Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:30

Индонезияда мини юбка порнографияга чиқарилиши мумкин


Дин ишлари бўйича Индонезия вазири Суриадхарма Али хотин-қизларнинг калта юбка кийишини порнография тарғиботи дея талқин қилди ва порнографияга қарши кураш тўғрисида қабул қилинадиган янги қонунда мини юбка кийишни тақиқлашни ташаббуси билан чиқди.

Дунëдаги энг йирик мусулмон давлати ҳисобланган Индонезияда Дин ишлари бўйича вазир¸ аëлларнинг тиззадан калта юбка ва кўйлак кийишини порнография шакли дея баҳолади.

Вазир¸ айни пайтда¸ Бирлашган тараққиëт партияси етакчиси Суриадхарма Али жорий ой бошида мамлакатда ташкил этилган порнографияга қарши кураш гуруҳи раҳбарлигига тайинланган эди.

Ўз таклифи мамлакат президенти Сусило Бамбанг Юдҳойно томонидан ҳам қўлланишини таъкидлаган жаноб Али¸ махсус гуруҳ порнографияни тақиқлашидан олдин бу тушунчани белгилашнинг умумжаҳон мезонлари ишлаб чиқилиши лозимлигини урғулади.

Австралияда чиқадиган The Sydney Morning Herald газетасига берган интервюсида Индонезия вазири “порнография нима эканини ҳаммамиз яхши ҳис қиламиз¸ аммо уни аниқ белгилашнинг мезонлари ҳозирча йўқ” деб туриб¸ аëлларнинг калта юбкалари ҳам порнографиядан ўзга нарса эмаслигини қўшимча қилди.

Индонезия Дин ишлари вазири Суриадхарма Алининг бу талаби мамлакатдаги исломий гуруҳларни бирлаштирувчи Уламолар кенгаши томонидан қўллаб-қувватланди.

“Ислом шариатига кўра¸ хотин-қизлар нафақат узун этак кийишлари¸ балки аврат жойларини тўсиб юришлари шарт”¸ деди бу мавзуга муносабат билдирган Уламолар кенгашининг фатво бўлими масъули Аминуддин Ëқуб.

Индонезия¸ хусусан¸ унинг Бали ороли¸ Ғарб сайëҳларининг севимли оромгоҳларидан бири ҳисобланади. Ўз чиқишларида Суриадхарма Али ва бошқа Индонезия диндорлари ҳозирча калта юбка порнография шакли сифатида тақиқланса¸ унинг мамлакатга келиб-кетаëтган юз минглаб хориж сайëҳларига ҳам татбиқ этилиш-этилмаслиги хусусида бирор изоҳ бермади.

Жорий ой бошида Индонезия парламенти раиси Марзуки Алия хотин-қиз сиëсатчилар ва парламент аëл хизматчиларининг иш жойларига калта юбкада келишларини тақиқловчи қоидалар лойиҳасини ишлаб чиққанини эълон қилди.

Парламент раисига кўра¸ аëлларнинг калта юбкада ишга келиши эркаклар диққатини ишдан чалғитади. “Хотин-қизлар рисоладагидай кийим киймаганлари оқибатида зўрлаш ва бошқа ахлоқсизликлар кўпайиб бормоқда”¸ дея оқлади бундай чекловга нисбатан эҳтиëжни парламент раиси.

“Эркакларнинг қандайлигини яхши биласиз. Провокацион кийим кийиш эркакларни бундай ишларга ундамоқда”¸ дея қўшиб қўйди парламент раиси жумладан.

Индонезияда президент Юдҳойно ташаббуси билан таъсис этилган порнографияга қарши кураш гуруҳи¸ танқидчи ва мухолифларга кўра¸ аҳоли диққатини мамлакатдаги иқтисодий аҳволнинг ëмонлашиб¸ ëнилғи нархининг ниҳоятда кўтарилаëтгани ва давлат идораларидаги коррупция кўлами каби жиддий муаммолардан чалғитишни мақсад қилган.

Ўтмишда либерал исломий қадриятлар билан яшаб келган Индонезия жамияти¸ кузатувчиларга кўра¸ кейинги 10-20 йил ичида исломнинг борган сари консерватив талқинига ўтмоқда.

Мамлакатдаги хотин-қизлар гуруҳлари¸ қолаверса инсон ҳақлари ташкилотлари Индонезия сиëсатчиларининг жиддий муаммолар ўрнига аëллар кийимига эътибор қаратаëтганларига норозилик билдирмоқдалар.

Аëлларга қарши зўравонлик миллий комиссияси матбуот котиби калта юбкаларни тақиқлаш таклифини хотин-қизлар ҳақларини поймол қилиш дея баҳолади ва жинсий зўравонликнинг на порнография ва на аëллар юбкасининг узун-қисқалигига алоқаси йўқлигини таъкидлади.

“Зўрланган аëлларнинг аксарияти консерватив услубда кийинганлардир. Лекин бу кийим уларни зўрлаш қурбонига айланишдан сақлаб қола олмаëтир”¸ деди жумладан комиссия матбуот котиби.
XS
SM
MD
LG