Линклар

logo-print

Ишқибозлар ўзбек футболчиларидан хафа эмас


Ўзбекистон Олимпия терма командаси.

Ўзбекистон Олимпия терма командаси.

Пайшанба куни футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма командаси Уммон жамоасига 0-2 ҳисобида бой бериб, 2012 йил Лондон Олимпиадасига йўлланма олиш имконини қўлдан чиқарди. Ўзбекистон футболчилари, айниқса, миллий терма жамоаси кейинги йилларда яхши ўйин кўрсатиб, ўз ишқибозларини хурсанд қилиб келмоқда. Олимпиячиларнинг ҳам саралаш ўйинлари плейофф босқичига биринчи марта чиқиши. Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари олимпиячиларнинг бир-икки қадам қолганда ёзги олипиадага чиқа олмаганидан бироз хафа, лекин ўзбек футболи истиқболларига некбинлик билан қарамоқда.

Ўзбекистон футбол ишқибозлари клуби раиси Абдураҳмон Фозилов Вьетнамда 29 март куни бўлган ўйиндан кўнгли тўлмади. Лекин у Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Уммон термасига мағлуб бўлганининг объектив сабаблари бор, деб ҳисоблайди.

- Энди қаранг ака. Футболда биринчидан восстановителний период деган нарса бўлади ўзингиз яхши биласиз. У минималний 72 соат бўлиши керак. Бизларнинг болалар Вьетнамга учиб борди ернинг нариги бурчагига. Икки-уч кун тайëргарлик кўрди, қўлдан келганча ютди Сурияни. Уммон бизлардан икки кун кўп дам олди, тайëргарлик кўрди. Болалар чарчаган. Футболда через ден ўйнаш жуда қийин нарса. Ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак.

Пайшанба куни Ханойнинг марказий ўйингоҳида бўлган учрашувда Ўзбекистон командаси 0-2 ҳисобида мағлубиятга учради. Лекин ўзбекистонлик ишқибозлар етакчисининг фикрича, футболчилар саралаш босиқичида яхши ўйин кўрсатди.

Марғилонлик 25 ёшли Жамшид свет ўчиб қолгани боис ўйинни охиригача кўра олмади. Лекин у ҳам олимпиячилар мағлуб бўлганини эшитиб унчалик ҳафа бўлмади. “Бизникилар шу ергача етиб келгани ҳам катта гап”, дейди Жамшид.

- Ҳа энди шу ергача келдию бўлар энди. Ўзининг имкониятлари бўйича ўйнашди ака. Уммон кучли экан, кучли ўйнади. Бундан олдин бунақа бўлмаганку, дейди Жамшид.

Пайшанба кунги ўйиндан кейин Озодлик Интернет саҳифасидаги мақолага шарҳ қолдирган мушатрийларимизнинг баъзилари жамоа мураббийси Вадим Абрамов миллий терма командасига кўпроқ эътибор қаратиб, олимпиячиларни бироз қаровсиз қолдирганликда танқид қилди.

Ишқибозлар етакчиси Абдураҳмон ака ҳам, марғилонлик Жамшид ҳам бу фикрга қўшилмайди. Фарғоналик Холматжон эса, аслида Абрамовнинг иккала командага тренерлик қилаётгани яхши дейди, Озодлик билан суҳбатда.

- Абрамовнинг иккала командага тренер бўлгани бир томондан яхшида. Болаларнинг ичидан кейин термага олади. Бошқарган одам биладида барибир.

Ўзи ҳам бир пайтлар Фарғона университети футбол командасида тўп сурган Холматжон, олимпяичилар олдида ҳали кўп ғалабалар борлигига ишонади.

- Энди у ëшларку барибир. Профессионалку барибир ëши катта футболчилар билан ëшларнинг орасида фарқ бўладию. 23 ëшдан катталар асосан тажрибалиларку. Сурия билан бўлган ўйинда зўр ўйнашди болалар. 1-0 га ютқизаëтганда икки гол уриб 2-1 га ютишди, дейди Холматжон.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ишқибозларнинг ҳаммаси кейинги йилларда ўзбек футболи мисли кўрилмаган тарзда ривожланаётганини айтиб, ҳозир барча куч миллий терманинг 2014 йил жаҳон чемпионлигига чиқа олишига ташланиши зарур дейди. Ишқибозлар эса бунинг учун қўлидан келганини қилишга тайёр дейди Абдураҳмон Фозилов.

- Худо хоҳласа, чиқади ака. Ўзбекистон миллий терма жамоасига ишонамиз. Миллий терма жамоамиз мураббийи Вадим Абрамовга ҳам ишонамиз. Айниқса охирги 5 йилда футбол жудаям кучлилашиб кетаяпти назорат қилиб турган бўлсангиз. 2014 йил Бразилияга терма жамоамиз албатта чиқади. Керак бўлса биз қулоғидан тортиб олиб чиқамиз терма жамоамизни. Ўзбекистон нумбер ван зе ворлд дейдими, нима дейди. Ака, тан-жонингиз соғ бўлсин, бола-чақангизнинг бахтига соғ бўлинг. Юртимизга ҳаммамиз садоқатли бўлайлик, дейди ўзбек футбол ишқибозлари етакчиси.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йил Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг 4-даврасига чиқди. "А" гуруҳида Ўзбекистон термаси биринчи ўйинни Эрон командаси билан жорий йил 3 июн куни Тошкентда ўтказади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG