Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:20

Журналистни ëзмаган мақоласи учун жазолашмоқчи


Елена Бондар.
Елена Бондар.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан журналист Елена Бондарга қарши миллатлараро низо қўзғаш айблови билан жиноий иш очилди.

Консалтинг ширкати журналистга қарши


Журналист Елена Бондар устидан очилган жиноят иши Тошкентдаги IQ Land Servis консалтинг ширкатининг икки раҳбари томонидан киритилган даъво аризасига асосланган.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Бондарга кўра, уни журналистик фаолияти орқали Ўзбекистонни қоралаш ва миллатларо низо қўзғашда айблашмоқда.

- Менга қарши ОО IQ Land Servis директори Павел Сафин ва ушбу ташкилотнинг менежери Олга Старкова даъво аризаси киритган, дейди Бондар.

Елена Бондарнинг айтишича¸ даъвогарлар аризаси журналистнинг ўтган йили Фарғона.ру сайтига Тюмень университетининг Тошкентдаги филиали таъқиб этилаётгани, Ўзбекистон ҳукумати таълим даргоҳини ёпиш ниятида экани ҳақида келиб тушган мактубни ўрганишга ҳаракати билан боғлиқ.

Журналистга кўра, ўз суриштируви натижасида Тошкентда Тюмен университетининг филиали йўқлиги, фақат университет билан воситачилик қилувчи IQ Land Servis ширкати борлигини аниқлаган ва хатда келтирилган маълумотларга далил-исбот топилмагач, бу ҳақдаги мақола эълон қилинмаган.

Журналист ёзилмаган мақола учун айбланаяпти


Эндиликда ўзинининг ёзмаган ва ҳеч қаерда эълон қилинмаган мақоласи учун айблашаётганини айтади журналист Бондар.

- Мен бу ҳақда ҳеч нарса эълон қилмаганман. Бирорта ҳам мақолам ҳеч қайси сайтда эълон қилинмаган. Улар мени Ўзбекистон халқини қоралаш руҳида тайёрланган мақола ёзишга ҳаракат қилганликда айблашаяпти. Уларнинг айтишича, мен улар билан суҳбатлашган пайтимда, сўзларим Ўзбекистонни қоралаш мазмунида бўлган эмиш. Шунингдек, улар мени миллатларо низо қўзғатувчи мурожаатларни тарқатишда айблаяптилар, дейди Бондар.

Ҳозирда Елена Бондарга қарши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 156-моддаси -"Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш" бўйича айблов эълон қилингани айтилмоқда.

Ушбу моддада қайд қилинган жиноят учун уч йилгача озодлиқдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилади.

IQ Land Servis мурожаати


Озодлик мавзу юзасидан Тошкентдаги IQ Land Servis ширкати билан боғлана олмади.

Жорий йилнинг 30 январ куни “Тожик меҳнат муҳожирлари” сайтида IQ Land Servis директори Павел Сафин номидан "Фарғона.ру сайти раҳбариятига мурожаати" эълон қилинган эди.

Ушбу мурожаатда журналист Бондар гўёки "компания ходимларидан Ўзбекистонни қоралаб интервью беришни талаб қилиш"да, “бу билан этник низо қўзғашга ҳаракатда айблаган” эди.

Ўтган йилнинг 22 августида Бондар ЕХҲТ ва "Немис тўлқини" академияларининг Бишкекда очилган "Марказий Осиё замонавий журналистика мактаби"да ўқиб қайтаётганида Тошкент аэропортида ушланган эди.

Журналистга қарши тўртта флеш-карт, учта компакт диск ва иккита видеокассетани декларация қилмаганлик айблови билан маъмурий иш қўзғатилган ва 6 сентябр куни бу иш ёпилган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:47 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG