Линклар

logo-print

Тошкент шаҳридаги йирик улгуржа бозорлардан бири бўлган “Чинни бозор”да 29 мартдан бошлаб чироқ узиб қўйилди.


Бозор сотувчиси 36 ёшли тадбиркор Расулжоннинг Озодликка хабар беришича, Ёнғин хавфсизлиги хизмати бозор ҳудудидаги дўконлар хавфсизлик талабларига жавоб бермайди, деган важ билан 29 мартдан бошлаб чироқни узиб қўйган.

- Уч кундан бери чироқ йўқ. Дўконларимизнинг деворлари пластик бўлгани ёнғин хавфсизлигига тўғри келмас экан. Шуни айтиб узиб қўйишди. Дўконлар қоп-қоронғу, касса аппарати, терминаллар ишламаяпти. Ўтирибмиз савдосиз, - деди Расулжон.

"Чинни бозор" 2008 йилда қайта таъмирдан чиқарилган ва иш бошлаган эди.

Тадбиркор Расулжон ўша пайтдан буён бозордаги дўконларнинг деворлари пластик, наҳотки ўша кезда бунинг ёнғин хавфсизлиги талабига зид эканини пайқамаган бўлсалар, дея норози бўлмоқда.

Бу тадбиркордан олинган хабарни Озодлик бошқа манбалардан аниқлашга уриниб кўрди.

Бу буюм бозорида 3 йилдан буён сотувчилик қилаётган яна бир тадбиркор Маҳлиё Аслонова ҳам бу хабарни тасдиқлади.

У ҳам уч кундан буён электр токи узилгани боис савдо тўхтаб қолгани ва муаммони ҳал қилиш учун бўлаётган уринишлар бесамар қолаётганини айтди.

- Бозорда уч кундан бери чироқ йўқ. 2008 йилда бозорни қабул қилиб олганда, қаерда эди бўлар?! Энди уч ой ичида пластик деворларни олиб, суваб, ёнғин хавфсизлигига жавоб берадиган қилсак, бозорни очишармиш. Бўлмаса, ёпишармиш, - деди "Чинни бозор"даги сотувчи Маҳлиё Аслонова.

Шу йилнинг феврал ойида “Чинни бозор”маъмурлари коррупцияга боғлиқ жиноятлар ва давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланиб, ўндан зиёд одам маҳкамага тортилган эди.

Судланувчилар орасида “Чинни бозор” бошқарув раиси Раҳим Ахмедов ва бозорнинг бошқа ходимлари, Тошкент вилояти Солиқ бошқармаси маъсул ходимлари, бозор қурилишида иштирок этган “ТАТИКО” фирмаси номидан иш юритган ходимлар борлиги норасмий манбалар томонидан Озодликка хабар қилинган эди.

Бу манбаларга кўра, айблов хулосасида судланувчилар “Чинни бозор”даги қурилиш ишлари учун “ТАТИКО” номли сохта фирма ташкил қилиб, давлат бюджетидан ажратилган 4 миллиард сўм пулни ўзлаштириб юборгани қайд қилинган.

Бундан ташқари, бозор маъмурияти янги қурилган дўконларни тадбиркорларга қиммат нархда сотиш эвазига 11 миллион сўм миқдорида фойда кўргани ҳам айтилган эди.

Бозор маъмурияти бу каби айбловларга аниқлик киритишини сўраб, Озодлик қилган мурожаатларни жавобсиз қолдириб келмоқда.

Аммо, Озодликка сўзлаган савдогарларга кўра, улар ҳам раҳбарият устидан бораётган маҳкама ва унинг натижасидан мутлақо бехабар.

Бундан ташқари, бозор ҳудудида уларнинг арзини тинглайдиган мутасадди ҳам топилмаяпти.

- Раҳбарлар алмашган-алмашмагани, ким нима иш қилаётганини билолмаяпмиз ҳозир. Иккита ошхона ҳам печатланган. Ҳожатхона ҳам печатланган. Уч кун бўлди, энди бу бош оғриғи чиқди. Ҳамма молини шу дўконларига қўйган. Энди бу молларимизни қаёққа оборамизу, дўконларни қандай қилиб ремонт қиламиз, - дея савол билан юзланди Маҳлиё Аслонова.

Тошкент шаҳридаги йирик улгуржа бозорларидан бири ҳисобланган "Чинни бозор"да, асосан, хўжалик ва маиший техника моллари, хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва мамлакатга хориждан келтирилаётган чинни буюмлари билан савдо қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG