Линклар

Душанбе Тошкентдан газ олишга умидвор

  • Гулнора Равшан

Ўзбек газининг асосий истеъмолчиси ТАЛКО ва Тожикцемент заводлари экани айтилади.

Ўзбек газининг асосий истеъмолчиси ТАЛКО ва Тожикцемент заводлари экани айтилади.

Ўзбекистон пойтахтида табиий газ импортига оид ўзбек-тожик музокаралари бошланди.

“Тожиктрансгаз” ширкатидан олинган маълумотларга кўра, мазкур идора раиси Саидаҳмад Шарофиддинов ва унинг биринчи муовини Шавкат Шоимов Тошкентда ўзбекистонлик ҳамкасблари билан музокара ўтказмоқда.

- Раисимиз бугун эрталаб биринчи муовини билан Тошкентга жўнаб кетди. Ҳозир у ерда музокара бўлаяпти газ хусусида, лекин ҳозирча натижалар бизга ҳам номаълум, - деди “Тожиктрансгаз” ширкатининг ўзини таништирмаган вакили.

Манбанинг таъкидича, томонлар музокарасининг асосий мавзуси ўзбек табиий газини Тожикистонга импорт қилиш ва 200 миллион куб метр ҳажмдаги туркман табиий газини бу томонга транзит қилиш учун Тошкент розилигини олишдир.

Аввалроқ Ўзбекистон газчилари 1 апрелдан эътиборан Тожикистонга табиий газ бериш тўхтатилишидан расман огоҳлантирган эди.

“Ўзбекнефтгаз” давлат холдинги Тошкентнинг бу қарорини расмий изоҳлаб,
жорий йилнинг 5 январида “Ўзтрансгаз” ва “Тожиктрансгаз” акциядорлик компаниялари ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, Тожикистонга 45 миллион куб метр ҳажмдаги табиий газни йилнинг фақат биринчи чорагида етказиб бериш кафолатланганини таъкидлаган эди.

Бироқ тожик жамиятидаги айрим доиралар Ўзбекистон навбатдаги қадами билан Тожикистонга иқтисодий босим ўтказаётганини иддао қилмоқда.

Бугундан эътиборан ўзбек табиий гази таъминотидан бутунлай узилиб қолган ТАЛКО ҳамда Тожикцемент заводлари жуда жиддий муаммоларга рўбарў бўлиб қолгани кузатилади.

Ўтган ҳафтада Тожикистон ҳукумат масъуллари ўзбек табиий газисиз ҳам бу йирик саноат корхоналари фаолиятдан тўхтамаслиги ва бунинг учун ёнилғи муқобил манбалари мавжудлигини уқтирган эди.

Бугун Озодликка гапирган ТАЛКО матбуот бошлиғи Игор Сатторов ўз ширкати Тошкент музокараларининг ижобий якунланишига умид қилаётганини таъкидлади.

- Биз ҳозирча муқобил ёнилғи манбаларидан фойдаланиш борасида жиддий ўйлаб кўрганимиз йўқ. Ҳар ҳолда, биз Тошкент музокаралари ижобий якун топиши ва ўзбек биродарларимиз аввал ваъда қилинган 200 миллион куб метр табиий газни бизга экспорт қилишига умид қилиб турибмиз, - деди Игор Сатторов.

ТАЛКО заводининг бошқа бир масъули Ҳайдар Сўфиев эса табиий газ таъминотидан узилиб қолган саноат корхоналари, жумладан, алюминий заводи кўмирдан газ ҳосил қилиш йўли билан фаолиятга шайланаётганини билдирди.

- Кўмирдан синтез-газ ҳосил қилиш технологиясини ишга солишни ўйлаяпмиз. Лекин ҳозирча бирор-бир натижага эришмай туриб, бу борада батафсил гапира олмайман, - деди Сўфиев.

Соҳа бўйича таҳлилчилар эса Тожикистон шароитида кўмирдан газ ҳосил қилиш умуман имконсиз эканини айтмоқда.

Иқтисодчи таҳлилчи Жонон Икромий кўмирдан газ ҳосил қилиш учун катта бир завод кераклигини, Тожикистонда эса бундай шароит йўқлигини айтади.

Икромий жанобларидаги маълумотларга кўра, ўзбек табиий гази фақатгина ТАЛКО заводининг анод ишлаб чиқариш цехи учун керак, холос.

- Бордию табиий газ импорти билан боғлиқ масала ҳал бўлмай қолса, ўша анодни Россия ва бошқа шу каби мамлакатлардан импорт қилиш мумкин. Лекин у ҳолда харажат кўпроқ бўлади, бу эса бизга иқтисодий зарар келтиради, - дейди таҳлиличи Икромий.

ТАЛКО алюминий заводи қаторида Роғун ГЭСини маҳаллий маҳсулот билан таъминлаб келаётган Тожикцемент заводи ҳам ўзбек газисиз қолиб жуда катта муаммоларга дуч келаётгани айтилади.

Мустақил таҳлилчи Икромий мулоҳазасича, Ўзбекистон қўшниси Тожикистоннинг иқтисодиётига зарба бериш мақсадида атайлаб газ таъминотини тўхтатиб қўйган бўлиши мумкин.

Айни пайтда иқтидордаги расмийлар маҳаллий матбуотни ўзбек табиий газининг берилмай қўйишига сиёсий тус бермасликка чақирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG