Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:19

Ўзбекистон Хитойга газ экспорт қила бошлайди


Ўзбекнефтегаз миллий холдинг компанияси биноси.
Ўзбекнефтегаз миллий холдинг компанияси биноси.

Ўзбекнефтегаз миллий холдинг ширкати бошқарув кенгаши раиси Шокир Файзуллаев 2012 йилда Хитойга қанча миқдорда газ экспорт қилинишини ошкор этмади.


Расмий маълумотларда айтилишича, ўзбек томони 1 апрелдан бошлаб Хитойга газ экспорт қила бошлайди.

Оilcapital.ru Интернет нашри маълумотига кўра, Ўзбекистон гази Хитойга “Марказий Осиё-Хитой” қувури орқали экспорт қилинади.

Қурилиш ишлари 2008 йилида бошланган ва 2009 йил декабр ойида фойдаланишга топширилган “Марказий Осиё-Хитой” газ қувурнинг умумий узунлиги қарийб етти минг километрни ташкил этади.

Қувур Хитойнинг Гуанжоу шаҳригача қурилган. У ердан мавжуд тармоқ орқали газ керакли жойларга тақсимланади.

Ўзбекистондаги газ қувурининг иккинчи тармоғи 2010 йил декабрида фойдаланишга топширилган. У йилига 30 миллиард куб метр газни етказиб бериш қувватига эга.

Ўзбекистон участкасидаги лойиҳа оператори “Asia Trans Gas” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ҳисобланади.

Мазкур қўшма корхона Ўзбекнефтегаз ва Хитойнинг миллий нефтгаз компанияси ўртасида тенг шерикчилик асосида тузилган.

Ўзбекнефтегаз ва Хитойнинг миллий нефтгаз компанияси (CNPC) 2010 йил июнида Ўзбекистондан йилига 10 миллиард куб метр газни дунё бозори нархида сотиб олиш ҳақида шартнома имзолаган эди.

Ўзбекистондаги энергетика соҳасини тадқиқ қилган, энергетик бўҳрон билан боғлиқ қатор мақолалар муаллифи Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон газининг Хитойга экспорт қилинишининг ҳам ижобий салбий жиҳатлари борлигини айтди.

- Газ экспортининг яхши томони Ўзбекистоннинг Хитой билан алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириш, жумладан, газ сотиб, бу ëқдан келадиган кредитлар бўладими, инвестициялар бўладими ëки бошқа ëрдам бўладими уларни олиш.

Лекин асосийси Ўзбекистон глобал жараëнларда иштирок этаяпти. Ўзининг маълум ишларида, ҳаракатларида Хитойнинг ҳам сиëсий ҳам маънавий қўллаб-қувватлашга эришишга ҳаракат қилади. Бу яхши томонлари.

Айни пайтда, Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон газининг Хитойга экспорт қилиниши қўшни давлатлар, Россия, қолаверса, ўзбекистонликлар учун ижобий ҳол эмас деган фикр билдирди.

- Ëмон томонлари, албатта Ўзбекистоннинг газ заҳиралари ўзига етмайди. Газ хатто ëн қўшнилари Қирғизистон, Тожикистонга сотиларди. Энди сотмайди. Ундан ҳам даҳшатлиси мамлакатнинг ўзига газ етмайди. Кўп жойларга газ бир ойда бир марта етиб бормайди. Кейин газ иқтисодининг ўзига етмайди. Иссиқлик электростанциялари бор, корхоналар бор электр ишлаб чиқарадиганлари ëки пар ишлаб чиқарадиганлари, буларга, иқтисодий ривожланишнинг ўзига газ етмайди. Энди бу ўзининг олдинги олган мажбуриятлари асосида Хитойга газ сотаяпти.

Яна бир томони борки, шу пайтгача Россиянинг алоқалари ҳар ҳолда кенг эди. Энди бу маълум даражада Россиянинг ҳам ғашига тегади. Хитойга газ сотиши ҳам аҳолининг ғашига тегади, ҳам қўшниларнинг ғашига тегади, ҳам Россиянинг ғашига тегади.

Шунинг учун мен Ўзбекистон ҳукуматининг Хитойга 1 апрелдан бошлаб газ етказиб бериши кўп томонидан норозиликлар уйғотади. Бу ҳар ҳолда ижобий эмас салбий қадамлар деб ҳисоблайман, - дейди мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев.

Айни пайтда Ўзбекистон 1 апрелдан бошлаб Тожикистонга табиий газ етказиб бериш бутунлай тўхтатилишини маълум қилган.

РИА Новости ахборот агентлиги хабарига кўра, Тожиктрансгаз ширкатига йўлланган мактубда Ўзбекистон томони бу ҳолатни табиий газ заҳиралари етишмаётгани ва Ўзбекистон газининг асосий харидори бўлган Хитой олдидаги мажбурият бажарилиши кераклиги билан изоҳланган.

Ўзбектрансгаз ва Тожиктрансгаз ўртасида жорий йил 5 январида имзоланган келишувга мувофиқ Ўзбекистон 2012 йилда Тожикистонга 200 миллион куб метр, йилнинг биринчи чорагида 45 миллион куб метр газ етказиб бериши кўзда тутилган.

Агентлик хабарига кўра, Ўзбекистонда импорт қилинган газ асосан Тожикистондаги ишлаб чиқариш корхоналари, хусусан, Тожикистон алюминий заводи ва Тожикцемент заводлари эҳтиёжи учун ишлатилади.
XS
SM
MD
LG