Линклар

Кейинги пайтларда uz доменидаги нашрларда Ўзбекистондаги айрим воқеалар ҳақида хабар тарқатилиб¸ муаммолар тилга олинаëтгани муносабати билан Озодлик бир гуруҳ журналистларга шу савол билан мурожаат қилди.


Сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги Gazeta.uz, Olam.uz, 12.uz, Podrobno.uz каби Интернет сайтларида янгиликлар, ўзбекистонликларни ташвишга солаётган муаммолар ва бошқа мавзуларда қизиқарли маълумотлар чоп этилмоқда.

1 апрел куни Тошкент халқаро аэропорти яқинида жойлашган ёқилғи қуйиш шаҳобчасида рўй берган портлаш номлари тилга олинган Интернет нашрларида батафсил ёритилди.

Муштарийлар авария ҳақидаги тафсилотдан ўз вақтида воқиф бўлдилар ва миш-мишларга ўрин қолмади.

"Ҳафта саволи" рукнининг бугунги сонида респондентларга “Ўзбекистонда Интернет нашрларига эркинлик берилдими?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Сафар Бекжон - ёзувчи:

- Тўла-тўкис берилди¸ деб айта олмайман. Лекин берилиш учун ҳаракатлар бўлаяпти. Мен ўз тажрибамда айтиб берадиган бўлсам, блогим бор, шахсий нарсаларимни ëзаман, уч-тўрт ой олдин бу блогим бирданига бекитилди. Ўзбекистонда ҳеч ким очолмас эди. Facebook саҳифам ҳам худди шу шаклда бекитилди. Яқин бир ойдан бери қайтадан очилаяпти. Ҳаттоки google.uzдан кириб, ҳеч қанақа прокси қўлланмасдан тўғридан-тўғри кириб ўқувчилар сони бирданига ошди.

Ўшанда мен “Қанақадир топшириқ бўлган бу ташкилотларга. Уларни эркин қўйиш. Шунинг учун нима қилишади” деб ўйладим. Лекин халқ, оддий ўқувчи буни билиб етгани йўқ. Фақат мана шу нарсалар атрофида ўралашиб юрган ëки ўша соҳага яқин бўлган одамлар кириб ўқиб фикр билдираяпти. Энди улар билишаяптики, бунинг жазоси йўқ, ишдан ҳайдалмайди. Бўлиши керак бўлган нарса секин бўлса ҳам бошланган. Халқимиз буни билиши керак. Ахборот тарқатиш ва олиш секин бўлса ҳам агар бошланган бўлса, бунинг орқаси келади ўз ўзидан. Шуниси ижобий.


Даниил Кислов - Фарғона.ру муҳаррири:

- Ўзбекистондаги расмий нашрлар қизиқарли ва долзарб мавзулар ҳақида деярли ҳеч нарса ёзмаётган бир пайтда¸ буни Интернетда озгина олдинга силжиш дейиш мумкин. Аммо бу вазиятни кескин ўзгартириш учун жуда ҳам оз бўлган силжиш. Менимча, Ўзбекистон расмийлари Интернет сайтлари ривожига кўз юммоқда. Чунки ҳозир Интернет Ўзбекистонда ахборот олишнинг оммавий воситасига айлангани йўқ.


Илмира Тухватуллина – ўзбекистонлик журналист:

- Бу ерда ҳайратланарли ҳеч нарса йўқ. Интернет сайтлари кенг ҳуқуқларга эга бўлган оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Уларда турли мавзулар нашр қилиниши бизни қувонтиради. Жамият демократик ривожланиш йўлини танлаганидан хурсандман. Агар фикр эркинлигини ифода этиш имконияти бўлса, бу жуда яхши. Мен Интернет сайтларига кимдир кўрсатма ёки буйруқ берган¸ деб ўйламайман. Бунинг замирида қандайдир ғайриоддий нарсаларни излашга ҳожат йўқ.


Дилором Исҳоқова – ўзбекистонлик мустақил журналист:

- Кейинги йилларда Ўзбекистонда .uz деган интернет сайтлар ишлаб турибди. Бу рўйхатга олинган, ўзлари рухсат берган, мен аминманки, ана ўша берилаëтган муаммолар ҳам ҳаммаси келишилган ҳолда, рухсат билан цензурадан ўтказилган ҳолда берилади. Бу ҳам бўлса инсонларнинг ичида йиғилиб қолган нималарнинг олдини олиш учун озгина-озгина муаммоларни ëритиш ва бу билан Ўзбекистон расмий ҳукумати шуғулланаяпти¸ деган фикрни шакллантириш учунгина, шу фонни яратиш учун қилинаëтган нарса. Бошқа Интернет сайтларнинг бирортасини Ўзбекистонда очиб бўлмайди. Умуман очиб бўлмайди.

Агар сўз эркинлиги ҳақида гапириладиган бўлса, гапириш ëки ëзиш мумкинлиги ҳақида гапириладиган бўлса, унда бошқа сайтларга ҳам бемалол кириш мумкин бўлиши керак эди ва ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак эди. Минг афсуски, ҳозир тилган олинган беш-олтита .uz сайтлардан бошқа сайтга кириб кўринг. Кира олмайсиз. Бу жуда муаммо. Қандайдир проксилар орқали очиб ўқиш мумкин бўлади. Шунинг учун ўйлайманки, эркинликка, сўз эркинлигига ҳеч дахли йўқ нарсалар. Ҳаммаси юқоридан белгилаб берилган дозаларда аҳолига узатилаëтган ҳақиқат. Чеклаб, келишилган, кесилган ҳолда берилаëтган ҳақиқат¸ деб биламан.


Азамат Отажонов – Газета.уз муҳаррири:

- Энди тўғрисини айтсам унча ўзгариш сезмаяпман. Менимча, шахсан бизларнинг сайтда ҳеч қанақа ўзгариш бўлмаган. Тўғрисини айтишим керак¸ сайтимизда битта-иккита одам ишлайди. Кўп нарсани қамраб ололмаймиз. Олдин қанақа ишлаган бўлсак, ҳозир ҳам шунақа. Ҳеч қанақа ўзгариш бўлмаган. Бизлар қанақа ишлаган бўлсак, шунақа давом қилдираяпмиз.


Шоҳида Ëқуб – британиялик мустақил журналист:

- Менимча, Ўзбекистонда Интернет эркинлиги йўқ, ҳеч қачон бўлмайди. Чунки эркинлик 100 фоиз ёки 20 фоиз бўлмайди. Эркинлик бу эркинлик. Агар эркинлик бўлса, бутун Интернет очиқ бўлсин, Fergananews.com, блоглар, Twitter очиқ бўлсин. Лекин очилмайдику. Шунинг учун бу эркинлик эмас.


Комилжон Ашуров – ўзбекистонлик журналист:

- Газета ва журналларда долзарб муаммоларни кўрмаяпмиз. Кейин Ўзбекистон ахборот воситаларида, масалан телевидениеда ҳам бу гаплар йўқ. Интернетга кирадиган Ўзбекистон фуқаролари эса жуда ҳам кўп эмасда. Ўзбекистон телевидениеси айтса, қандайдир анализлар бўлган тақдирда асосий аҳоли кўрадиган бўлса бошқа гап. Мен ўйлайманки, Интернетга кириб боқадиган аҳоли сони чекланган. Шунинг учун уларга рухсат берган.


Абдумалик Сармонов – қозоғистонлик журналист:

- Назаримда бўйинтуруқ бироз бўшатилган. Аввалгидан анча енгиллаштирилган. Фақат бу Интернет эркинлигини кўрсатадиган андоза эмас. Назаримда ҳали эркинлик стандартларига етиш учун бу сайтларга жудаям узоқ. Менинг билишимча, бугунги шароитда Ўзбекистон Интернет сайтларида муаммолар ёритилиши сиëсат, иқтисод билан қизиқадиган одамларда бошқа ахборот манбаларини излашдан кўра, Ўзбекистоннинг ўша сайтларидан маълумот олиш, ўқишга имконият яратиб бериш¸ деб ўйлаяпман.


************************************************

Муҳтарам муштарий, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзу хусусида фикр ва ахборот бермоқчи бўлсангиз¸ "Шарҳлар" тугмачасини босиб, мулоҳазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG