Линклар

Мисрдаги “Мусулмон биродарлиги” ташкилотининг сиёсий қаноти бўлмиш "Озодлик ва адолат" партияси президентлик сайловига ўз номзодини кўрсатди.

Бу номзод партия лидерларидан бири, молиявий масалалар учун жавобгар бўлган тадбиркор Ҳайрат аш-Шатир экани айтилмоқда.

Президент Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг мамлакатда ўтказилган парламент сайлови натижасида Озодлик ва адолат партияси энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлганди.

Бу сиёсий ташкилот вакиллари Мисрнинг янги қомусини ишлаб чиқаётган Конституциявий кенгашда ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Сўнгги пайтларда мазкур кенгашда фаолият юритаётган либерал қарашдаги бир неча аъзо унинг таркибидан чиққан. Улар бу қадамларини айрим сиёсатчиларнинг Мисрда шариат қонунларини ўрнатиш зарурлиги ҳақидаги баёнотларига норозилик ўлароқ изоҳлаганлар.

Мисрда президентлик сайлови шу йилнинг 23-24 май кунлари ўтказилиши режаланган.

Айни пайтда, Миср сайлов комиссияси раиси Форуқ Султонга кўра, сайловларнинг иккинчи босқичи ўтказилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Агар биринчи босқичда номзодлардан биронтаси ғолиб бўлолмаса, 16-17 июн кунлари сайловларнинг иккинчи босқичи ўтказилади.

Аввалроқ Халқаро атом энергияси агентлигининг собиқ раҳбари Муҳаммад ал-Барадей, Араб давлатлари лигасининг собиқ бош котиби Амр Муса каби таниқли мисрликлар президентликка ўз номзодини илгари суриш ниятларини эълон қилгандилар.

2011 йилнинг май ойида “Мусулмон биродарлиги”дан бўлган Абдул Монейм ҳам президентликка номзодини қўяжаги ҳақида эълон қилганди. “Мусулмон биродарлиги” раҳбарияти билан келишилмаган ҳолда эълон қилинган бу қарори учун у ўтган йил 20 июнида ташкилотдан чиқарилганди. Мазкур ташкилот ўтган йили президентлик сайловига номзод кўрсатмаслик қарорини олганди.

Халқаро кузатувчилар Мисрдаги президентлик сайловларида исломийлардан бўлган номзоднинг ғалаба қозониши мамлакатнинг Исроил ва АҚШ билан алоқаларида ўзгариш бўлишини англатишини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG