Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:21

Ўзбекистонда ароқфурушлардан рухсатнома сўралади


Ўзбекистондаги кафе, ресторан ва бошқа умумий овқатланиш жойларининг эгаларида бундан буён алкоголли ичимлик сотиш учун махсус рухсатнома олишлари керак бўлади.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 28 март куни имзоланган 89-қарорида айтилган.

Алкоголли маҳсулотлар сотишга ҳуқуқ берувчи бундай гувоҳномалар учун ойига энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида йиғим олиниши кўзда тутилган. Агар ҳозирги кунда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори 62920 сўм экани эътиборга олинса, бундан буён ароқ сотувчилар давлатга 314600 сўм ёки расмий курс билан 170 АҚШ доллари (“қора бозор” курси билан эса $112) миқдорида қўшимча пул тўлаши керак бўлади.

Умумий овқатланиш жойларида ароқ сотиш учун рухсатнома мазкур муассаса эгалари аризасида кўрсатилган муддатга берилиши, бироқ бу муддат 2 йилдан ошмаслиги белгилаб қўйилган.

Рухсатномалар Қорақалпоғистон Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимиятлари қошидаги махсус комиссиялар томонидан берилади. Бунинг учун комиссияга ариза, давлат қайдидан ўтганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, устав жамғармаси борлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, умумий овқатланиш объекти борлигини (кафе-ресторан эгасининг ўз жойи ёки ижарага олинган жой) тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, солиқ хизматидан маълумотнома, ҳисоб-китоб терминали борлиги ҳақида банкдан олинган маълумотнома, аризада кўрсатилган муддатга мувофиқ равишда рухсатнома учун пул тўлангани ҳақидаги банк ҳужжати нусхаси каби еттита ҳужжат топширилади.

Мазкур комиссия алкоголли маҳсулот билан савдо қилиш тартиб-қоидаларига нечоғли риоя қилинаётганини ҳам назорат қилади. Агар бунга доир қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, комиссия рухсатноманинг амал қилиш муддатини 10 кунгача тўхтатиб қўйиши мумкин.

Агар умумий овқатланиш объекти томонидан алкоголли ичимликларни сотиш тартиб-қоидаларини бузишга оид кичик қонунбузарликлар мунтазам равишда содир этилса ёки бир марта қўпол қонунбузарликка йўл қўйилса, русхатноманинг амал қилиш муддати суд қарори билан тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, 7 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда алкогол ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилиш бўйича чекловлар кучга киради. Бу бўйича ўзбек депутатлари ўтган йили ёши 20 гача етмаган шахсларга тамаки ва алкоголли ичимликлар сотмасликни кўзда тутган қонун лойиҳасини қабул қилгандилар.
XS
SM
MD
LG