3G модемлар ҳам бор¸буларнинг ҳам тезроқ ишлашини билдиради. Антенналар киритилганидан кейин Интернет кучаяди¸ ҳам унинг тезлиги ошади¸ ҳам қамрови кенгаяди¸ дейди Ucell ширкатининг мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими ходими.


И сми келтирилмаслиги сўрови билан Озодликка гапирган Ўзбекистондаги мобил алоқа вазиятини кузатиб келаëтган муҳандис¸ мамлакатдаги уяли алоқа ширкатлари ўртасидаги рақобат кучайиб бораëтгани боис¸ ҳозирга қадар мобил алоқа сифати МТС ва Beeline каби рақибларидан анча заиф бўлган Ucell 3G станциялари сонини кўпайтириш ва эскиларини таъмирлашга мажбур бўлганини тахмин қилади.

Нафақат Ucell¸ балки бошқа мобил алоқа ширкатлари таклиф қилаëтган 3G тармоғидаги Интернет тезлиги ва қамрови ошиб бораëтганини эътироф этган ҳолда бу муҳандис¸ бу тезлик ва қамровнинг янада кенгайиши¸ Ўзбекистонда давлат томонидан Интернетга қўйилган чекловларни ëриб ўтиш имконини бермаслигини қўшимча қилади.

- Масалан 3G га уланса ҳам, бошқа қилганда ҳам ҳар қандай Интернетга уланган ўша қурилманинг адреси бўлади. Айтайлик¸ битта компания орқали уланаяпти МТС ëки Beeline. МТС ëки Beelineнинг серверида буни тўсиб қўйиш мумкин. Бу нарсани ëпиб қўйиш қийин эмас. Мобил алоқа компаниялари Ўзбекистондаги қанақадир тармоқлар (асосан давлатга қарашли ЎзбекТелеком ширкати орқали - таҳр) орқали кейин Интернетга уланади. У ëқда тўсилган нарса, масалан¸ филтр қўйилади.

Филтрга мобил телефондан кирасизми, уйдаги телефондан кирасизми фарқи йўқ. Агар тўғридан тўғри сунъий йўлдошга уланиб кирадиган бўлса, унда бошқа гап. Унда унақа тўсиқларга учрамаслиги мумкин¸ дейди телекоммуникация соҳаси мутахассиси исми айтилмаслиги шарти билан.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги тарқатган маълумотга кўра¸ мамлакатда ҳозирда 24 миллиондан ошиқ мобил алоқа абоненти бор. Интернет фойдаланувчилар сони эса, сўнгги маълумотларга кўра, 8 миллиондан ошган. Шулардан 4 миллион киши Интернетдан мобил алоқа орқали фойдаланади.

Ўзбекистонда мобил алоқа қамрови кенгайиб¸ Интернет¸ хусусан¸ мобил Интернетдан фойдаланиш нархи арзонлашиб бораëтган бир пайтда¸ Тошкент ҳукумати йиллардан бери халқаро майдонда Интернет эркинлигини бўғувчи ҳукумат сифатида баҳоланиб келинмоқда.
XS
SM
MD
LG