Линклар

logo-print

Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида "палов-пикет"ўтказилди


Норозилик пикетидан сурат.

Норозилик пикетидан сурат.

2 апрел куни бир гуруҳ москвалик фототасвирчи Ўзбекистондан сабаблари кўрсатилмасдан депортация қилинган журналист Виктория Ивлева ҳимоясига Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида норозилик пикети ўтказди.

Ўзбекистон элчихонаси олдидаги Дўстлик пикети “Москва-Тошкент: Дўстлик қозони” шиори остида ўтди.

2 апрел куни Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси олдига йиғилган оммавий ахборот воситалари мухбирлари сиёсий шиорларни бақираётган ғазабнок пикетчилар ўрнига Ўзбекистон ва унинг халқига ўз севги-муҳаббатини изҳор этаётган¸ рангбаранг ўзбек миллий либосу дўппиларни кийиб олган хушчақчақ одамларни учратишди.



“Биз Ўзбекистон ва ўзбекларни яхши кўрамиз, лекин ҳукумат негадир бизга уларни севишга рухсат бермаяпти”, дейди ҳазиломуз пикет иштирокчиларидан бири, кино- фотожурналист Светлана Свистунова.

- Ҳа, биз бу ерга ўз севгимизни изҳор этгани келдик. Айтиш мумкинки, бу Ўзбекистон билан элчихона олдидаги севги учрашуви. Афсуски бу севги бир томонлама, жавобсиз севги эканига қарамасдан...мана эшитяпсизми пикетдагилар “Ўзбекистон биз сени севамиз!”, дейишяпти! Биз бекорга бу ерга палов қилиб келмаганмиз. Бизнинг пикетимиз “Палов-пикет“ ёки “Дўстлик қозони” деб аталади. Бу ерда ошдан ташқари Тошкент ҳақида ажойиб таасуротларни қолдирган шоирамиз Анна Ахматованинг шеърларидан ўқиймиз, деди фотожурналист Светлана Свистунова.

Светлана ўз ҳамкасби Виктория Ивлеванинг Ўзбекистонга киритилмаганига Москвада 2010 йилнинг февралида ўзбек фотожурналисти Умида Ахмедова ҳимоясига Ўзбекистон элчихонаси олдида ташкил этилган “Ўзбекистон, Умида билан фахрлан!” норозилик акцияси сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

- Шу пикетдан кейин мен ҳам Ўзбекистонга киритилмасам жуда алам қилган бўлар эди, чунки мен Тошкентда бўлганман, лекин Бухоро ва Самарқандни кўрмаганман. Наҳот биз Бухоро ва Самарқандни кўрмаймиз? Ўзбекистон бизнинг биродар мамлакатимиз ҳисобланади. Лекин Ўзбекистон тарафидан бизга бундай нодўстона муносабат билдирилаётгани жуда оғир ва ачинарли ҳолдир, дея куйинади Светлана Свистунова.

Пикет иштирокчилари ва уни ёритаётган журналистларга бир нечта лаганда ош тарқатилди. Ола чопон ва фарғонача тўн кийиб олган пикетчилар, жумладан Виктория Ивлева машҳур Анна Ахматованинг Тошкент даври ижодидан шеърлар ўқиб эшиттирди.

Ора-орада акцияда иштирок этаётган ўнта пикетчи Ўзбекистон элчихонаси томонга қарата “Сўз эркинлиги ошдан ëмон эмас!” ёки “Ўзбекистон, юзингни оч!”, деб бақирди.


Дўстлик намойишига йиғилиб ош еётган пикетчилар пардалари маҳкам ёпилган Ўзбекистон элчихонасининг тўртинчи қаватидан ҳар сафаргидек видеокамерага тасвирга олаётган элчихона ходимини ошга таклиф этишди.

- Биз сизни севамиз, келинг биз билан ош ейишга, деди пикетнинг асосий ташкилотчиси фотожурналист Виктория Ивлева.

Ўзбекистон ҳақида танқидий мақолалари билан танилган Виктория Ивлева 23 март куни Тошкент аэропортидан депортация қилинган эди.

“Новая газета” мухбири Виктория Ивлева Ўзбекистонга маҳаллий мухбирларга замонавий фотожурналистика бўйича трейнинг ўтказиш мақсадида келган эди.

2006 йилнинг 20 ноябрида Москвада нашр этиладиган “Новая газета”да журналистнинг Ўзбекистонга бағишланган“Балиқлар мамлакати” сарлавҳали репортажи чоп этилган эди.

Озодлик билан суҳбатда фотожурналист Виктория Ивлева Ўзбекистон элчихонаси олдига ўзининг Тошкентда исталмаган шахслар “қора рўйхатига” киритилганига норозилик билдириш мақсадида эмас¸ балки Тошкент расмийларига Россия ва Ўзбекистон халқлари яқин тарихининг бир эканини эслатиб қўйишга келганини гапиради.

- Бу пикет бизнинг муайян фикр-истакларимиз кўринишидир. Биз Тошкентга раҳмат айтамиз, биз уруш йилларидаги Тошкентни унутганимиз йўқ. Шунинг учун ҳаммага, жумладан ўзбек ҳукумати ва Ислом Абдуғаниевичга ягона ҲАМДЎСТЛИКда яшаётганимизни эслатиб қўйиш мақсадида бу ерга йиғилдик., деди Виктория Ивлева.

Виктория Ивлева бир ой ичида Ўзбекистонга киритилмаган иккинчи хориж журналистидир. 29 феврал куни Тошкентга келган Би-Би-Си мухбири Наталя Антелава ҳам расмийлар томонидан аэропортдан ташқарига чиқарилмаган ва депортация қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG